October 23, 2019

ЮРАГИДА ОЛОВ ЯШАР

  • У – оиладаги ўн фарзанднинг бешинчиси. Қариндош-уруғ, яқин авлод-аждодидан санъаткор, санъат соҳасининг билимдони чиқмаган. Отаси колхозда бригадир, онаси уй бекаси эди. Аммо ўта чевар-чечан, нозик таъб, гўзаллик шайдоси бўлган. Уларнинг ҳовлисида атиргуллар биринчи очилар, райҳонларнинг бўйи димоғларни ёргудай бўлиб, бутун маҳаллага таралар эди. Болалиги кенг ва сўлим гўшаларда ўтиб, онасидан ўтган гўзалликка ошиқлик қизнинг қалбида мусиқага муҳаббатга айланиб уйғонган бўлса эҳтимол.

Нортожихон опани – кўпчилик наманганликлар уни Тожихон дейишади – таниганимга ўттиз йилдан ошди. Ўша давр талабларига биноан ижтимоий-сиёсий тадбирларда бирга бўлгандик. Қадди баланд, ҳамиша кўзлари кулиб турган, истарали бу ёшгина аёлнинг серғайратлиги, ташкилотчилиги барчанинг ҳавасини келтирарди. Орадан шунча йиллар ўтди, тузумлар, қарашлар ўзгарди, фикрлар янгиланди. Аммо Тожихон опанинг феъл-атворидаги шижоат, шахд ва шиддат, одамийлик бобидаги назокат ошса ошдики, асло пасаймади. Йиллар уни етук раҳбар қилиб улғайтирди, меҳнат, интилиш, саъй-ҳаракатлар, ҳаловатдан воз кечишлар ютуқлар устига ютуқларни кўпайтираверди.

2004 йилда Тожихон опага «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони берилди. Ҳамкасбларимиздан бири чаққонлик қилиб у ҳақда мақола ёзиб келди. Чоп этилди. Ичимда ёзолмаганимдан доғда қолгандим: «Кейинги мукофот олганида албатта ўзим ёзаман!», - деб кўнглимга тугдим.

Ва, ниҳоят, аҳдим ушаладиган бўлди. Президентимиз фармонига биноан Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан Наманган ихтисослаштирилган санъат мактаби директори Нортожихон опа Юсупова «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Қандай зўр! Муносиб кўрилган юксак нишоннинг номи ҳам худди опанинг ўзидек ўта жонбоз, жонфидо эканлигини айтиб турибди-я!

Элда бирон жой, корхона, ташкилотнинг гуллаб-яшнаган йилларини бошқарган раҳбарига боғлаб «Фалончининг даврида...» дейишади. Авваллари санъат билим юрти, кейинчалик санъат коллежи, ўтган йилдан буён ихтисослаштирилган санъат мактаби номларида фаолият юритаётган мазкур мусиқа даргоҳининг оз эмас – 40 йили Тожихон опа тақдири билан уйғун. Салкам 28 йили эса директорлик лавозимида ўтаётир.

Мустақиллигимиз билан тенгдош ана шу йилларда санъат мактаби бетиним ўсди, улғайди. Моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Мамлакатимиздаги турдош ўқув даргоҳлари ўртасида ғолибликни қўлдан бермади. Айни пайтда 152 нафар мутахассис-педагог 600 га яқин ёш санъат ихлосмандига мусиқа ва санъатнинг ўнлаб йўналишларидан сабоқ бермоқда. Уларнинг тўрт нафари давлат мукофотлари соҳиби, ўндан ортиғи «Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими аълочиси».

Ихтисослаштирилган санъат мактабидан қатор «Ниҳол» Давлат мукофоти совриндорлари, кейинги икки йил ичида ўқувчилардан Шаҳноза Ёқубжонова билан Гулшодабегим Абдулҳамидовалар Зулфия номидаги Давлат мукофотини қўлга киритди. Уларнинг икковиси ҳам Ўзбекистон Давлат консерваториясига опера санъати бўйича ўқишга имтиёзли қабул қилиндилар. Операнинг оммавийлашаётганини ҳам мазкур мактаб мисолида кўрса бўлади.

Бу даргоҳда билим олиб, ҳар йили ўтадиган республика ва халқаро танловларда иштирок этиб, ғолиб бўладиган, консерватория ва бошқа олий ўқув юртларининг муддатидан аввал талабасига айланган ўқувчилар кўплигидан эса уларни санаб ўтишга имконимиз йўқ. Биргина жорий йил битирувчиларининг етмиш етти нафари, яъни 75 фоизи турли олий ўқув юртларининг талабалари бўлганининг ўзиёқ фикримизнинг исботидир.

«Санъатсиз турмуш – ваҳшийликдир», - деган экан донишмандлардан бири. Дарҳақиқат, халқимизни, ҳаётимизни санъатсиз, куй-қўшиқсиз тасаввур қилолмаймиз. Энг бахтиёр дамларимизда ҳам, ғам-қайғудан сиқилиб, дунё кўзимизга тор кўринганда ҳам чиройли, дилтортар оҳангларни соғинамиз, кўнгилларни сел қиладиган куй-қўшиқдан баҳра оламиз. Лойдан бино бўлган Одамга Аллоҳ томонидан жон бағишланаётганида найнинг садоси эшитилиб турган, деган ривоят эҳтимол, шунинг учун ҳам ҳақиқатдир. Эҳтимол, шунинг учун ҳам чин санъаткорлар, чин истеъдод эгалари ҳамиша эл ардоғида, эл меҳру муҳаббатида, давраларнинг тўридадирлар.

