ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИ ОЧИЛДИ
- Тантанали маросимда вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги раҳбарияти, кенг жамоатчилик вакиллари, устоз-муаллимлар, ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Ҳар қандай давлат равнақи, мамлакат тараққиётида бошқа кўплаб омиллар қатори барча соҳаларда етук кадрлар, интеллектуал салоҳият ҳал қилувчи роль ўйнайди. Кадр ва мутахассислар тайёрлашнинг замини эса мактабгача таълим, умумтаълим ва олий таълим тизими яратилади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таълим-тарбия соҳасининг барча бўғинларини тенг ривожлантириш, фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани мамлакатимизнинг ёруғ ва буюк келажаги, халқимизнинг саодатини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракати бежизга эмас. Кейинги уч йил мобайнида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар мактабгача таълим, умумтаълим ва олий таълим тизимини мазмунан ва сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига олиб чиқди.
Мамлакатимизда ташкил этилаётган Президент мактаблари янги авлод кадрларини тарбиялаш йўлидаги эзгу мақсад, изланиш, интилишлар самарасидир, - деди маросимда сўзга чиққан вилоят ҳокими Х.Бозоров. - Бундай ўқув даргоҳлари республикамиз таълим тизимида иқтидорли болаларни аниқлаш, уларни илғор педагогик технологиялар, инновацион ғояларни қўллаган ҳолда ўқитиш ва тарбиялаш соҳасида янги саҳифани очади ва мамлакатимиз интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Давлат бюджетидан 80 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфлаб барпо этилган кўркам ва муҳташам Президент мактабида иқтидорли ўғил-қизларнинг жаҳон таълим стандартлари асосида чуқур билим олиши, туғма интеллектуал қобилиятини ривожлантириши учун энг замонавий шарт-шароитлар, имкониятлар муҳайё этилди. 144 нафар ўқувчи таҳсил оладиган таълим маскани синфхоналари 16 та электрон доска, 36 та компьютер тўплами ва бошқа замонавий ахборот коммуникация воситалари билан таъминланган. Спорт зал ва бассейн, 6000 га яқин китоб фондига эга кутубхона ўқувчиларнинг жисмоний ва ақлий камолотига хизмат қилади.
Шунингдек, муҳташам иншоотда чет эллик мутахассислар учун 15 ўринли шинам ва замонавий меҳмонхона ҳам мавжуд.
Президент мактабида таълим жараёни ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилади. Таълим жараёнини самарали ва сифатли ташкил этилишига эришиш мақсадида Cambridge университети экспертлари билан ҳамкорликда ўқув режалар ва дастурлар ишлаб чиқилган.
Cambridge таклиф қилаётган ўқув дастурининг асосий афзаллиги шундаки, унда жаҳон меҳнат бозоридаги тенденциялардан келиб чиқиб, ўқувчиларда тегишли замонавий билим ва кўникмаларни шакллантиришга урғу берилган, - дейди Наманган Президент мактабининг ижрочи директори Абдурасул Пирназаров. - Шунинг ўзиёқ Президент мактаби жаҳон таълим жараёнларининг илғор усуллари ва тажрибаларини мужассам этганлигини намоён этади. Шунингдек, замонавийлик, ноанъанавий усуллар, инновацион ёндашув ва илғор анъаналар Президент мактаби фаолиятининг ўзига хос мезонлари саналади.
Наманган Президент мактабига юқори малакали хорижий мутахассисларни ишга ёллаш бўйича хизмат кўрсатувчи «Teachaway» (Канада) ва «TIC Recruitment» (Буюк Британия) рекрутинг компаниялари томонидан 11 нафар чет эллик юқори малакали мутахассислар танлов асосида ишга таклиф қилинди, бундан ташқари 20 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи жалб қилинди. Таълимда STEAM ёндашувига оид дарслик ва ўқув қўлланмалари Cambridge University Press, Oxford University Press ва Collins каби нуфузли нашриётлар томонидан олиб келинди.
Наманган Президент мактабида ўқиш учун вилоят бўйича саккиз минг нафарга яқин ўқувчи имтиҳон топширди ва шундан энг салоҳиятли, энг билимли, энг муносиб 144 нафари ушбу нуфузли мактаб ўқувчиси бўлиш бахтига мушарраф бўлди.
- Минглаб тенгдошларим ўртасидаги синовлардан ўтиб, шундай мактаб ўқувчиси бўлишни қаттиқ орзу қилгандим, орзуим ушалди, - дейди Сарвиноз Ҳабибуллаева. – Лекин бу орзуларимнинг остонаси эканлигини, энди янада астойдил ўқиб, ота-онам, Президентмиз орзу қилган кучли, билимли инсон бўлиб улғайишим кераклигини яхши ҳис қиламан.
Наманган Президент мактабининг биринчи қўнғироғи жаранглаб, илк ўқувчиларни синфхоналарига чорлади. Маросим иштирокчилари мактаб фаолияти билан танишиб, ўқув жараёнларини кузатдилар.
Тантанада Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев, Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Сарвар Бабаходжаев сўзга чиқди.
Президентимиз таъкидлаганидек, Президент мактаблари жонажон Ўзбекистонимизнинг эртанги тақдирини ўз қўлига олишга, глобаллашув даврида кескин беллашув ва рақобатларда ғолиб бўлишга қодир шахсларни – янги Хоразмийлар, Фарғонийлар, Берунийлар, Улуғбекларни тарбиялаб етиштиради.
Акрамжон САТТОРОВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.