ЯНГИ ТИЗИМДА ФУҚАРО ҚАНЧА ПЕНСИЯ ОЛИШИНИ ЎЗИ БЕЛГИЛАШИ МУМКИН
- Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 21 ноябрь кунги аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишида ижтимоий суғурта тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек, уч даражали пенсия таъминоти тизимига ўтиш орқали пенсия бадалини тўлашдан манфаатдорликни ошириш зарурлиги айтилди.
Таъкидланишича,
- биринчи даражада давлат минимал пенсия миқдорини белгилайди.
- иккинчи даражада ходимнинг иш ҳақидан муайян сумма ушланиб, унинг шахсий ҳисоб-варағида тўпланади ва Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган фоиз ҳисоблаб борилади.
- учинчи даражада ходим пенсия жамғармасига ажратиладиган маблағ миқдорини ўзи белгилайди.
Бу тизим қўлланилса, фуқаро кафолатли давлат пенсиясини олиш билан бирга ўз хоҳишига қараб, пенсия ёшида қанча пенсия олишини ўзи белгилаш имконига эга бўлади.
Шулардан келиб чиқиб, Молия вазирлигига Жаҳон банки ва нуфузли молия ташкилотлари экспертлари билан ҳамкорликда пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш, шунингдек, ижтимоий суғурта турларини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Давлат раҳбари ҳозирги тизимни “шок терапияси” усулида ислоҳ қилиш аҳолининг ҳар хил қатламига турлича таъсир этишини алоҳида таъкидлаб, мутасаддиларга 2030 йилгача аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди. Бунинг учун 2020 йил биринчи ярми якунигача аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича янги тизимни ҳар бир ҳудудда экспериментдан ўтказиш вазифаси қўйилди.
Ёлғиз кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, яшаш жойи бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари фаолиятини такомиллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.