October 19, 2019

ВИЛОЯТИМИЗДАГИ АГРОКЛАСТЕРЛАРНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ БЎЛЯПТИМИ?

  • Жорий йилнининг 6 сентябрь куни Президентимиз ҳузурида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинган ишлаб чиқилаётган қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси, унда белгилаб берилган еттита устувор йўналишлар борасидаги долзарб мавзу бугун вилоятда ҳам кенг муҳокама қилиниб, унинг ижросини таъминлаш борасида кечиктириб бўлмайдиган зарур чора-тадбирлар белгиланмоқда. Бу борада вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Тоҳиржон Рапиқов қуйидагиларни сўзлаб берди.

Отам ҳам бир умр ер билан тиллашиб, диллашиб кам бўлмади. Ҳар қаричи тиллога тенг саҳоватли она заминимиз ҳақида ҳикоятларни қулоғимизга қуявериб, унга меҳр уйғотди. Ҳақиқатдан ҳам инсон улғайиб, дунёни таниб боргани сайин ўз юртини, киндик қони томган она заминни бошқа жойларга қиёслай бошлар экан. Мен ҳам шу ёшимда кўплаб хорижий мамлакатларда бўлдим. Бир нарсага амин бўлдимки, Президентимиз кўп бор таъкидлаганларидек, ҳақиқатдан ҳам Яратган Эгам бизга ҳар қаричи олтинга тенг бу саҳоватли маконда меҳнат қилиш, ризқ-рўз яратиш, бахтли-саодатли умргузаронлик қилишдек улуғ неъматни муяссар қўрган.

Аммо тан олишимиз керакки, Президентимиз ҳузуридаги йиғилишда таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги ерларидан, сувдан, ахборт технологиялардан кенг фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги статикасини тўлиқ рақамлаштириш масалаларида амалга ошираётган ишларимиз замон талаби даражасида деб бўлмайди. Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги экспорт салоҳиятини ошириш, қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш соҳасида рақобат муҳитини шакллантириш, илм-фанга асосланган ҳолда ривожланиш салоҳиятини юксалтириш, замонавий илмларни пухта эгаллаган кадрлар масаласини ҳал этиш борасидаги қатор долзарб масалалар бугун биздан ечимини кутмоқда.

Халқимизда «Ер – хазина, сув – гавҳар» деган нақл бекорга айтилмаган. Қайси замонда ерга меҳр бериб, ундан, сувдан унумли, тежаб-тергаб фойдаланилган бўлса ўша юрт обод, бозор ва дастурхони тўкин, одамлари фаровон яшайди. Шундай экан, биз ҳам бунданда яхши ҳаёт кечиришимиз учун энг аввало ерга, сувга, меҳнатга, янгиликларга бўлган муносабатимизни тубдан ўзгартиришимиз зарур. Факт ва рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, вилоятимзда 252,0 минг гектар суғориладиган ер бўлиб, унинг 63,4 минг гектарини пахтазор, 75, 0 минг гектарини ғаллазор, 31, 9 минг гектарини аҳоли томорқалари , 81,7 минг гектарини бошқа экинзорлар ташкил этади.

2019 йил суғориш мавсуми учун 2 млрд. 284 млн. кубометр сув лимити ажратилган. Аммо сув ресурсларининг 95 фоизи Норин ва Қорадарёлардан ҳосил бўлувчи Сирдарё ва кичик сойлар, сунъий каналлар, насос станциялари орқали катта сарф ва ҳаражат, минг бир машаққат эвазига етказиб берилади. Шунинг учун ҳам сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун:

Суғоришда назоратни кучайтириш, тартиб-интизомга риоя қилиш, суғоришни қуйидан бошлаш, эгат оралатиб суғориш, ўқариқлар оралиғини 50-60 метрдан оширмаслик, шарбат усулида суғориш, перов чиқармасдан сув қўйиш, такрорий экинлар, боғ ораларига сувни кўп талаб қилмайдиган экинларни жойлаштирмаслик чора-тадбирларини кўряпмиз. Шунга қарамасдан, Нориндарёдан ва унга уланган ирригация тизмларидан бевосита сув ичадиган Учқўрғон, Уйчи, Наманган, Норин, Мингбулоқ, Поп, Тўрақўрғон туманлари мавсум давомида юз берадиган сувни сунъий тебранишлари туфайли қатор қийинчилик ва ҳосил йўқотиш ҳолатларига дуч келишмоқда. Электр энергиясидаги узилишлар сабаб қатор каскад насос станциялари 4-8 соатлаб ишламай туриши ҳолатлари юз бераётир.