Вилоятимизда бирон бир тадбир йўқки, унда Тожихон опанинг кўп кишилик бадиий жамоаси иштирок этмасин. Ҳар қачон, ҳар жойда улар юрт хизматига камарбаста. Буни ўзлари учун шараф деб биладилар. «Наманган санъат мактабини энди бемалол олий мусиқа таълими берувчи институтга айлантирса бўлади», - дегувчилар сони тобора кўпаяётгани ҳам бу фикримизга далил бўла олади.

Ихтисослаштирилган санъат мактабининг иқтидорли ўқувчилари хорижий давлатларга ҳам бориб, санъатларини намойиш этишмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда Наврўз байрамини ўтказиш учун Бельгия, Голландия, Россияга, ёз ойида Сингапурга бориб келишди.

Бизга тарихни халқ, омма яратади, деб ўргатишган ва биз ҳам шунга ўргангандик. Лекин жамиятнинг, жамоанинг ривожида йўлбошчи-раҳбар – «кемабоши»нинг салоҳияти, ақлу заковати, уддабурролиги, етакчилик қобилияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга экан. Ҳар қандай вазиятда ҳам одамларини ортидан фақат олға интилтирадиган, уларни руҳлантирадиган, илҳомлантирадиган инсонгина жамоасининг муваффақиятини таъминлай олади. Бундай етакчилар довюрак, журъатли бўлганлари учун ғалаба доимо улар томонда.

- Биз ёшларимизга санъатнинг ўта нозиклигини, Худо берган истеъдодини ривожлантириш учун бетиним ўқиш, билим олиш кераклигини, саҳна муқаддас эканлигини, санъаткор маънавияти юксак бўлиши лозимлигини, касбига садоқатли устазода санъаткорлар йўлидан боришлигини, халққа чин дилдан хизмат қилсагина эҳтиромга сазовор бўлишини уқтирамиз, - дейди опа биз билан суҳбатда. - «Фидокорона хизматлари учун» орденига муносиб кўрилганимни эшитиб, рости, жуда қаттиқ ҳаяжонландим. Қутлаган қадрдонларимдан қувонч кўз ёшларимни яширолмадим. Бу «Нортожихон Юсупова»га эмас, менинг улкан жамоамга, ҳамкасбларимга берилган мукофот деб қабул қилдим. Президентимизнинг бу эътиборлари – сийловлари зиммамга янада катта масъулият юклайди. Янги зафарлар сари илҳомлантиради...

Қаҳрамонимиз аёл сифатида ҳам ибрат оладиган инсонлардан. Консерваторияда танишиб, турмуш қурган умрдоши, касбдоши Баҳодир ака билан шунча йиллардан бери бир жамоада меҳнат қилиб, аҳил-тотув ҳаёт кечиришади. Ҳамиша бир-бирларига елкадош ва кўмакдош. Қирқ йиллик шерикликдаги умрлари давомида уч фарзандни ўзларига муносиб этиб тарбиялаб, вояга етказиб, элга қўшдилар. Уларнинг иккиси – Зуҳрахон билан Ферузахон ота-она изидан бориб, мусиқа билимдонлари бўлишди. Шуҳратжон эса молия соҳасини танлади. Шириндан шакар етти набира орасидан келгусида яна издошлар чиқса ажаб эмас.

Айримлар раҳбар кишиларга билар-билмас осон тутадилар. «Уларга мазза-да, фақат буйруқ бериш билан овора. Ҳамма нарсаси муҳайё, тагида хизмат машинаси, қўлида фалонча ходими имо-ишорасига мунтазир...» - дея. Аммо бошлиқликнинг ўзига яраша бедорликлари, машаққатлари, жавобгарлиги борки, буни ҳам чидаганга чиқарган.

Аслида кўнгли тоза, мақсади ёруғ, нияти холис етакчи инсонларнинг ҳам бир бурда нон билан ярим коса овқатга қоринлари тўяди. Лекин улардаги истеъдод, юракларидаги олов хотиржам, фақат ўзларининг ҳаловатини ўйлаб сокингина яшашга йўл қўймайди. Ҳар тонгда қандайдир янги бир ғоя билан уйғониб, уни рўёбга чиқариш ишқи билан ёнаверадилар, изланаверадилар. Кўпчиликка нафлари тегмаган, бир ютуққа эришмаган кунларини умр ҳисобламайдилар. Вилоятимиз фидойи аёлларидан бири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳибаси Нортожихон опа Юсуповани ҳеч иккиланмасдан ана шундай тоифа инсонлар қаторига қўшсак янглишмаймиз. Биз устоз мураббия опамизнинг юракларидаги ғайрат-шижоат олови ҳамиша ловуллашда бардавом бўлишини тилаймиз. Зеро, бундай «оловли» инсонлар жамиятни, бутун Ўзбекистонни ҳаракатга келтирувчи, ғалаба чўққиларига олиб чиқувчи бахтли келажакнинг меъморларидир.

Рислиқхон МАЖНУНОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.