October 8, 2019

АЛИМЕНТ 18 ЁШГА ҚАДАР ТЎЛАБ БЕРИЛДИ

Фото: kolomyia.today
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги қарори билан тасдиқланган «Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 9-бандида алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунга қадар ҳар қандай давр учун ва беш йилдан кам бўлмаган муддатга амалга ошириш кўрсатиб ўтилган.

Бюронинг Уйчи туман бўлими иш юритувида бўлган, фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг 2015 йил 13 апрелдаги ҳал қилув қарорига кўра, Шокир Бойдедаевдан ундирувчи Барно Юнусова фойдасига фарзанди учун вояга етгунга қадар ҳар ойда барча топган даромадидан ¼ қисм миқдорида алимент тўлаш белгиланган.

Фуқаро Ш.Бойдедаев ойма-ой алимент маблағларини тўлаб бормоқда. Бироқ, чеклов қўйилгани сабабли хорижга чиқолмай юрган эди. Айнан унинг бўлим давлат ижрочиларига йўллаган мурожаати бўйича олган тушунтиришлар ўз самарасини берди. Ундирувчи билан келишув тузилиб, ота бир йўла фарзанди учун вояга етгунчалик алиментни тўлашини билдирди. Мазкур мурожаат атрофлича кўриб чиқилиб, фуқаро Ш.Бойдедаев жами 38 миллион сўм миқдоридаги алимент пулини тўлаб берди ва жорий йилнинг 18 сентябрь куни ижро иши тамомланди.

Соҳибжон РАФИҚОВ,

МИБ вилоят бошқармаси катта инспектори.