БАЙРОҚ ШУНЧАКИ БИР МАТО ЭМАС, УНДА ҚУДРАТ БОР!
- Ўзига хос гўзал манзара – паст-баланд рельефи билан бошқа шаҳарлардан ажралиб турадиган Наманганнинг географик жиҳатдан баланд нуқталаридан бирида ўтган йили мустақиллик байрами арафасида ўрнатилган 35 метрлик флагштокда Ватанимиз байроғи ҳилпираб туради.
Кунларнинг бирида оила аъзоларимиз билан машинада кетаётиб, шу байроқ ўрнатилган шоҳ кўчадан ўтиб қолдик. Тиззамда ўтириб кетаётган уч ярим яшар набирам Камронбек мусаффо осмон фонида енгил ҳилпираб турган байроғимизга кўзи тушиб:
– Бобо, уйимизга ҳам шунақа ка-а-а-тта баййоқ ўйнатиб бейинг”, – деб қолди чучук тил билан.
– Бунақа катта байроқни нима қиласан, ўғлим? – сўрадим ҳайратланиб.
– Мен катта бўлсам, аскай бўламан, шунда ўша баййоқни милтиқ кўтайиб, душманлайдан ҳимоя қилиб юяман.
Оила даврасидаги суҳбатларимизда байроқ билан боғлиқ мавзуларда гап кетганини эслолмайман. Ҳайрон қолдим, мурғак гўдакнинг онгида бундай ўй-фикр қайдан пайдо бўлди?! Эҳтимол телевизорда кўргандир...Билмадим...
Орадан вақт ўтиб, набираларимни маданият ва истироҳат боғида бўлаётган ёшлар ташкилотининг фестивалига олиб бордим. Очиқ осмон остидаги саҳнада концерт, чор атрофда ёшларнинг турли тадбирлари қизигандан қизиб ўтган кетганни ўзига жалб қилаяпти. Ёз оқшоми тунги ранг-баранг чироқлар ёғдусида мафтункор товланади. Фестиваль иштирокчиларининг қўлларида Ўзбекистон байроғининг шундай тадбирларга мўлжалланган кичик нусхалари ҳилпираяпти. Ҳалиги набирам “Мангаям баййоқ олиб бейинг”, деб хархашани бошлаб қолди-ку. Катта шар олиб бердим – кўнмади, ўйинчоқ олиб бердим – отиб юборди: “Баййоқ, баййоқ...” Ноилож, тадбир ташкилотчиларидан бирини топиб, аҳволни тушунтирдим: “Байроқчадан биттагина топиб бермасангиз, сира иложи йўқ...”
Ўша байроқчани, мана бир йилдан кўпроқ вақт ўтибдики, набирам ҳалиям алоҳида бир меҳр билан ўйнайди, елкасига ўйинчоқ автоматни осиб олиб, байроқчани баланд кўтарганча ўзининг чучук тилида “Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!” деб у ёқдан бу ёққа ҳарбийча қадам ташлаб юриб қолади.
Ўйлаб қоламан, давлатимиз байроғи шунчаки бир мато, шунчаки бир безак эмас экан. Мурғаккина боланинг қалбида, онгида, тасаввурида шунчалик меҳр уйғотибдими, демак унда қандайдир мўъжизавий қудрат бор. Бежиз урушлар тарихида бутун бошли қўшин олдида байроқдор юрмас экан. Бежиз ногаҳон ўқ тегиб, байроқдор қулаб, у билан бирга байроқ ҳам кўринмай қолса қўшин саросимага тушиб қолмас экан...
Акрамжон САТТОРОВ