ОРТИҚЧА САРФ-ХАРАЖАТ МАРОСИМ САВОБИНИ ЙЎҚ ҚИЛАДИ
- Шариат таълимотларига мувофиқ ўтказиладиган маросимларнинг барчасида ижтимоий, ахлоқий ва диний фойдалар бордир. Ушбу маросимлар орқали бева-бечоралардан, дўсту ёрлардан, таниш-билиш, маҳалла-куй ва бошқалардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, ижтимоий алоқалар мустаҳкамланади.
Таом инсон ҳаётининг давом этиши учун зарурий ҳожат бўлиши билан бирга, уни бошқаларга тақдим қилиш, карам кўрсатишнинг белгиси ҳамдир. Исломда ўзгаларга таом тарқатиш савобли иш, баъзи хато ва гуноҳларнинг каффорати ҳам ҳисобланади. Бошқаларга таом бериш гоҳида фарз, гоҳида вожиб, гоҳида суннат, гоҳида мустаҳаб амалдир.
Мусулмон халқларда, жумладан, бизнинг халқимизда ҳам тўй ва маросимлар муносабати билан уламолар жамоатчиликка ваъз-насиҳат қилишган, уришганлар яраштирилган, беморлардан хабар олинган, кексалар зиёрат қилинган, уларга маросим таомларидан насибалар берилган.
Шу билан бирга, маросимларда шариат кўрсатган чегарадан чиқишнинг зарари бор. Мисол учун, ҳаром-ҳариш нарсаларни тановвул қилиш ва гуноҳ ишларни амалга ошириш, риёкорлик, кибр, манманлик ва исрофни аралаштириш, ортиқча сарф-харажат қилиб, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказиш ва ҳоказолар маросим савобини йўқ қилади.
Тўй ва маросимлар ҳақида уламоларимизнинг китобларида керакли маълумотлар тақдим қилинган. Маросим эгаси ўзи истаган кишиларни оғзаки ёки таклифнома воситасида таклиф қилади. Имкони борича кўпроқ тақводор, дуосидан умидворлик бор, қорни тўйса хурсанд бўладиган камбағал кишиларни, кўнгил яқинлар таклиф қилинади. Рўза тутиб келганларнинг рўзасини очиришга ҳаракат қилмайди.
Маросимда гуноҳ ишлар содир бўлиши аниқ бўлса, унга борилмайди. Бориш имконини топа олмаган киши таклиф учун ташаккур айтиб, эзгу дуолар қилади, бора олмаслиги учун узр айтади. Агар маросимга шахсан эмас, умумий тарзда таклиф қилинган бўлса, бориш-бормаслик таклиф қилинган одамнинг ихтиёрида. Таклиф қилинмаган шахсларнинг издиҳомларга боришлари мумкин эмас. Белгиланган вақтдан олдин бориш ёки кеч қолиш ҳам одобдан эмас. Меҳмонларни очиқ чеҳра билан, хурсанд ҳолда самимий кутиб олиш, муҳтарам кишиларга ва тортиниб турганларга алоҳида лутф билан муомала қилмоқ даркор. Лекин ҳаддан ортиқ такаллуф ҳам ўринли эмас. Меҳмон ўзига кўрсатилган жойга ўтиради. Мезбон ўзи таклиф қилмаса, тўрга ўтиши мумкин эмас. Меҳмон вожиб рўза тутмаган бўлса, таомдан ўзини олиб қочмайди, шошилмайди, ҳаммадан олдин таом тановвул қилишдан қўл тортмайди. Меҳмон ўзига ёққан одамга дастурхондаги таомдан олиб бермайди. Маросим таомидан уйига олиб кетилмайди. Бошқалар туриб кетгандан кейин ўтириб қолиш ҳам одобдан эмас.
Абдулҳамид МУСАЕВ,
Янгиқўрғон туманидаги «Дорус-салом» масжиди имом хатиби.