НАМАНГАН ШАҲРИДА ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ХАЙРУЛЛО БОЗОРОВНИНГ САЙЁР ҚАБУЛИ ЎТКАЗИЛДИ
- Наманган шаҳридаги 3-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг сайёр қабули бўлиб ўтди. Уч соатдан ортиқ давом этган қабул чоғида юздан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди.
Бандлик, тадбиркорлик, уй-жой, моддий ёрдам, коммунал хизмат, тиббий хизматлар масалаларида қилинган мурожаатларнинг кўпи жойида ҳал этилди. Қонунчиликда белгиланган муддатларда ўрганилиши лозим бўлганлар чора кўриш учун тегишли ташкилот ва идораларга юборилиб, назоратга олинди. Шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга доир масалалар ҳам жойида соҳа мутасаддиларига йўналтирилди.
Қабулга Уйчи тумани, Ёрқўрғон қишлоғидан келган фуқаро Матлуба Мирзараҳмонова вилоят раҳбарига турмуш ўртоғининг саломатлигини тиклаш борасида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Қуймич суяклари емирилишидан азият чекаётган беморнинг мураккаб операцияси учун 30 млн. сўм миқдорида маблағ топиш масаласи ҳал этиладиган бўлди. Шунингдек, уни гуруҳ ногирони сифатида рўйхатга олиш масаласи ҳам ечим топади.
- Турмуш ўртоғим бир йилдан бери шу дард билан азият чекардилар. Охирги пайтларда қўлтиқтаёқ билан юрадиган бўлиб қолдилар. Бугунги қабул бизнинг муаммомизга барҳам берди, деган умиддаман. Вилоятимиз раҳбарларига раҳматимни айтаман, - дейди Матлуба Мирзараҳмонова.
Қишнинг қировли кунлари эшик қоқмоқда. Бу паллада газ таъминоти бўйича мурожаатлар кўпайиши табиий. Айнан шу масалада мурожаат қилиб келган Даштбоғ маҳалласи фуқаролари арзи ҳам тегишли тартибда ижрога қаратилди.
Шунингдек, қабул чоғида «Мен моддий ёрдам сўрамоқчи эмасман, агар битта тикув машинам бўлса, мен ўзим рўзғорга етарли пул топа олардим» деб мурожаат қилган Мажнунтол МФЙда яшовчи фуқаро Насиба Худойбердиева ҳам мулоқотдан хурсанд ҳолда уйига қайтди. Унга ҳомийлик ёрдами сифатида тикув машинаси олиб бериладиган бўлди.
Қабулда вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов, Наманган шаҳри ҳокими Шавкат Абдураззоқов, вилоят ва шаҳар бошқармалари, корхона-ташкилотлари раҳбарлари иштирок этдилар.