November 22, 2019

ҚАНДАЙ КИТОБ ЎҚИЯПСИЗ?

  • Кечқурун китоб ўқиб ўтирсам телефон жиринглаб қолди. Бу «матаҳ»нинг бемаҳал жиринглаши ҳеч кимга ёқмайди, чунки эл уйқуга ётар пайтдаги қўнғироқлар (агар фарзанд ёки набира кўрганингиз ҳақида мужда бўлмаса) кўпинча кутилмаган муаммо ёҳуд ташвишга рўбарў қилади кишини. Пайпаслаб телефонингизни топиб у ёқдаги кишининг овозини эшитгунингизча хаёлингиз минг томон кетиб, юрагингиз безовталаниб олади.

Гўшакни қулоғимга тутсам, шоир Музроб Соҳиб, яъни тепақўрғонлик эски қадрдонимиз Музроб ака. Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлганимиздан кейин:

– Қанақа китоб ўқияпсиз? – деб сўради.

– И-е, қаёқдан билдингиз китоб ўқияпганимни, – ажабландим.

– Ҳа энди, одам бунақа пайтда нима қилади, китоб ўқийди-да!

Кимдир ё ўзимга ёки телефон орқали шу саволни берганини эслолмайман. Яхшиям ўқиётганим, йўқса изза бўлиб қолар эканман.

– Ҳозир Жавдот Илёсовнинг «Согдиана» (китоб рус тилида эди) романини бошладим.

– Ў-ў, роса вақтида тилпон қибман-ку! Зўр роман. У қоғозга туширилаётганда муаллиф билан ҳамхона бўлганимни мақтанишга бунақа имконият бўмайди, илгариям бўганмас.

Йўғ-е?!

– Ҳа. Ўша пайтда Тошкентда Жавдот ака билан бир хонадонда ижарада яшардик.

Шу билан суҳбатимиз телефонларимизнинг охирги центигача чўзилиб кетганини у ўчиб қолгандан кейингина билдик. Лекин икковимиз ҳам пулимизга ачинмадик. Мен Жавдот Илёсов ҳақида анча нарса билиб олганимга (ўйлаб қарасам бу ёзувчи ҳақида ҳеч вақо билмас эканман), Музроб ака эса назаримда олис ва ширин хотиралар бисотини бир «шамоллатиб олиш» ёки ўзи айтганидек «мақтаниш» имконига эга бўлганидан хурсанд эдик. Кейин ҳам Музроб ака билан юзма-юз ўтириб бу мавзуда кўп суҳбатлашдик.

«Қандай китоб ўқияпсиз?»

Яхшилаб ўйлаб кўрайлик-чи, бизга бу саволни ким, қачон берган ва биз ҳам бировдан буни ҳеч сўраганмизми? Эслолмадингиз, а! Албатта-да! Бугунги кунда телефонда гаплашаётган хотин-қизлар ёнидан ўтиб қолсангиз суҳбат мавзуси ё қайнона-келин ёки қудалар ҳақида ғийбат ёхуд тўй сарполари ҳақида экани беихтиёр қулоғингизга тушади: «Келиним пайшанба куни уйидан жомдан каттароқ хитой тоғорасида ош кўтариб келса, денг. Ҳе, шунақа кичкина тоғора чиқармай хитой ўлсин, деб башарасига отиб юбордим ошини!..» Эркакларда эса пул ташвиши: «Қоғоз» қанақа бўлаяпти, «майдалаш» керак эди…», «Шипрри сотмай тур, симен зовути тўхтабди, эртага шипрриям нархи кўтарилиб кетади ўшанда харидорри қантари-иб туриб икки баробарига урамиз…» Хуллас, шунақа гаплар. Ёшларни-ку қўяверинг, улар телефонда ўзларининг тиллари билан айтганда «роса оқишади»

«Қандай китоб ўқияпсиз?»

Билмадим, агар аҳоли ўртасида шу савол билан ижтимоий сўров ўтказилса «респондент»лардан неча фоизи унга аниқ ва қониқарли жавоб берар экан? Оддий кишилар у ёқда турсин, бугун иши, ўқиши тақозоси билан китоб варақламаса ҳатто зиёлилар ҳам илгаригидек мутолаа қилмай қўйишгандек, назаримда. Бундай хулосага биргина юзаки таҳлил орқали келиш мумкин: 1984 йилда Жек Лондоннинг 555 бетли ҳикоялар тўпламини Тошкентдаги «Ўқитувчи» нашриёти рус тилида 350 минг нусхада чоп этди. Эътибор беринг: 555 БЕТ, китобнинг оғирлиги ярим килодан кўпроқ келади. РУС ТИЛИДА ва 350.000 НУСХАДА!

