November 29, 2019

ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТИЗИМИДАГИ УЗИЛИШЛАР ВА НОСОЗЛИКЛАР БЎЙИЧА ИЗОҲ

  • Электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши (ёзда жазирама иссиқ мавсумидаги ёки қаҳратон қиш мавсумидаги совуқ об-ҳавода) кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолмоқда, дея электр энергияси тизимидаги узилишларга Ўзбекистон Энергетика вазирлиги изоҳ берди.

Маълумотда техника фанлари номзоди Эсо Садуллаев томонидан баён қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тасарруфида фаолият юритаётган электр энергияси тизимига қуйидаги: 1) электр энергияси ишлаб чиқарадиган станциялар (“Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва “Ўзбекгидроэнергия” АЖ), 2) уларни узатиш учун юқори кучланишли магистраль тармоқлари (“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ), 3) электр энергиясини тақсимлаш тармоқлари (“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ) ва ниҳоят 4) электр энергияси истеъмолчилари киради.

Бундай тизимнинг асосий мақсади истеъмолчиларни сифатли ва ишончли электр энергияси билан узлуксиз таъминлашдир. Бунда асосий мезонлардан бири электр энергияси нархини техник ва иқтисодий талаблардан келиб чиққан ҳолда максимал камайтиришдир.

Мазкур тизимнинг бошқа ишлаб чиқариш соҳа ва йўналишларда фарқи ҳамда ўзига хос хусусияти шундаки, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш — бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши лозим бўлган ягона технологик жараён бўлиб, ҳар лаҳзада улар ўртасида тенглик (мувозанат) ўрнатиш ниҳоятда муҳим вазифа. Соҳанинг ушбу жиҳати бутун дунё электр энергия тизимларига хос хусусиятдир.

Электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши (ёзда жазирама иссиқ мавсумидаги ёки қаҳратон қиш мавсумидаги совуқ об-ҳавода) кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолмоқда. Бунда катта аварияларни ва бутун мамлакатда ҳамма истеъмолчиларни ўчишини олдини олиш учун электр энергияси таъминотида чекловлар жорий этилишига мажбуран олиб келади. Диспетчерлик маркази томонидан энерготизимда мувозанат сақлаш жараёни ўз вақтида таъминламаса, тизимдаги “зўриқиш” турли йирик аварияларга сабаб бўлиб, катта-катта ҳудудларда узоқ вақт электр энергия бўлмаслигига сабаб бўлади. 

Электр энергия таъминоти тизимидаги номутаносиблик ҳамда юқори истеъмол туфайли содир бўладиган аварияларнинг типик сабаблари қуйидагича бўлиши мумкин: 

● ишлаб чиқарувчи қувватининг пасайиши ёки энергия тизимида истеъмолнинг кўпайиши, яъни истеъмолчи юкламасининг ортиши туфайли электр токи частотасининг кескин пасайиши. Частотани 46-47 Гц га тушиши (нормал частота 50 Гц) кучланишнинг кескин пасайиши билан бирга содир бўлади, бунинг натижасида авария (нонормал) ҳолатида ишлаётган жиҳоз ва ускуналар носоз ҳолга келади; 

● электр энергия тизимининг асосий тугунларида (автотрансформаторларда) кучланиш даражасининг пасайиши туфайли генератор ва синхрон компенсаторлар фаолиятида реактив қувват юкламасининг етишмаслиги (ёки ҳаддан ташқари юкланиши), генератор ва синхрон компенсаторларнинг актив ва реактив кучлари нотўғри тақсимланиши, электр энергияси истеъмолчиларининг тармоққа ҳаддан ташқари кўп уланиши, энергоузелларда қувват оқимлари кўпайиши; 

● энергия истеъмолининг интенсив ўсиши туфайли тизимлараро транзит қуввати ошиши туфайли энергия тизимининг айрим қисмларини генераторларида асинхрон режим пайдо бўлиши; 

● тармоқлараро тизим ва тармоқ ичидаги транзит электр узатиш линиялари ва ускуналарида қувват оқимларининг максимал қийматидан ошиб кетиши ва энерготизимда пайдо бўладиган бошқа беқарорликлар туфайли йирик авариялар содир бўлишидир.

Маълумот берилишича, Ҳукуматимиз томонидан электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳоли ва юридик истеъмолчиларини электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва келгусида мавсумий истеъмол ҳажмини олдиндан аниқлаш имкониятини яратади.

