ШАРИКЛИ РУЧКАДАГИ ФОЙДА ВА ЗАРАР

  • 1938 йили венгриялик Жозеф Биро шарикли ручкани ихтиро қилди ва шарикли ручка ишлаб чиқариш патентини Буюк Британиянинг ҳарбий ҳаво хизмати сотиб олди. Чунки парвоз пайтида пероли ручка ишлатиш ғоят ноқулай эди.

Кейинчалик Жозеф ўзининг патентини қайта рўйхатдан ўтказди ва Аргентинанинг «Эвершарп» компаниясига 1 миллион долларга сотди. Шу тариқа Аргентина компанияси дунёда биринчи бўлиб шарикли ручкалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Янги ёзув қуролининг арзонлиги ва оммабоплиги кўпдан-кўп харидорларни жалб қилди. Аммо «Эвершарп» дунё бозорини эгаллай олмасди. Негаки ручка фақат Венгрияда ва Аргентинадагина муаллиф томонидан патентланган эди, холос. Ихчамгина ўқув қуроли Аргентинада саёҳатда юрган америкалик савдогар Милтон Рейнолдснинг қўлига тушди. Ўз касбининг устаси бўлган Рейнолдс ушбу янгилик орқали қанча фойда кўриш мумкинлигини чамалади. Суриштириб, ихтиро фақатгина икки мамлакатда рўйхатдан ўтказилгани, муҳими, жаҳоннинг энг катта бозори – АҚШга кириб улгурмагани, бу борада ҳеч қандай расмий ҳужжатлар имзоланмаганини аниқлагач, дарҳол ишга киришади. Савдогар 1943 йил 10 июнда ўзганинг кашфиёти учун АҚШда патент олиб, оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Шарикли ручка Америкада қисқа муддатда шуҳрат қозониб, Нью-Йоркдаги «Жимбел» дўконида бир кунда минглаб сотилди. Бундан воқиф бўлган кашфиёт муаллифи Биронинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини суд орқали тиклашга бўлган уринишлари зое кетади.
1958 йилда франциялик Марсел Бик ручкани янада соддалаштириб, таннархи ҳам арзонлаштирилиб, «БИC» номи остида ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бугунги кунда дунёдаги ўқув қуроллари бозорининг каттагина қисмини эгаллаган «БИC» компанияси ва унинг эгаси дунёдаги энг бадавлат кишилардан бирига айланади.
Маълумки, қадимда шоирлар, ёзувчилар, алломаю олимлар патли ручкалардан фойдаланишган. 1960 йилдан шарикли ручка оммалаша бошлади. Энди муддаога келсак, Наманган шаҳридаги «Сардоба» бозорида жойлашган «Зоикан» дўконида кунига ўрта ҳисобда 11000 донагача, қолган 27 та кичик дўконларда эса кунига ўртача 1000 дона ручка сотилишини аниқладик. «Сардоба» бозорида кўп сотилишига сабаб Мингбулоқ, Чуст, Поп туманларидан ташқари барча туманлардан ва қисман Андижондан келган харидорлар ручкани «Сардоба»дан харид қилишади.
Мақоламиз мавзусининг долзарб жиҳати шундан иборатки, шарикли ручкани ишлатиб бўлганимиздан кейин уни чиқинди қутисига ташлаймиз. Ручканинг учида мисли металл қисми мавжуд бўлиб, унинг миқдори 0.19 гр.ни ташкил қилади. Бу эса 10 дона ручкада 1.9 гр, 38000 донасида - 72 кг. мис чиқинди сифатида ташлаб юборилади, демакдир.
«Сардоба» бозорида бир кунда 38000 дона ручка, бир ойда 1,140,000 дона, бир йилда эса 410,400,000 дона ручкалар инсонлар қўлига етиб боради. Бундан кўриниб турибдики, бир йилда 26 тонна-ю 353 кг. мисни чиқинди сифатида ташлаб юборар эканмиз. Ахир 1 кг. миснинг нархи 2,73 АҚШ долларига тенг!? Бунда фақат ручканинг учидаги рангли металлни ҳисобладик. Бундан ташқари, ручканинг устки қисмидаги пластмасса тупроқ унумдорлигига катта зарар етказиши аниқланган. Ручка ихтиросидан кейинги ўтган 50-60 йил мобайнида қанча мисни исроф қилдик экан?! Бунинг олдини олиш учун мактабгача таълим муассасалари, мактаб, коллежда, олий ўқув юртларида ва бошқа ташкилотларда исрофгарчиликларнинг олдини олиш борасида тарғибот ташвиқот ишларини олиб бориш лозим.
Зарнигор ҲОШИМОВА,
Наманган Давлат университети экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналиши талабаси