ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМИНИНГ ЖУРНАЛИСТЛАРГА НИСБАТАН БИЛДИРГАН СЎЗЛАРИ КЕНГ ЖАМОАТЧИЛИК ТОМОНИДАН ҚОРАЛАНМОҚДА
- Жорий йил 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқлар ва интернет ОАВда Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга тегишли экани айтилаётган, журналист ва блогерлар шаънига ўта кескин фикрлар билдирилган, шарманда қилиш, ҳатто жисмонан йўқ қилиш билан таҳдид қилинган аудиоёзув тарқалди.
Бу ҳолат мамлакатимиздаги барча ОАВ вакиллари, блогерлар ва кенг жамоатчиликнинг норозилиги ва танқидига сабаб бўлди.
Ушбу вазият юзасидан давлат ва нодавлат ташкилотлар ва депутатлар ўз муносабатларини эълон қилишмоқда.
Жумладан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Ҳикматилла Убайдуллаевнинг баёнотида шундай фикрлар берилган:
- “Шуни маълум қиламанки, биз вазиятдан хабардормиз ва бу борада тегишли чоралар кўрилмоқда. Тўпланган барча маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага мурожаат хати юборилади ва уларнинг хулосалари асосида муаяйн тўхтамга келинади.
Ишонамизки, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун масъул бўлган мазкур давлат органлари томонидан ушбу масалага муносиб ҳуқуқий баҳо берилади“.
Шунингдек, матнда журналист ва блогерлардан вазиятга ҳуқуқий баҳо берилгунга қадар ҳиссиётларга берилмаслик, шошма-шошарлик билан хулоса чиқармаслик сўралган ва ким томонидан эканидан қатъи назар, тўртинчи ҳокимият — журналистлар ҳақида айтилган бундай фикрлар ўта ёқимсиз ҳолат ва бунга жим қараб туриш мумкин эмаслиги, бу — давлат сиёсати ва жамиятда ўрнатилган қоидаларга мутлақо зидлиги алоҳида қайд этилган.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати ҳам ўз баёнотини эълон қилди. Унга кўра, партия Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ижтимоий тармоқларда тарқаган журналистлар ҳақидаги ҳақоратли сўзлари ва таҳдидини инсон ҳуқуқлари ва унинг шаъни, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисоблайди.
Матнда, “Нега баъзи мансабдорлар ўз фаолиятида ОАВга суянишнинг ўрнига беписандлик билан ёндашмоқда?“, “Нима сабабдан аввалги баъзи мутасаддиларнинг “хурмача” қилиқларидан пойтахт ҳокими Ж.Ортиқхўжаев тўғри сабоқ чиқармади?“, “ Ҳокимнинг оғзидан янграган сўзлар нафақат журналист ёки блогер, балки эшитган ҳар бир қулоқ учун оғир ботади. Инсон ҳуқуқлари устувор жамиятда бу ҳолатни қандай ҳазм қилиш мумкин?“, қабилидаги саволлар ўртага ташланган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга нисбатан қонунда белгиланган тартибда қатъий чора кўрилиши сўралган.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ахборот хизмати баёнотида ҳам давлатимиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар зудлик билан ушбу аудиоёзув бўйича суриштирув ишларини олиб бориши, воқеа қачон, қаерда, кимлар билан содир бўлганини аниқланиши ҳамда қонунда белгиланган тартибда бошқа чораларни кўриши зарурлиги қайд этилган.
“Аудиоёзувдаги ҳолат ҳақиқатда рўй берган бўлса, демократик ислоҳотларнинг энг муҳим шарти – сўз ва фикр эркинлигига, журналистларга очиқдан-очиқ таҳдид қилиш, “менга ҳамма нарса мумкин”, деб ўйлаш, аввало, халқ ва давлатни менсимаслик, деб баҳоланиши керак“, дейилади ХДП баёнотида.
ЎзА