Агар истеъмолчилар электр энергия тизимидаги барча ресурслардан оқилона фойдаланмаса ва бу орқали энерготизимда мувозанат таъминланмаса, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ташкилотларининг диспетчерлари ўз фаолиятидаги тартибга мувофиқ чекловлар ўрнатади. Агар бу мувозанат ҳудудий назоратчилар томонидан амалга оширилмаса, яъни маълум жадвалга асосан чекловлар ўрнатиш орқали мувозанат сақлай олинмаса ёки улар томонидан марказий диспетчерлик бошқаруви кўрсатмаларига амал қилинмаса, энерготизим хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан юқори кучланишли электр линиялари тармоқдан вақтинча узиб қўйилади. Аниқроғи, бундай амалиёт қўлланилишига мажбур бўлинади. Агар ҳудудий диспетчерлар маълум жадвал тартибига асосан, тегишли техник-муҳандислик қоидаларига биноан паст кучланишли электр тармоқларида энерготизим балансини таъминласа (0,4 кВ, 6-10 кВ), марказий диспетчерлик бошқарувида фавқулодда қарор қабул қилинишига ҳожат бўлмайди. 

Белгиланган чекловлар ҳудудий электр тармоқлари томонидан бажарилмаган тақдирда тизимдаги йирик аварияларнинг олдини олиш учун (35 кВ ва 110 кВ) “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ таркибидаги Миллий диспетчерлик маркази томонидан катта ҳудудлар электр таъминотидан узиб қўйилади. Бу амалиёт ҳукумат томонидан тасдиқланган электр энергия хавфсизлиги қоидаларига биноан амалга оширилади. Натижада, йирик талафот келтириши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар ҳамда жиддий иқтисодий зарарларнинг олди олинади.

Демак, чеклов киритилиши, энергобалансни зудлик билан тиклаш ва тармоққа уланган истеъмолчиларни талабини қондириш учун қўшимча қувватларни ишга тушириш учун зарур бўлади. 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, электр энергия тизими узоқ муддатли комплекс ривожланиши, барча турдаги таъмирлаш ишлари ўз вақтида, сифатли бажарилиши зарур. Ёзги мавсумнинг юқори даража истеъмоли ҳамда куз-қиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш учун барча зарур чоралар кўрилиши талаб этилади. Кундалик диспетчерлик бошқаруви истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан таъминлаш тизимида ўзига хос назоратчи вазифасини ўтамоғи лозим. Юқори истеъмол даражаси пайдо бўлиб, ускуналарда ҳаддан зиёд юкланиш пайдо бўлиши оқибатида тизимнинг ишдан чиқиш хавфи вужудга келса, истеъмолчилар кичик бир қисмини таъминотдан узиш орқали кўпсонли истеъмолчиларнинг таъминоти таъминланиши — ўша назоратчилар зиммасидаги муҳим вазифа. 

Истеъмолчиларнинг маълум тўлов эвазига электр энергиясидан фойдаланиш ҳуқуқидан ташқари энергиятежамкорлик ва энергия-самарадорлик масаласида маълум мажбуриятлари ҳам бор. Айнан шу нарса истеъмолчилар томонидан унутиб қўйилмоқда. Тежамкорлик ва самарадорлик истеъмолчининг экотизимга кўрсатаётган саъй-ҳаракатидан ташқари ўзи учун иқтисодий манфаат эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Аммо беҳуда сарфланадиган энергия кони зарар: кеч тушгандан эрталабгача ҳовлидаги бир нечта чироқ ёниқ туради, кўп қаватли биноларнинг кириш қисмида ҳам нечта ёриткич бўлса, барчаси ёқилган туради. Фойдаланилмаган пайтларда ҳам телевизор, радио, компьютер, батарея қувватлагич ва бошқа электр жиҳозларини истеъмолга уланган ҳолда қолдирамиз.

Энергия тежамкор бўлмаган электр жиҳозларидан фойдаланиш ҳамда эскирган технологиялардан фойдаланиш оқибатида иқтисодиётимизга зарар келтирамиз. Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш, аниқроғи уни ўғирлаш орқали истеъмолни бошқариш ва назорат қилиш тизимидан ташқари қанча-қанча электр энергияси сарф қилинади. Натижада истеъмол асоссиз равишда ошади, қувват блоклари, магистрал ҳаво линиялари, трансформатор подстанциялари ва электр узатиш тармоқларининг ортиқча юкланиши кузатилади. Бу, ўз навбатида, тизимдаги аварияларнинг пайдо бўлиши учун зарур шарт-шароит яратиши турган гап. 

Бундай исрофгарчилик, ортиқча ҳаражат ва меҳнатни камайтиришнинг ягона йўли шу — истеъмол маданияти даражасини юксалтириш, энергия тежамкорлиги ва самарадорлигига боғлиқ амалиёт ва тушунчаларни кундалик ҳаётимизга олиб кириш. Бу ҳақда кўп ва хўп гапириш, жамоатчилик эътиборини тортиш, давлат томонидан тегишли қарор ва мажбуриятларни жорий этиш бугунги кун талабидир.

ЎзА