МУРОДЖОН АҲМАДАЛИЕВ ЖАҲОН ЧЕМПИОНЛИК КАМАРИ УЧУН ҚАЧОН РИНГГА ЧИҚАДИ?
- Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев (7-0, 6 КО) 2019 йил сўнгига қадар бир йўла иккита жаҳон чемпионлик камари учун рингга чиқиши кутилмоқда. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар тарқатди.
Мазкур вазннинг WBA ва IBF йўналишлари чемпиони Даниэл Роман (27-2-1, 10 КО) менежерлари боксчи тез орада жароҳатидан халос бўлиб машғулотларга киришишини маълум қилган. Уларнинг қайд этишича, ҳеч ким жангдан қочиш баҳонасида бу жароҳатни ўйлаб топмаган. Романнинг промоутерлари 2019 йилнинг охирига қадар мазкур жангни ташкиллаштиришларига ишонмоқда.
Эслатиб ўтамиз, WBA Даниэл Роман олдига Муроджон Аҳмадалиевга қарши жаҳон чемпионлик камарининг мажбурий ҳимояси бўйича шарт қўйганди. Промоутерлик савдоларида “Мир бокса” ғолиб чиққан ва жанг 13 сентябрь куни бўлиб ўтиши лозим эди. Аммо тўқнашувга 10 кун қолганида Роман ўнг елкасидан жароҳат олганини айтиб жангга чиқа олмаслигини билдирган ва чемпионлик камари учун кураш бошқа муддатга сурилганди.