ЎҚИТУВЧИ-МУРАББИЙЛАРГА ЭҲТИРОМ
- Мактаб дунё иморатлари ичида энг муқаддаси бўлса, касблар ичида улуғи ўқитувчиликдир. Ўқитувчи – софдил, камтарин, маънавий бой, ахлоқий пок инсондир. Устоз-муаллим – фидойи, улуғ зот, уни ҳар қанча ардоқласак ҳам оз. Ўқитувчи – келажак бунёдкори...
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 августдаги видеоселектор йиғилишида айтган бу каломлари халқимиз томонидан астойдил қўллаб-қувватланмоқдаки, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни бу гал ҳар қачонгидан кўтаринкилик касб этди.
30 сентябрь куни вилоятимиз марказидаги «Афсоналар водийси»да умумхалқ сайли ташкил этилди.
Вилоятдаги олий ва ўрта-махсус, халқ таълими ва мактабгача таълим муасссасаларида меҳнат қилаётган ўқитувчи ва педагоглар ҳамда таълим соҳасининг кўплаб фахрийлари иштирокидаги тантанали тадбирни вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров кириш сўзи билан очиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табриги»ни ўқиб эшиттирди.
Сана муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида кўрсатган ўрнаклари учун давлат мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ наманганлик ўқитувчи ва мураббийларга мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Кўплаб касб фидойилари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Вилоят мактабгача таълим бошқармасининг шаҳар ва туман бўлимларига «Спарк» автомобиллари совға қилинди.
Тадбирда сўз олган таниқли шоир Зиёвиддин Мансур кейинги йилларда Президентимиз томонидан таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълимга бўлган эътиборнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши, жамият ривожланишида устоз-мураббийларнинг тутган ўрни ҳақида сўз юритиб, давлатимиз раҳбари томонидан берилаётган юксак эътибор натижасида бу шарафли касб эгаларига энг ҳурматли ва обрўли инсонлари мақоми қайтарилаётганини таъкидлади.
Байрам тадбири вилоят ва республика санъаткорларининг куй-қўшиқлари ва чиқишлари билан давом этди. Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева, таниқли сўз устаси Зокир Очилдиев, эстрада хонандаси Зоҳиршох Жўраевларнинг чиқишлари байрам тадбирига ўзгача шукуҳ бағишлади.
* * *
Наманган туманидаги 8-мактабда ҳам бу сана тантанали нишонланди. Муаллима Зебо Мирзакбарова ташаббуси билан жисмоний тарбия фанидан сабоқ берган, раҳбарлик лавозимидаги фаолияти билан ҳам эътибор қозонган Маҳмуджон Раҳимов билан учрашув уюштирилди. «Ўқитувчи - келажак бунёдкори» мавзусидаги мазкур учрашувда фахрий педагог ўз иш тажрибалари, шогирдлари ҳақида гапириб берди. Дарҳақиқат, биргина таниқли футболчи Одил Ҳамробековнинг дастлабки сабоқни Маҳмуджон Раҳимовдан олганлиги ҳам домлага олқиш ва ифтихордир. Учрашув-мулоқот қизиқарли савол-жавоблар асносида, ўқувчиларнинг шеъру қўшиқлари билан давом этди.
Носир АББОС