ПОКИСТОНДА НАМАНГАН САВДО УЙЛАРИ ОЧИЛАДИ, ПОПДА ЭСА ЙИРИК ЛОГИСТИКА МАРКАЗИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ
- Покистоннинг Карачи, Лаҳор, Пешовар ва Мултон шаҳарларида Наманган савдо уйлари очилади. Покистоннинг “Najeb Consultants Pvt” компанияси билан ҳамкорликда очиладиган бу савдо офисларида Наманган вилоятида ишлаб чиқарилган текстил ва бошқа енгил саноат маҳсулотлари ҳамда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотилади.
7 ноябрь куни вилоят ҳокимлигида ўтган учрашувда Наманган ҳокимлиги ҳамда “Najeb Consultants Pvt” компанияси ўртасида бу ҳақда келишув амалга оширилди.
Битимга вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва “Najeb Consultants Pvt” раҳбари Нажиб Мушрак Вохра имзо чекдилар.
“Ўзбекистон билан, Наманган билан ҳамкорлик қиламиз”, деган компаниялар кўп бўлиши мумкин, лекин биз бу ҳамкорликни амалда қилаётган компаниялардан биримиз, -деб қайд этди Нажиб Мушрак Вохра. - Афғонистон орқали Покистонга Ўзбекистон маҳсулотларини сотишни йўлга қўйганмиз. Узоқ йиллардан бери Покистоннинг асосий савдо ҳамкори бўлган Ҳиндистон билан бугунги кунда муносабатларимиз бироз таранглашган. Эрон билан санкциялар туфайли тижорат қилиш имконияти кам. Бундай вазиятда Ўзбекистон Покистонга катта ҳажмларда экспорт таклиф қилиш имконияти мавжуд. Буни амалга оширишда асосий роль ўйнамоқчимиз.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, ишбилармонга Покистон шаҳарларида очилаётган Наманган савдо уйлари билан бир қаторда вилоятнинг Поп туманида йирик логистика маркази ташкил этишни таклиф қилди. Бундай логистика маркази нафақат Наманган, балки водийнинг бошқа вилоятларидан ҳам маҳсулотларни йиғиш ва қадоқлаш учун қулайлик яратиши таъкидланди. Нажиб Мушрак Вохра томонидан бу таклиф ижобий қабул қилинди.
Учрашувда Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззақов ҳам иштирок этди.