October 5, 2019

ЯНГИҚЎРҒОНДА «АДОЛАТ САЙЛИ»

Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар
  • Янгиқўрғон туманида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгаши ва партия вилоят кенгаши ҳамкорлигида «Адолат – ҳар бир инсон учун!» шиори остида «Адолат сайли» ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловларга тайёргарлик ишлари доирасида ташкил этилган мазкур тадбир «Адолат» социал-демократик партияси ҳам жойларда ўз ғоялари ва дастурларини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган сиёсий-ижтимоий, ҳуқуқий тарғибот ишлари сирасига киради.

Янгиқўрғон тумани марказидаги экопарк кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар ва ёшлар, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари билан гавжум бўлди.

«Адолат сайли»нинг биринчи қисмидан ўрин олган митингда сўзга чиққан Ўзбекистон «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раисининг ўринбосари А. Раҳмонов, партия вилоят кенгашининг раиси И. Жўраев, халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашидаги «Адолат» СДП гуруҳи раҳбари Д. Асқарова ва бошқалар жамият ҳаётидаги бошқа долзарб масалалар қатори суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида эътибор қаратилмасдан йиғилиб қолган муаммолар, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишини амалга оширишда партия олдида турган вазифалар ҳақида гапирдилар.

Акция давомида партия фаолиятига оид лавҳалар, «Ёш адолатчи» ва «Аёллар қаноти» вакилларининг чиқишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Юзма-юз мулоқотлар ва турли масалалар бўйича савол-жавоблар юртдошларимизда «Адолат» СДП ғояларига хайрихоҳлик тобора кучайиб бораётганлигини кўрсатди. Шу жараённинг ўзида жуда кўп ёшлар партия сафига қўшилиш истагини билдиришгани ҳам фикримиз далилидир.

Митинг шаклида ўтказилган акцияда бошқа бир қатор масалаларга ҳам кўпчиликнинг эътибори жалб этилди. Жумладан, келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшларнинг билимларни чуқур эгаллаши, турли йўналишлардаги туғма иқтидорини ривожлантириши, ақлан етук ва жисмонан соғлом шаклланиши учун зарур шароитлар яратиш, мавжуд имкониятларни янада кенгайтириш борасида партия фаоллари ва электорати олдида турган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

- Навқирон авлодни инсон омилига жиддий салбий таъсир қилувчи диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, «оммавий маданият» каби иллатлардан асраш бугун кенг жамоатчилик олдида турган долзарб вазифалардан биридир, - деди партия вилоят кенгаши раиси И. Жўраев - Шу нуқтаи назардан Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус биз учун катта аҳамиятга эга дастуриламалдир. Ёки жамиятда катта ташвиш туғдираётган коррупция масаласини олайлик. «Адолат» СДП бу борада илгари сураётган таклифлар амалга оширилса, келгуси беш йилликда ушбу иллатга нисбатан мутлақо тоқатсизлик вазиятини вужудга келтириш, аҳоли ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга эришилади. Бунинг учун ҳар бир кишида фаол фуқаролик позицияси шакллантирилиши ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Митингдан сўнг сайил шаклида давом этган тадбир санъаткорлар ва иқтидорли ёшлар ҳамда бадиий ҳаваскорлик жамоалари иштирокидаги концерт дастурлари билан халқчил ва мазмундор ўтди.

Акрамжон САТТОРОВ.