November 29, 2019

МЕТАН “ЗАПРАВКА”ЛАРДА ВАЗИЯТ ҚАЧОН ЯХШИЛАНАДИ? — “ЎЗТРАНСГАЗ” АЖ РАҲБАРИЯТИ ВАЗИЯТГА ИЗОҲ БЕРДИ

  • Мана, бир ҳафтадирки, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)да узундан-узун навбатлар юзага келмоқда. Оқибатда ҳайдовчилар бир неча соатлаб вақтини метан “заправка”лар олдида ўтказишга мажбур бўлмоқда. Бу эса ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.

Муҳокамалар эса ижтимоий тармоқларга кўчиб, бу масала атрофида турли гаплар айланмоқда. Кимдир муаммони магистраль газ қувурларининг эскириб кетгани билан боғласа, бошқаси совуқ тушиши билан газ босимининг пасайиб кетишининг оқибати сифатида баҳоланмоқда. Бу ҳолатни газ нархи оширилиши йўлидаги бир қадам сифатида талқин қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Улар эътироз билдирувчиларга 2018 йил декабрь ойидаги ана шундай ҳолатларни эслатиб, шундан сўнг газ баҳоси ошиб кетганини рўкач қилишмоқда.

Хўш, бу каби гап-сўзлар қанчалик асосли? АГТКШ фаолиятидаги узилишлар, турнақатор навбатлар юзага келишига нима сабаб бўлди? Бу вазиятни “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти раҳбарияти қандай изоҳлайди?

Ушбу саволлар билан “Халқ сўзи” мухбири жамият мутасаддиларига мурожаат қилди.

“Ўзтрансгаз” АЖдан маълум қилишларича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”нинг 10-бандида табиий газ етказиб бериш устувор бўлган истеъмолчилар тоифалари белгиланган. Аҳоли, қонун ҳужжатларида белгиланган иссиқлик электр станциялари, шифохона, мактаб ва боғча каби ижтимоий аҳамиятга эга объектлар ана шу тоифага киритилган бўлиб, куз-қиш даврида, биринчи навбатда, уларга табиий газ етказиб берилиши кўзда тутилган. Бошқа кафолатланмаган истеъмолчилар эса табиий газга муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишлари керак.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, республика ҳудудида 22-30 ноябрь кунлари об-ҳаво -10°С ÷ -15°С атрофида бўлишини инобатга олиб, юқоридаги меъёрий ҳужжатларга асосан, улгуржи истеъмолчилар билан имзоланган табиий газ етказиб бериш шартномасининг 2.5 ҳамда 2.8-бандларига мувофиқ (ҳаво ҳарорати кескин пасайганлиги сабабли), уларга огоҳлантиришлар берилди”, дейилади бизга тақдим этилган маълумотда.

Шундай экан, аҳоли огоҳлантирилмади? Нега улар бехабар қолишди?

Аммо жамият вакиллари об-ҳавонинг кескин совиши натижасида “Ўзтрансгаз” АЖ расмий сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда стратегик аҳамиятга эга корхоналарга кеч соат 17.00 дан 22.00 гача максимал даражада табиий газ етказиб бериш мақсадида автомобиль ҳайдовчилари автоуловларига ёнилғи қуйишда ушбу вақт оралиғини инобатга олишларини сўраб хабар берганини айтишмоқда.

Шу билан бирга, қоидаларнинг 58-бандидан келиб чиқиб, Ҳудудий газ таъминоти филиаллари ва “Ўздавнефтгазинспекция” томонидан тузилган (ҳаво совиб кетган пайтларда табиий газ тармоғидан ажратилиши кўзда тутилган) 32253 та кафолатланмаган корхона рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри хокимликлари томонидан тасдиқланганини, бугунги кунда уларни тармоқдан узиш ишлари олиб борилаётганини айтишмоқда.

Кузатишларга қараганда, республика ва халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўллари четларидаги АГТКШларнинг аксарияти ишламаяпти. Баъзилари эса кунига ўртача 6-7 соат фаолият кўрсатаётгани маълум бўлмоқда. сабаби билан қизиққанимизда баъзи “заправка”лар ходимлари газ лимити камайтирилганини айтишмоқда. Бироқ “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан бу инкор қилинди. Ҳозирги пайтда республикамизда 831 та АГТКШ фаолият кўрсатаётган бўлса, уларга жорий йилнинг октябрь, ноябрь ойлари давомида белгиланган кўрсаткичлар бўйича кунлик ҳажмлар тўлиқ етказиб берилаётган экан.

