2020 ЙИЛ 1 МАРТДАН ЕР УЧАСТКАЛАРИ ҚАЙ ТАРТИБДА ХУСУСИЙЛАШТИРИЛАДИ?
- 2019 йил 13 августда Ўзбекистон Республикасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуни ва Президентимизнинг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Янги тартибга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва уларнинг мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколатлари халқ депутатлари кенгашларига бериладиган бўлди.
Ушбу қонуннинг мақсади жисмоний ва юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир. Қонуннинг муҳим жиҳати шундаки, у хусусийлаштириш субъектлари, объектлари ва тартибини, шунингдек, хусусийлаштирилган ерларни олиб қўйиш тартибини белгилайди. Янги механизм фақат Ўзбекистон резидентларига тааллуқлидир.
– Ер участкалари қай тартибда хусусийлаштирилади? – деган савол туғилиши мумкин.
Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича ариза ер участкаси жойлашган ердаги туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади. Ариза Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан ариза олинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида кўриб чиқилади. Комиссия ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофиқ ўз ижобий ёки салбий хулосасини беради ва бу хулоса ҳокимга ер участкасини хусусийлаштириш юзасидан тегишли қарор чиқариш учун асос бўлади.
Ер участкасини хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги қарор комиссиянинг салбий хулосаси тузилган кундан қабул қилинади. Рад этиш ҳақидаги қарор устидан маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин. Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор эса хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тўлов амалга оширилганидан сўнг 3 иш куни ичида қабул қилинади.
Мазкур қонун 2020 йил 1 мартдан кучга киради.
Зоҳиджон ЖАЛОЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Тўрақўрғон туман бўлими инспектори.