November 17, 2019
ЎЗБЕКИСТОН ЖУРНАЛИСТЛАРИ ИЖОДИЙ УЮШМАСИ ҲАМ ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМИ СЎЗЛАРИГА МУНОСАБАТ БИЛДИРДИ
- Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли аудио ва матнли ахборот кенг тарқалди. Агар унга ишониладиган бўлса, шаҳар ҳокими сўз эркинлиги ва журналистлар шаънига нисбатан, нафақат эгаллаб турган лавозимига, балки умуман инсонийликка тўғри келмайдиган сўзларни билдирган.
Журналистларимиз Уюшма томонидан “Телеграмм” каналида очилган “Ўзбекистон Журналистлари гуруҳи” саҳифасида ҳам ижтимоий тармоқларда Ж. Ортиқхўжаевга тегишли ана шу аудио ва матнли ахборот пайдо бўлган пайтдан бошлаб бундай муносабат маданиятсизлик экани ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.
Қўшимча қилиб шуни алоҳида таъкидлаймизки, Журналистлар уюшмаси тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу ҳолат юзасидан ўзларининг адолатли хулосаларини билдиришлари зарур, деб ҳисоблайди. Инсон шаъни, жумладан журналист шаъни ва ҳақ-ҳуқуқи ҳимояси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган ва унинг ҳар қандай бузилишлари қонуний баҳоланиши лозим.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
ЎзА