“Табиий газ лимити камайтирилмаган. АГТКШнинг тўлиқ ишламаслиги фақат табиий газ билан боғлиқ эмас. Об-ҳаво кескин пасайиб кетган пайтларда аҳолига, ижтимоий соҳа объектларига ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарга табиий газ максимал даражада етказиб бериш асосий мақсадимиз. Бундан ташқари, “Ўзнефтгазинспекция”, “Ўзстандарт” агентлиги, МИБ ва Ҳудудий газ таъминоти идоралари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилаётган ўрганиш натижаларига асосан, айрим шохобчаларда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга зид равишда фаолият юритиш ҳолатлари аниқланмоқда. Айрим АГТКШда лицензия шартларига мувофиқ иш юритмаганликлари учун камчиликларни бартараф этгунга қадар вақтинча газ етказиб берилиши тўхтатилган ҳолатлар ҳам мавжуд. Уларда аниқланган камчиликлар бартараф этилгач, газ таъминоти қайта тикланмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги “Газ етказиб бермаганлиги сабабли АГТКШда турна қатор навбатлар бўлмоқда”, деган фикрлар ўринсиз”, дейди жамият матбуот хизмати ходими.

Мутахассислар яна бир бир ҳолат ҳақида тўхталишимизни сўрашмоқда. Уларнинг айтишича, аҳолига, АГТКШга ҳам табиий газ белгиланган босимда етиб бормаслигига кафолатланмаган истеъмолчилар томонидан максимал даражада табиий газ истеъмол қилиниши, айрим одамлар томонидан қўлбола ёки махсус насослар ёрдамида газ тақсимлаш тизимларидан табиий газни сўриб олиниши тизимдаги гидравлик режимнинг бузилишига олиб келаётган эмиш.

“Ўзтрансгаз” АЖ бугунги кунда табиий газнинг нархлари ўзгариши юзасидан ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини таъкидлаб, ҳозир кузатилаётган ҳолат вақтинча эканлигини, тез орада барчаси ўз изига тушиб кетишига ваъда бермоқда.

Биз ҳам ҳаммаси тезда ўз изига тушиб кетишига умидвормиз.

Шу кунларда вазият тақозо қилиб, вилоятларга борадиган бўлсангиз, таксига ўтира кўрманг. Вақтингиз газ “заправка”ларда навбат кутиш билан ўтади. Бунга мана мен кафил.

Тошкент—Термиз автомагистралидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)нинг тенг ярми ишламаяпти. Ишлаганлари ҳам нари борса 6-7 соат газ қуяди-да, кейин дарвозаларини тамбалайди. Бу ҳолат 2018 йил декабридаги манзараларни эсга солмоқда. Хотирангиздан кўтарилмаган бўлса, ўшанда шу каби узундан-узун навбатлардан кейин газ нархи оширилганди...

Айтишларича, АГТКШда узилишлар ўтган ҳафта охирларида бошланган. Сабабини тадбиркордан билишнинг иложи бўлмади. Улар кичкина одамлар эмас-да. Компрессорчилар бўлса лимит тугаб қолаётганини важ қиляпти. Қизиғи, лимит деганлари истеъмол талабидан келиб чиқиб, белгиланмайдими?! Ҳар ҳолда, бизга “Ўзтрансгаз” АЖ масъулларининг ҳар йили 1 сентябрга қадар истеъмолчиларнинг зарурий газ ҳажмлари тўғрисидаги талабномалари йиғилиб, келгуси йил учун лимит “ишлаб чиқиш” ҳақидаги гаплари ёд бўлиб кетган...

Тадбиркорлар тадбирли бўлишаркан. Айрим “заправка”ларда вазиятдан келиб чиқиб, пул қилишнинг янги йўллари ихтиро қилинибди. Масалан, Оқ олтин туманидаги “Gaz Invest Group” МЧЖГа тегишли АГТКШнинг битта калонкаси гўёки ишламайди. Олдига кичик ўт ўчириш баллончаси қўйиб қўйилган. Бу ерда хос йўлакдан келган махсус машиналарга газ қуйилади. Шундай машиналар эгасидан бунинг сирини сўрасам, секин бориб, беш минг қистирсам, вассалом эмиш.

Саид РАҲМОНОВ

ЎзА