ДАВР БИЛАН ҲАМҚАДАМ
Солижон МЎМИНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,
Олий Мажлис Сенати аъзоси
– Вилоятимизда барча соҳаларда бўлганидек, тиббиётда ҳам янги инновацияларни, замонавий тиббий техника ва технологияларни қўллаш борасида астойдил иш олиб борилмоқда. Хусусан, 2019 йил Наманган соғлиқни сақлаш тизимида олтин ҳарфлар билан қайд этиладиган йил бўлди, десак адашмаймиз. Йил якунига қадар янада катта лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, вилоят кардиология марказига қиймати 1,1 миллион долларга тенг МСКТ (мультисперал компьютер тамография), радиочастотали аблятор, вилоят эндокринология диспансерига 575 000 долларлик рақамли рентген аппарати, наркоз ва УТТ аппаратлари, лаборатория учун анализаторлар, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига 1,6 миллион долларлик МРТ, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 62 000 долларлик, Косонсой юқумли касалликлар шифохонасига 252 000 долларлик биохимик, ИФА, ПЦР-анализаторлар, вилоят онкология диспансерига 1 миллион 200 минг долларлик гамма терапия ва 467 000 долларлик брахитерапия нур аппаратлари каби энг такомиллашган тиббий жиҳозлар келтирилиши бўйича иш олиб борилмоқда.
Президентимиз топшириғига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери раҳбарлигида республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятимизда ҳам намунали туман ва шаҳар ташкил этиш бўйича ўрганиш ўтказилиб, Янгиқўрғон тумани ва Наманган шаҳри танлаб олинди.
Шу йилнинг 15 октябрь куни Ўбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда Наманган шаҳрининг 14-сонли оила поликлиникаси ҳамда Янгиқўрғон туманининг 58-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Тиббиётнинг қуйи бўғини ишини тубдан такомиллаштириш ғоят муҳим вазифа. Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Наманган шаҳри ва Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмалари тизимида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини намунали ташкил этиш борасида соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида оптик толали алоқа тизими ўрнатилди. «Электрон поликлиника» - ахборот-автоматлаштирилган (электрон навбат) тизими ишга туширилди.
Учқўрғон туманида хусусий тиббиётни ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, Ҳиндистоннинг «SD Diagnostik center» компанияси Қайқи қишлоғида «Шодлик медсервис» МЧЖ билан ҳамкорликда 2 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритиш орқали тиббий-диагностик марказ қуриш мўлжалланяпти. Шунингдек, Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасида эса Туркиянинг «PI ALLES SAGIK GPOUP» LLC компанияси 5 миллион доллар миқдоридаги сармояси ҳисобига замонавий тиббий-диагностик марказ барпо этилади.
Вилоятимиз марказидаги Юксалиш маҳалласида турар жойлар қатори янги тиббиёт масканлари ҳам қад ростлайди. Ҳиндистонлик инвесторлар ҳам бу хайрли ишга ўз ҳиссаларини қўшадилар. «INDIAN INSTITUTE OF MEDIKAL SCIENCES» билан имзоланган узоқ муддатли шартномага мувофиқ 15 миллион доллар ҳисобига 2 гектар майдонда 400 ўринли замонавий тиббий-диагностик марказ қурилиши режалаштирилмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасини тараққий эттиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ижобий самаралар бераётганлигига барчамиз гувоҳмиз. Россия, Туркия, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва бошқа тиббиёти юксак даражада ривожланган давлатлар шифокорлари билан ҳамкорликдаги хайрли ишлар доираси тобора кенгаймоқда. Биргина Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми кунлари ўнлаб мамлакатларнинг таниқли олимлари, мутахассислари билан биргаликда ўтказилган илмий анжуманлар, олиб борилган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари боис Наманган тиббиёти юксалиш сари дадил одимлаганлиги айни ҳақиқатдир. Аҳамиятлиси, форум доирасида ўнлаб чет эллик сармоядорлар билан тиббиёт ва фармацевтикага оид меморандумлар имзолаш тадбирлари ҳам бўлиб ўтди. Умумий қиймати 92,7 миллион долларни ташкил этган 22 та келишув имзоланди. Келишувлар дунёнинг 10 та давлат ишбилармон доира вакиллари билан тузилди. Австрия, Германия, Исроил, Миср, Покистон, Россия, Словакия, Украина, Ҳиндистон ва Хитой компаниялари шулар жумласидандир.
Наманганлик шифокорлар хориждаги илғор тажрибаларни, тиббиёт ютуқларини ўз фаолиятида самарали қўллаш сари интилмоқдалар. Бугунги кунда вилоят соғлиқни сақлаш тизимида 5 нафар тиббиёт фанлари доктори, 30 нафардан ортиқ фан номзоди хизмат қилмоқда. Ўнлаб ёшлар илмий изланишлар олиб боришяпти. Айни чоғда Наманганда Россиядаги Урал Давлат тиббиёт университетининг филиали очилди. Яқинда эса АҚШнинг Мичиган университети клиникаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Яна бир муҳим янгилик: РШТЁИМ Наманган филиалининг тез тиббий ёрдам станциясида мамлакатимизда биринчилардан бўлиб ишга туширилган Call-маркази диққатга сазовордир. Туну кун ишлайдиган марказ туфайли тез тиббий ёрдам хизмати тезкорлигини оширишга муваффақ бўлинмоқда. Ҳозирча синов тариқасида фаолият кўрсатаётган марказ вилоятдаги барча тез тиббий ёрдам бригадалари фаолиятини мувофиқлаштириб турибди. Сарфланган 1 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига 50 та компьютер ва бошқа зурур аппаратуралар олиб келиб ишга туширилди. Айни пайтда санитар автотранспорт воситаларига GPS навигаторларини ўрнатиш якунига етди. Янгилик туфайли чақирувлар бўйича беморлар ҳузурига етиб бориш вақти икки баробарга қисқарган.
Наманган – Ўзбекистоннинг тиббий салоҳияти ва фармацевтика саноати энг ривожланган вилоятларидан бирига айланиб бормоқда. Хорижда ва пойтахт Тошкентда амалга ошириладиган ўнлаб мураккаб жарроҳлик операциялари Наманганда ўтказиляпти. Вилоят кардиология маркази, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят онкология ва эндокринология диспансерларида ва бошқа тиббиёт муассасаларида бу йўналишда изчил иш олиб борилмоқда. Шуниси эътиборга лойиқки, шундай жараёнлар нафақат вилоят марказида, ҳатто туманларда ҳам жорий этилаётир.
Натижалар кўлами беқиёсдир. Дунё миқёсида фаолият олиб бораётган кўплаб сармоядорларнинг диёримизга қизиқишлари ортибгина қолмасдан, уларнинг бир қанчаси билан меморандум ва шартномалар имзоланди. Мазкур ҳужжатларда кўзда тутилган истиқболли лойиҳаларнинг рўёби вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.