Йиғилишда таъкидланганидек, жаҳон сув ресурслари институти таҳлилларига кўра 2040 йилга бориб, Ўзбекистон сув ўта танқис бўлган 33 та мамлакат қаторига кириши мумкин экан. Қолаверса, бугун мамлакатимиздаги мавжуд экин майдонларига йўналтирилган миллиардлаб куб метр сувнинг 40 фоизи суғориш жарёнида исроф қилинаётганлигини назарда тутадиган бўлсак, Европанинг илғор мамлакатларида аллақачон фойдаланиш коэффициенти 80-85 фоизга етган томчилатиб суғориш технологиясини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш фурсати етди. Бу борада 2019 йилда ҳам муайян ишларни амалга оширишга муваффақ бўлдик. Мингбулоқ, Косонсой, Наманган, Норин, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон, Чуст, Янгиқўрғон туманларидаги пахтачилик ва боғдорчилик фермер хўжаликларига қарашли 1296 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими жорий этиш режалаштирилган бўлиб, шу кунгача 859 гектарда ишга туширилди. 2020 йилда эса бу кўрсаткични 16 213 гектарга етказиш тадориги кўрилмоқда.

Вилоятда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, ўрганилмаган бозорларга ҳам кириб бориш, экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Асосий эътибор мавжуд ерлардан самарали фойдаланишга қаратилмоқда. Мисол учун 2018 йилда 53 минг 888 гектар майдонга такрорий экин экилиб, жами 327261 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган бўлса, унинг 80150 тоннаси экспортга, 52890 тоннаси қайта ишлашга, 139097 тоннаси ички истеъмолга, 30 480 тоннаси заҳирага, 8503 тоннаси уруғликка, 16140 тоннаси ярмаркаларга чиқарилди. Жорий йилда эса биргина такрорий экиндан 87452 тонна маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари чет элларда бозори чаққон гилос, узум, ёнғоқ, бодом, олма, нок, беҳи, ўрик, шафтоли, олхўри, анор, анжир, хурмо, лимон, мандарин, қулупнай, малина каби боғларнинг умумий майдони 16 минг 21750 гектардан ошиб кетди. Шундан 710 гектарини интенсив боғлар ташкил қилади. Сабзавот ва полиз етиштириш салмоғи ҳам 490 минг 836 тоннадан ҳам мўлроқ бўлиши кутилмоқда.

Бугунги кунда вилоятимизда фаолият юритаётган 15 та агрокластер ҳар томонлама афзалликларини намоён этмоқда. Улар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, уларни қайта ишлаб тайёр маҳсулотлар тайёрлаб ички ва ташқи бозорларни таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, янги технология инвестицияларни олиб кириш, ўзларининг тасарруфидаги хўжалик, ишлаб чиқариш корхоналари учун етук кадрлар заҳирасини яратиш борасида изланмоқдалар.

Айни пайтда вилоятимизда кооперация хизматларини самарали йўлга қўйиш борасида ҳам муайян ишларга киришилди. Жорий йилнинг 19-20 сентябрь кунлари Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан қишлоқ хўжалиги бирлашмалари (кооперациялар) фаолиятини самарали йўлга қўйиш мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Мухтасар қилиб айтганимизда, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган старатегиясида акс этган 7 та устувор йўналиш – иқтисодиётимизнинг «драйвери» сифатида барчани эскича ишлаш фикридан халос этади. Халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш йўлида фидойилик кўрсатиб изланишга, меҳнат қилишга ундади. Зотан, ерини авайлаган, унга меҳрини берганга она-замин саховат сандиғини очади. Бисотидаги яширин бойликларини сочади. Буни йилдан-йилга ривож топиб бораётган юртимиз, вилоятимиз мисолида ҳам кўриш мумкин.

Суҳбатни журналист Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ ёзиб олди.