December 6, 2019

ЧИҚИНДИ КОНТЕЙНЕРЛАРИ НИМАГА КЕРАК?!

  • Ободонлаштириш ишларида аҳолининг амалдаги қоида-тартибларга риоя қилиши мақсадга мувофиқ бўлиши барчамизга аён. Айниқса, маиший чиқиндиларни белгиланган жойга ташлаш масаласида саранжом-саришта бўлиши бурчимиз ва виждон амримиз эканлигини унутишимиз яхши эмас. Фуқаролар орасида: «Чиқиндиларни олиб чиқиб кетилиши учун пул тўлайман, аммо чиқинди машинаси келмайди. Бу борада кимга мурожаат қилишим керак?» – деб сўрайдиганлар ҳам бор. Уларга ўз ўрнида зарур тушунча ва тавсияларни берамиз. Аммо чиқинди ташлаш учун барча зарур шароитларни муҳайё қилиб қўйилганига қарамай Наманган шаҳрининг «Навоий», «Бобуршоҳ» ва бошқа кўчаларидаги баъзи фуқаролар ҳар хил турдаги чиқиндиларни чиқинди контейнерига эмас, балки унинг шундоққина ёнига ташлаб кетишаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?!

Ноябрь ойида инспекциямиз ходимлари томонидан профилактик тадбирга асосан ўтказилган рейдлар давомида Наманган шаҳридаги С.Адашев кўчасида яшовчи И.Б, 4-Боғиэрам кўчасида яшовчи З.М, ва Тўрақўрғон кўчасида яшовчи Р.И. томонидан чиқиндиларни контейнерга эмас, унинг ёнига жойлаштирганликлари учун МЖтКнинг 91-моддаси билан жарима қўлланилиб, ундириб олинди. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Бироқ нима деб изоҳлашгаям ҳайронмизки, тартиббузар фуқаролар билан кечган суҳбатимиз давомида қуйидаги баҳоналарни рўкач қилишганини эшитдим:

- мен бунга чиқинди ташланишини билмасдим, эътибор бермабман;

- чиқиндини аравада олиб келгандим, ташлаш имкони йўқ эди, контейнерни ноқулай қўйгансизлар, ичига қандай ташлайман? «Лапотки» беринг ё бўлмасам ташлашга қулайроқ қилиб ўрнатмайсизларми?!;

- олиб келган чиқиндим оғир эди;

- барибир юклаб олиб кетишади-ку;

- контейнерга ташлашга бўйим етмади, мактабда ўқийман;

- контейнер ёнига чиқинди ташлаш ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди-ку.

Юқоридаги айтилган эътирозу «жавобларга» бизнинг муносабатимиз қуйидагича:

1. Аслида энг асосий сабаб - лоқайдлик.

2. Чиқиндини ҳафталаб йиғмасдан кунора ташлаб ўтинг; бу контейнерлар асосан кўп қаватли хонадонлар учун ўрнатилган. Аравадаги чиқинди эса ҳовлидан чиқади. Маҳаллага машина келганда, вақтида олиб чиқмагансиз.

3. Контейнерга енгил юклар олиб келинмайди, деб ёзилмаган.

4. Чойни аввал дастурхонга тўкиб, кейин пиёлангизга сидириб ичмайсиз-ку?! Сиз ташлаб кетган чиқиндиларни юкловчилар ҳам сизга ўхшаган одам.

5. Бўйи етадиган одам олиб келиши керак ёки атрофдагилардан ёрдам сўраш лозим.

6. Контейнерни ёни, атрофи чиқинди ташлаш учун белгиланмаган жой ҳисобланади.

Шу ўринда фуқароларни яна бир бора огоҳлантиришни лозим топдик. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 911-моддасида:

Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга - энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача, мансабдор шахсларга – уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса,

- фуқароларга - энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, деб белгилаб қўйилган.

Маҳмудхўжа САТИМХЎЖАЕВ,

вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

бўлим бошлиғи.

Баҳром АҲРОРОВ,

Наманган шаҳар инспекцияси давлат инспектори.