November 23, 2019
ҲАБИБ НУРМАГОМЕДОВ ЎЗБЕКИСТОНДА СПОРТ МАКТАБИ ОЧМОҚЧИ
- Маълумки, 20 ноябрь куни енгил вазнда UFC мутлақ жаҳон чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов Тошкентга келган эди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, спортчи куни кеча Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлди ва талабалар билан суҳбатлашди.
Талабаларнинг "Агар спортчи бўлмаганингизда қайси касбни эгаллардингиз?", деган саволига чемпион “Спортчи бўлмаганимда, балки помидор сотувчи ёки уни етиштирувчи бўлган бўлардим” деб жавоб қайтарди. Ҳабибнинг жавобидан залда кулгу кўтарилди.
"Қайси касбни эгаллашимдан қатъий назар тўхтамай меҳнат қилардим. Ҳозиргача эришган ютуқларимнинг барчаси ана шу машаққат натижаси, деб ўйлайман. Инсон меҳнатдан қочмаслиги, ўз устида тинмай ишлаши лозим", - деб қўшимча қилди у.
У, шунингдек, келгусида ўз мактабини яратиш орзуси, Ўзбекистонда ҳам ўз спорт йўналишида даргоҳ ташкил қилиш режаси борлиги ҳақида гапирди.
Тадбир сўнггида спортчи энг яхши савол эгаларига эсдалик совғалари улашди.