Ўшанда мен ТошДУ талабаси эдим ва ижара уйда турардим. Қўшни ҳовлида эса кечки бўлимда ўқиб, кундузи Навоий кўчасидаги ўша китоб чоп этилаётган полиграфия комбинатида ишлайдиган қизлар яшар эди. Уларнинг олдига кунда, кун ора икки-уч киши келиб, Жек Лондоннинг давлат нархи 2 сўм 50 тийин турадиган ўша китобидан ўн баробар қимматига – 25 сўмга бўлса ҳам топиб беришни илтимос қилганига ўзим гувоҳ бўлганман. Ўша пайтда адашмасам Ўзбекистон аҳолиси 16-18 миллион кишини ташкил қилар эди чоғи. Қаранг, шунча нусхада чиқарилган китобни дўконлардан топиб бўлмас эди. Бугунчи? Бугун энг зўрман деган ёзувчининг энг зўр асари ҳам 5000 нари борса 10000 нусхадан ортиқ чоп этилмаяпти ва улар ҳам китоб дўконларида йиллаб чанг босиб ётибди. Ёзувчиликни касбга, бизнесга айлантириб олган қаламкашларнинг бадииятга мутлақо алоқаси йўқ бозорбоп китоблари бундан мустасно, албатта.

Бу нимадан далолат беради? Бу нафақат ёшлар, балки биз катталар ҳам китобдан йироқлашиб бораётганимиздан эмасми? Эҳтимол, биз шунчалик ақлли бўлиб кетиб китоб ўқишимизга эҳтиёж қолмагандир ёки аксинча ақлан заифлашиб, ўқишни ҳам унитиб қўйдикми? Ваҳоланки, яхши китоблар юз минглаб нусхада чоп этилиб ҳам эҳтиёжни қондириб бўлмаётган ўша даврда луғатимизда «маънавият» деган атама йўқ эди. Ҳа, маъно, маъноли, сермаъно, бамаъни, бемаъни, маънисиз каби сўзлар бор, аммо айнан «маънавият» деган атаманинг ўзи йўқ эди. Бироқ, китобхонлик даражаси анча баланд эди. Ўқувчилик йилларимизда 8 март байрамида синфдош қизларга ёппасига китоб совға қилар ва улар ҳам ўғил болаларни ҳарбийлар байрамида шундай туҳфалар билан табриклар эдилар. Ота-онам оддий ишчилар бўлишганига қарамай бошқа бир қатор газета-журналлар билан бирга «Шарқ юлдузи» ва «Ёшлик» ка албатта обуна бўлишар ва оиламизда бу журналлар талашиб ўқилар эди.

Бугун-чи? Ҳар икки жумламизнинг бирида маънавият, маърифат сўзлари, амалда эса…

Бугун ёшлар орасида момиқ ўйинчоқ айиқ, катталар орасида эса «6+1», яъни шундай белги қўйилган, ичида олтита пиёла билан битта чойнак бўлган қутини зарқоғозга ўраб совға қилиш урф бўлган. Китобдан яхши-да, китобга чой қуйиб ичиб бўлмаса.

Бир дўстим: «Барахолка» бозорига чиққандим, роса сиз борадиган жой экан, эски китоблар сотиларкан, арзон-арзон, манам печкага ўтқич қилгани уч-тўртта олиб келдим», деб қолди. Изоҳга ҳожат йўқ!..

Бугун фарзандларимиздан инстаграммни сўрайлик, телеграммни сўрайлик, фейсбукни сўрайлик, лекин асло «Алпомиш», «Фарҳод ва Ширин», «Ўткан кунлар», «Юлдузли тунлар», «Улуғ салтанат», «Отамдан қолган далалар» асарларидан сўрай кўрмайлик. Жаҳон адабиётидан асло сўз очмаганимиз маъқул. Чунки, ўғлимиз ёки қизимиз «Дада, шу китобларни ўзингиз ҳам ўқиганмисиз?» деб сўраб қолса хижолатда қоладиган кўринамиз.

