December 4, 2019

ДОРИХОНАЛАРДА АҲВОЛ ҚАНДАЙ?

  • Аҳолининг дори-дармон воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида фармацевтика саноати янада ривожланмоқда, жойларда дорихоналар сони тобора кўпаймоқда.

Хўш, мавжуд дорихоналарда аҳоли талаби ва эҳтиёжига мос дори-дармонлар мавжудми? Уларнинг нархидан истеъмолчи қаноатланадими?

Саволларимизга вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бирлашмасининг жорий йил 13 ноябрда чиқарилган 2/45-сонли буйруғига асосан фаолият олиб бораётган ижтимоий дорихоналардаги текширув натижасидан жавоб топамиз.

Юқоридаги буйруққа асосан, Чуст туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан тумандаги айрим дорихоналарда кузатув ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш жараёнида истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати, зарурий дори-дармон ва жиҳозларнинг мавжудлиги, сақланиш ҳолати ва ўзбек тилида ёзилган йўриқномаси ҳамда касса чекининг мавжудлиги, ишлаётган сотувчининг фармацевтика соҳаси бўйича мутахассисликка эга эканлиги текширилди.

Жумладан, Б. Лутфуллахонов раҳбарлигидаги 167, А. Ғаниев раҳбарлигидаги 53, А. Ғозиевга тегишли бўлган 168 ҳамда М. Зияева раҳбарлигидаги 80-сонли ижтимоий дорихоналарда олиб борилган текширувда мавжуд дорихоналарнинг ташқи қисми, ёзув пешлавҳалари, санитария ҳолати талаб даражасида бўлиб, дориларнинг йўриқномалари мавжудлиги аниқланди.

Бироқ камчиликларга йўл қўйилган ҳолатлар ҳам учради. Деярли барча дорихоналарда дори-дармонлар сертификати айнан шу ерда эмас, балки юқори ташкилотда сақланишини айтишди. Дориларни сифатли сақлаш мақсадида барча дорихоналарда музлатгич мавжуд. Бироқ, ўрганиш жараёнида 167-сонли дорихонадаги музлатгич электрдан узиб қўйилганига гувоҳ бўлдик. Айнан шу куни Б.Лутфуллаев ўрнига ишлаётган М.Аббосованинг айтишича, музлатгичнинг яроқлилик ҳолати талабга жавоб бермайди. Дорихонада бўлиши шарт бўлган омепразол, аллапинин ва тиббиёт докасини кўрсата олмади. Тўлов терминали ҳам мавжуд эмас.

Текширув жараёнида аниқланган камчиликлар юзасидан «Туман дори-дармон» АЖ раиси И.Қаландаров, туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси А. Неъматуллин, мутахассислар ҳамда тумандаги мавжуд 14 та ижтимоий дорихонанинг раҳбарлари иштирокида таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни вақтида бартараф этиш ва бундан кейин ҳам қонун талаблари асосида иш ташкил этиш борасида кўрсатмалар берилди. «Дори-дармон» АЖ раисига тизимдаги барча дорихоналар мавжуд дори дармон ва тиббий ускуналарнинг мувофиқлик сертификати асл нусхаси билан таъминланиши топширилди.

Шоҳида ДАМИНОВА.