САЙЛОВЛАРДА ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ИШТИРОКИ ЖАМИЯТДАГИ ФАОЛЛИКЛАРИНИ ЯНАДА ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
- – Парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда албатта, хотин-қизлар ҳам фаол иштирок этадилар. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, «Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини, Ўзбекистон эришаётган ютуқлардаги беқиёс ҳиссасини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди».
Демак, аёлларнинг жамиятда ижтимоий-сиёсий фаол бўлиши жуда муҳим.
Маълумки, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонунда депутатликка номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоизлик квота белгиланган бўлса-да, 2014 йилги парламент сайловларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 24 нафар, Олий Мажлис Сенатига 10 нафар, 1 минг 75 нафар хотин-қизлар эса халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайланган.
Бугунги кунда вакиллик органлари ва парламент депутатлари орасидаги хотин-қизлар улуши 15 фоизни ҳам ташкил этмайди.
Бу борадаги вазиятни яхшилаш учун аёллар манфаатларини ҳимояловчи йирик жамоат ташкилоти бўлмиш Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси юртимиздаги 5 та сиёсий партия билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатди. 6 мингга яқин салоҳиятли, фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захирасини шакллантирди. Уларни депутатликка ҳамда турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан Меморандум имзоланди. Шунга кўра, хотин-қизларнинг сиёсий ва профессионал билимларини ошириш, раҳбарлик кўникмаларини шакллантириш юзасидан ўқувлар ташкил этилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари учун 2019 йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш юзасидан йўл харитасини имзолашдан кўзланган мақсад - парламент депутатлигига номзодларни тайёрлаш ва 2019 йилги сайловларда хотин-қизлар томонидан номзод кўрсатилишини 50 фоизгача етказиш ҳамда депутатлар орасида уларнинг улушини 30 фоиздан кам бўлмаслигига эришишдир.
Бу борада Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг сиёсий партияларга Мурожаатнома билан чиқиши айни муддао бўлди. Мурожаатномада аҳолининг 51 фоизини аёллар ташкил этадиган мамлакатнинг йирик бир жамоат ташкилоти, 16 миллиондан ортиқ аёллар манфаатларини ўзида мужассам этган улкан бир тизим сифатида ҳар бир партиянинг аёлларни сиёсий жараёнга жалб этиш, сайловда номзодликка кўрсатиш борасидаги позицияси ва Сайловолди платформасини аёллар манфаати юзасидан қайта кўриб чиқишларини илтимос қилди.
Мурожаатномадаги «Аёл табиатан, хоҳ номзод, хоҳ сайловчи бўлсин, у ўз фуқаролик нуқтаи назарини намоён этмоқни маънавий-ҳуқуқий масъулият деб, ижтимоий-сиёсий фаолликка интилишни эса сайловга зўрма-зўраки чиқиш эмас, балки инсон қалбининг фахр-ли бир мажбурияти, деб қабул қила оладиган зотдир», деган сўзлар эришган ва дунё ҳамжамияти тан олаётган ютуқларимизда хотин-қизларимизнинг ҳиссасини ўзига хос тарзда эътироф этади.
Сезиш мумкинки, бу йилги сайловларда номзодлар орасида хотин-қизлар сони кескин ортмоқда. Бу юртимизда хотин-қизлар салоҳиятини янада ривожлантириш, етакчилик қобилиятини кучайтириш, сиёсатчи, раҳбар ва жамоат арбоблари сифатида ўзларини намоён қилишга имкон яратади. Шу билан бирга, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ахборот ва мафкуравий ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтиришда ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Саодатхон УСМАНОВА,
вилоят сайлов комиссияси раиси ўринбосари,
Наманган Давлат университети хотин-қизлар қўмитаси раиси.