November 15, 2019

САЛКАМ 17,5 МЛН. СЎМ ҚАРЗДОРЛИК ҲОМИЙЛАР ТОМОНИДАН ТЎЛАБ БЕРИЛДИ

  • Нозимжон Дўстматов Мингбулоқ тумани Ойбек номли маҳаллада истиқомат қилади. Куни кеча унинг хонадонига ҳудудга бириктирилган давлат инспектори ҳамда “Ифтихор Заҳро” фермер хўжалиги раҳбари билан бордик.

Боиси, ушбу оила камхарж ҳисобланиб, фойдаланилган электр энергиясидан салкам 5,5 млн. сўм қарздорлиги бор эди. Бундан ташқари, талабнома шартларини бажармагани учун тармоқдан узилган ва қайта улаш учун 446 минг сўм тўлаши лозим эди. Айнан мажбурий ижро бюроси ташаббуси билан саховатпеша инсонлар ёрдамида мана шундай оилаларга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан ушбу хонадон ҳам бебаҳра қолмади. Оиланинг қайта улов ҳамда электр энергиясидан бўлган қарздорлиги тўлиқ тўлаб берилди. Бу ташриф уларни беҳад хурсанд қилди.

- Мана шундай саховатли кишилар бор экан биз эътибордан четда эмасмиз, - дейди Нозимжон Дўсматов. - Уларнинг оиламизга кўрсатган ғамхўрлиги учун миннатдорчилик билдирамиз.

Бюронинг тумани бўлими ташаббуси билан ҳар бир маҳаллада мана шундай тадбирлар давом этмоқда. Хусусан, “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи Муроджон Отажоновнинг ҳам салкам 6,5 млн. сўм қарздорлиги ва қайта улов учун ҳисобланган 446 минг сўм “Қумлоқ олтин балиғи” фермер хўжалиги томонидан тўлаб берилди.

Бюронинг Мингбулоқ туман бўлими томонидан ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи кам таъминланган, эҳтиёжманд оиларнинг рўйхати олинди. Уларнинг қарздорликларини бартараф этиш бўйича “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими билан ҳудудларда яшовчи фермер хўжаликлари, тадбиркорлар иштирокида учрашувлар ташкил этдик. Айнан Бюро ташаббусини қўллаб-қувватловчи фуқароларнинг кўплиги бизни хурсанд қилди. Биргина 30 октябрь кунининг ўзида 7 нафар фуқаронинг салкам 17,5 млн. сўм қарздорлиги тўлаб берилди.

Жаҳонгир РАҲИМОВ,

МИБ Мингбулоқ туман бўлими бошлиғи