САРАТОНГА ҚАРШИ ЯНГИ ВАКЦИНА
- Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳозирда аёллар бачадон бўйни саратон касаллиги шу тоифа касалликлар орасида кўплиги жиҳатдан иккинчи ўринда турибди. Ҳар йили дунёдаги 528 000 нафар аёл унга чалиниб, шулардан 266 000 нафари вафот этмоқда. Бу барча мамлакатларда жиддий ташвиш уйғотмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ана шундай оғир ҳолатни ҳисобга олиб, ЖССТ ва ЮНИСЕФ кўмагида шу йилнинг 21 октябридан 1 ноябрига қадар 2010 йилда туғилган 9 ёшли қизларни ушбу касалликка қарши эмлаш кунларини ўтказишни режалаштирди.
Ота-оналарнинг фарзандларини ҳукуматимиз томонидан бошқариб бўладиган 12 хил юқумли касалликка қарши эмланаётганидан хабарлари бор. Эмлаш – бу одатда вакцина киритилиши орқали инсон организми иммунитет ҳосил қиладиган ёки юқумли касалликларга чалинувчанлигини йўқотадиган жараёндир. Бу ҳаётга хавф солувчи юқумли касаллик-ларга қарши курашиш ва уларни бартараф этишда қўлланувчи синалган восита ҳисобланади.
ЖССТ тадқиқотларига кўра, эмлаш орқали йилига 2-3 миллион ўлим ҳолатларининг олди олинмоқда. Аёллар саломатлиги муҳофазаси соғлиқни сақлашнинг ҳамиша диққат марказидаги устувор йўналиш саналади. Шу боисдан ҳам одам папилломаси вируси (ВПЧ) келтириб чиқарадиган бачадон бўйни саратони профилактикаси, диагностикаси ва аёлларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш масалаларига давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилади.
Жаҳоннинг 102 мамлакатида ВПЧга қарши вакцинанинг муваффақиятли қўлланилгани сабаб 2019 йилнинг октябридан шу вазифани амалга оширишга киришилди. Чунки, республикамизда ҳам ҳар йили бачадон бўйни саратонидан 1660 нафар аёл азият чекади. Мазкур касалликдан ҳаётдан эрта кўз юмиш ҳоллари 585 тани ташкил этар экан.
Кўпчиликни «ВПЧга қарши вакцина нима учун керак? Вакцинанинг таъсири қандай? Вакцина қачон ва кимлар учун қўлланади? Нима учун фақат қизлар эмланади?» каби саволлар ўйлантириши мумкин. Биз уларга шундай жавоб берамиз:
- Одам папилломаси вируси (ВПЧ)га қарши эмлаш бачадон бўйни саратонига чалинишнинг қарийб 90 фоиз олдини олишга имкон беради. Вакцина юборилгач, инсон организмида унга қарши таначалар ишлаб чиқарилади ва агар вирус қачондир организмга кирадиган бўлса уни енга оладиган ҳимоя тизими шаклланади.
Эмлашнинг энг яхши вақти қизларимизнинг 9 ёшли даври бўлиб, эмлаш курси 6 ой танаффус билан 2 марта ўтказилади. Айнан шу ёшда вакцина иммунитет тизимининг энг кучли таъсирини таъминлаб беради. ВПЧ га қарши эмлаш дастурининг асосий мақсади аёлларни ҳаёт учун хавфли бўлган касалликдан асраб-авайлаш бўлиб, бу ҳеч қандай ножўя таъсирларни туғдирмайди. Вакцина аёлларнинг репродуктив (фарзанд кўриш) функциясига зарар етказмайди. Аксинча, инфекциялардан ҳимоялайди.
Қизларнинг соғлиғида муаммо бўлмаса вакцинани қабул қилишдан олдин ёки кейин тиббий кўрикдан ўтиш шарт эмас. У юборилгач организмда енгил физиологик реакциялар кузатилиши табиий (инъекция ўрни қизариши, шишиши, оғриши, ҳарорат кўтарилиши, бош оғриши, умумий ҳолсизлик). Бундай ҳолат бир кун давом этиши мумкин, бироқ хавфли эмас.
Ҳурматли ота-оналар! ВПЧ га қарши вакцина ҳақида айримлар орасида тушунарсиз, нотўғри гап-сўзлар пайдо бўлганини эшитгандирсиз. Сиз асоссиз уйдирмаларга қулоқ солмай, фарзандингизнинг хавфли касаллик бўлган саратондан ҳимоялаш мақсадида ўтказилаётган эмлаш жараёнида фаол иштирок этинг. Инсон саломатлигининг масъуллари ва жонкуярлари бунга кафолат берадилар.
Олимжон ЮСУПОВ,
Наманган шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи.
Ойдина ИКРОМОВА,
Гулчеҳра ТЎЛАБОЕВА,
врач-эпидемиологлар.