November 26, 2019

1 ДЕКАБРДАН ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БЎЛАДИ?

1. Кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатидаги дорилар айрим дорихоналардагина сотилади

2019 йил 1 декабрдан бошлаб кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дорилар фақат ижтимоий дорихоналар ҳамда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш фаолияти бўйича лицензияга эга бўлган дорихоналар томонидан сотилади (http://lex.uz/docs/4501278).

 

2. IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш пулли бўлади

Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмалар жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали пулли асосда рўйхатга олинади (http://lex.uz/docs/4517458).

 

3. Фаолиятнинг лицензияланадиган тури биттага кўпаяди

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолият учун лицензия олиш талаб этилади (http://lex.uz/docs/69124).

 

4. Грант маблағларини жалб қилишда қатнашган ходимлар рағбатлантирилади

2019 йил 1 декабрдан бошлаб: (http://lex.uz/docs/4550463)

- хорижий давлатлар ва ташкилотлар донорлар делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифларини ва уларнинг расмий шахслар билан учрашувларини ташкил этиш бўйича сўровларни Ташқи ишлар вазирлигига олдиндан юбориш муддати 30 иш кунидан 15 иш кунигача қисқартирилади;

- грант олувчилар томонидан банк ҳисобварақларидан кўчирмаларни, шунингдек, техник кўмак маблағлари тўғрисида ахборот ва идоравий ҳисоботни Молия вазирлигининг Ғазначилигига тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;

- грант олувчилар ҳар чоракда олинган ва ўзлаштирилган грантлар ҳамда амалга оширилаётган ташқи беғараз кўмак лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим этади;

- давлат органлари раҳбарлари грант маблағларини жалб қилишда бевосита қатнашган ходимларни меҳнатга ҳақ тўлаш минимал миқдорининг 15 бараваригача бир йўла мукофотлаш тарзидаги рағбатлантиришга ҳақли бўлади.

 

5. Фармацевтик инспекция ўтказиш бўйича низом кучга киради

Зарур амалиётлар (GxP) талабларига мувофиқлик юзасидан инспекциялар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради (http://lex.uz/docs/4520726).

 

6. Энергетика менежменти тизими жорий этилади

Айрим корхона ва ташкилотларда энергетика менежменти тизими халқаро стандартга (ISO 50001) мувофиқ босқичма-босқич жорий этилади.

Мазкур тизимда қуйидагилар назарда тутилади (http://lex.uz/docs/4486125):

- энергия истеъмоли самарадорлигини баҳолашнинг шаффофлиги ва холислиги, корхоналарнинг энергия сарфи ҳажмини пасайтириш, шунингдек, атмосферага чиқариладиган чиқиндиларни камайтириш;

- ресурсларни, биринчи навбатда молиявий маблағларни минимал даражада сарфлаб энергия истеъмолини бошқариш самарадорлигига эришиш;

- ишлаб чиқарилаётган маҳсулот, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш.

 

7. Тракторчи-машинист гувоҳномасининг янги намунаси берилади

2019 йил 1 декабрдан Тошкент шаҳрида, 2020 йил 1 мартдан бутун республикада тракторчи-машинист гувоҳномасининг, техник паспорт ва техник гувоҳноманинг янги намуналари берилади (http://lex.uz/docs/4294026).

 

8. Тренерлар ҳар 5 йилда аттестациядан ўтказилади

Республикада фаолият юритаётган тренерлар Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда унинг филиаллари базасида ҳар 5 йилда аттестациядан ўтказилади (http://lex.uz/pdfs/4600885).