ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДА ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРЛАР КЕНГАШИНИ ТУЗИШ ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимиздаги инвестиция муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларига ва бошқа муҳим соҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни кенгайтириш, илғор халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда сифатли инвестиция жараёнларини ташкил этиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 августдаги “Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3900-сон қарорига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш) тузилсин.
2. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
илғор жаҳон тажрибаси ва амалиётларига таянган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига мамлакатни инвестициявий, саноат-технологик ва инновацион ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳатлар бериш;
қулай инвестиция муҳитини шакллантиришда, маҳаллий ҳамда хорижий тадбиркорларни иқтисодиётнинг устувор тармоқлари ва ҳудудларга рақобатбардош экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналарни ташкил этиш мақсадида сармоя киритишларини рағбатлантиришнинг самарали механизмларини шакллантиришда бевосита иштирок этиш, шунингдек, инвестицияларни, энг аввало тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилишга ва ўзаро манфаатли савдони ривожлантиришга кўмаклашиш;
давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг хорижий компаниялар, банклар, инвестиция ва бошқа тузилмалар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини таъминлаш;
инвестицияларни жалб қилиш ва инвесторларнинг, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг фаоллигига тўсқинлик қилувчи асосий омилларни аниқлаш ва таҳлил қилиш, республикада қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини сақлаб туришни таъминлаш;
давлат органлари, Ўзбекистон Республикасида фаолият юритувчи халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий компаниялар, банклар, инвестициявий ва бошқа тузилмаларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билан инвестиция жараёнларига тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этишга қаратилган самарали таклифларни ишлаб чиқиш;
экспортни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга, савдо инфратузилмасини, электрон тижорат тизимини изчил ривожлантиришга, маҳаллий товарлар ва хизматларни ташқи бозорларга олиб чиқиш учун қулай шароитлар яратишга, самарали транспорт йўлаклари, замонавий логистика занжирини шакллантиришга кўмаклашиш;
маҳсулот сифатини бошқаришнинг замонавий тизимларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш, маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро стандартлар ва техник регламентларга мувофиқлигини таъминлашнинг босқичма-босқич чораларини кўриш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, илғор ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш жараёнларига ижобий хорижий тажрибани жорий этиш;
Ўзбекистон Республикасида инвестициявий фаолиятни тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ва тавсиялар тайёрлаш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро имижини, халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича устувор йўналишларни аниқлаш ва самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат органи ҳисобланади;
Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикасида инвестиция ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган хорижий компаниялар, банклар, инвестициявий ва бошқа тузилмалар, халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, шу жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, бошқа иштирокчилар орасидан белгиланган тартибда шакллантирилади;
Кенгаш ўз фаолиятини оралиқ ва ялпи мажлислар шаклида юритади. Кенгаш ялпи мажлислари йилда бир марта, оралиқ мажлислари – йилда камида икки марта ўтказилади;
Кенгашнинг ялпи мажлисларини ўтказиш билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан, оралиқ мажлисларни ўтказиш билан боғлиқ масалалар эса Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади;
Кенгаш аъзоларининг мажлисларга келиш ва уларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатлари Кенгаш аъзоларининг ўз маблағлари ҳисобидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг Ўзбекистон томони таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган Кенгаш аъзолари, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 13 ноябрь