Биз маънавият ҳақида жар солиб юрган давримизда мактаб кутубхоналари, қишлоқ кутубхоналари йўқ бўлиб кетди. Қолганлари ахборот кутубхона маркази, ахборот ресурс маркази деб қайта номланиб моҳиятан нуфузи тушириб юборилди. Натижада бу марказларга «китобхонлар» китоб ўқиш учун эмас, балки у ерда интернетга уланган компьютерлар борлиги учун, улар ёрдамида тайёр мавзуларни кўчириб реферат, диплом ишини «ёзиш» учун борадиган бўлиб қолди. Кирилл алифбосида бўлгани ва энг ачинарлиси ғоявий, сиёсий мазмунидан қатъий назар титул вароғида СССР, ЎзССР тамғалари бўлгани учунгина миллионлаб нусхадаги китоблар билмадим, ҳозир бор бўлса қаерларда ётибди экан? Ваҳоланки, бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирмай, ўша бизга ёқмаган тамғалар устига бир парча қоғоз ёпиштириб қўйиб, жуда бўлмаса титул вароқни йиртиб ташлаб китоблардан фойдаланиш мумкин эмасмиди?

Хуллас, ўзимиз сезмаган ҳолда маънавий инқироз жари ёқасига шу қадар яқин келиб қолибмизки, оқибатда давлатимиз раҳбари «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури тўғрисида» қарор чиқаришни мақсадга мувофиқ топиб кўзимизни очиб қўйди. Миллат фожиасини олдини олишга қаратилган бу фармойиш чиқмаганда билмадим, қуруқ маънавият сўзини байроқ қилиб олиб қаёққа қараб кетаётган эдик?..

Биз бугун китоб сотиб олиш ва китоб ўқишдан бошқа ҳамма нарсага вақт ҳам, маблағ ҳам, тоқат ҳам топаяпмиз. Юқоридаги саволга бугун кўпчиликдан «Э-э, китоб ўқишга вақт қайда!» деб жавоб олишингиз тайин. «Вақт йўқ»лиги бир баҳона эканлигига жуда кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Юк машина ҳайдайдиган бир дўстим бор. Қурилиш материаллари бозорига чиқади. Кўпинча Андижон томонларга қатнайди. Кунларнинг бирида у билан бирга бозорга чиқдим. Жуда диққинафас бўлиб кетгандим, юк бўлиб қолса унга шерик бўлиб Андижонга бориб айланиб келмоқчи бўлдим. Эрталаб соат саккизларда «петак»да эдик. Узоғи билан бир соатда дўстимга бирор «клиент» чиқади-ю, жўнаймиз деб ўйлаган эдим. Қаёқда! Ўша куни соат кечки тўртларгача кутдик. Биров машина сўрамади. Ўтган саккиз-ўн соат мобайнида ҳайдовчилар машиналар соясида тўп-тўп бўлишганча «пирра» ташлашди. Карта ўйнамаганлари кабинага кириб олиб ё телефон ўйнаб ўтирди ёки ухлади. Ана сизга, вақт йўқ дегани. Ёҳуд мисол учун Наманган шаҳрининг ўзида юзлаб, агар минглаб бўлмаса катта-ю кичик тижорат дўконлари бор. Қани айтингчи, шулардан қайси бирига кирганингизда харидорлардан холи пайтда сотувчининг китоб ўқиб ўтирганини кўргансиз?

Ушбу ўқиган киши «Вой-бўй, жуда ҳовасот қилиб юборибди-ку», дея ўйлаши мумкин. Ҳа, китоб ўқисак ҳам, ўқимасак ҳам умримиз ўтаверади. Лекин бир нарсани унитмаслигимиз керак: ҳозир биз қачонлардир ўқиган, ёзган-чизган, олган билимларини ҳаётга татбиқ қилиб келаётган инсонлар шарофати билан шундай кунларга етиб келдик. Ва биз ҳали ҳануз жаҳон илм-фанига тамал тошини қўйган буюк алломалар авлоди эканимиздан фахрланиш билангина ҳаволаниб юрибмиз. Уларга муносиб, яна минг йиллардан кейин авлодларимиз биз билан ҳам фахрланадиган бўлиш учун энг аввало оддийгина мутолаа маданиятига эга бўлмасак бугунги саъй-ҳаракатларимиз самарасиз, минбарлардаги гапларимиз қуруқ сафсата бўлиб қолмасмикан? Зеро, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам илк ваҳий «Иқро», яъни «Ўқинг» деган хитоб тарзида нозил бўлган ва у уч бора такрорланганлиги биз учун дастуриламал бўлмоғи лозим.

Қуруқ мулозаматларга бўктирилган ҳол-аҳвол сўрашнинг охирида, ўрни бўлса албатта, бир-бировимиздан сўраб турсак ёмон бўлмасди:

«Қандай китоб ўқияпсиз?»

Акрамжон САТТОРОВ.