October 8, 2019

«БОР – БОРИЧА, ЙЎҚ – ҲОЛИЧА» ЭМАС!

  • Замонанинг дориломонлигини, ҳаётнинг кун сайин фаровонлашиб бораётганлигини, меҳнат қилган, фикрлаётган одамнинг бой бўлаётганини миллий қадриятларимиз акс этадиган тўй-ҳашамларимиздан билса бўлади. Ўзбекнинг, хусусан, наманганликнинг «Топганларимиз тўйларга буюрсин» деган дуолари ижобатини кўзларимиз билан кўриб, дилларимизда тан олиб турибмиз. Бироқ «Бор – борича, йўқ – ҳолича» деган ақида тез-тез такрорлангани билан турмушда унинг аксини кўряпмиз. Ҳукумат миқёсидаги қарор ва ҳужжатлар, матбуотнинг шиддатли бонг уришлари, фаолларнинг ҳаракатлари деярли самарасини бермаяпти. Буларга қарама-қарши уйдаги хонимларнинг янги-янги «ғоялари», гўё эл кўзига бир харажатни, яъни расм-русумни йўқотиб, хаёлда йўқ янгисини ўйлаб топишлари ва тезликда оммалаштираётганликлари аввалгисидан ҳам қимматга тушаётгани бор гап.

Ҳар соҳада ўсиш, ўзгаришлар, инновациялар рўй бермоқда. Жумладан, тўй ўтказиш, икки қуда ўртасидаги олди-бердиларда ҳам. Аммо бу «инновацион янгиликлар» «ихчамлаштирамиз», «енгиллаштирамиз», «бир кунга келтирамиз» деган гапларни пучга чиқариб, атрофдаги воқелик ҳали тўй қилмаган, ўртаҳол ва кам таъминланган фуқароларни ваҳимага солаётган бўлса ажаб эмас.

Тўғри, «беш бармоқ – баробар эмас». Ҳамма кўрпасига қараб оёқ узатиши лозим. Лекин бунга қарама-қарши «Мен ҳам одамман, ердан чиқмаганман, дунёга бир марта келаман, орзу-ҳавасларим армонга айланмасин», деган тушунчалар хориждаги гастербайтерларимизни янада кўпроқ тер тўкиб ишлашга, оиласи, меҳрибонларидан янада узоқроқ муддатда айро яшашга мажбур қилаётгани ростлигига аминмиз. Маълумотларга кўра, Россиянинг ўзида икки миллион нафардан ортиқ ўзбек ёлланма қора меҳнат билан машғул экан. Мана шу икки миллион одамнинг дарди – тўй қилиш, уй-жой барпо этишдан иборат бўлиши аниқ.

Аниқ мисолларга ўтсак: авваллари никоҳ тўйларида «уй ясатиш, кўрпа йиғиш» деган маросимча (!) йўқ эди. У кейинроқ уч-тўрт ёш-яланг аёллар билан битадиган бўлди. Айни пайтда эса муҳтарама қуда ойимларимиз ташаббуси билан бу тадбир гўёки йўқ қилинган ёки тўйхоналарда ўтказиладиган «чиллади» ва «рукишон»дан ташқари 20-25 чоғли аёлларнинг куёвникидаги дабдабали зиёфатга айланди. Нима эмиш, «Қиз борадиган уйни бошқа қариндош-уруғлар ҳам кўриб қўйсин...» эмиш. Куёв томондаги аёллар эса «оқлик-олди» баҳона қизникига бориб еб-ичиб келадиган бўлишди.

Бу бориш-келишлар ўртасидаги олди-берди, сеп-сидирғаларни санайверсак – оқ қоғознинг юзи-ю қора қаламнинг кучи етмайди. «Зумрад ва Қиммат»нинг оқ ва қизил сандиғи – бугун тўйчи хотинларнинг сарпо соладиган сандиғига айланган. Фақат уларни ташийдиган қанотли оқ тулпорлар етишмаяпти, холос.

Сарпо сандиқларидаги беҳисоб важларни: ёзги-қишки, ички-ташқи, уйлик-кўчалик қимматбаҳо либосларни, қўша-қўша пойабзалларни, косметика-парфюмерия воситаларини, яна алланима балоларни кўрган ёш қизларнинг (айниқса, Наманган шаҳрида) ўқишга, илмга интилиши нега пастлигини, қийналиб ўқигандан кўра ялтир-юлтирларга, тиллоларга бурканиб, эрга тегиб кетишни маъқул кўраётганларига шубҳангиз қолмайди!

Илгари тилимизда «мешчанлик» деган сўз бўларди. Ҳозир у деярли истеъмолдан чиқиб кетди. Бугунги тўйга, оҳанжома ва ҳашаматга ишқибозларни ана шундай «мешчанлар» деб атасак – ифодамизнинг нуқтасига урган бўламиз. Аксарият замондош хотин-қизларимизнинг бойлиги, тўқлиги ошгани сайин кўзлари оч бўлиб бормоқда. Улар: «яна, яна, яна...» дейдиган юҳоларга айланиб қолганлар. Айримлари бутун дўконни, бозорни сотиб олгилари келади. Бўлмаса неча ўн йиллардан бери келинга бериладиган ўнтагина кўйлак, яъни наманганча айтганда «сассила»нинг ўзи (деярли ҳаммага тегишли тартиб бўлган) бугун 40-50 тага чиқармиди? Узатилганида қайнонасининг пальтосини, ҳатто бир жуфт туфли ва пайпоғини киймаган келинлар бугун аҳил-иноқ турмуш кечираётганлари ҳам бор гап-ку! Шунчалик бетизгин олди-бердилар, тайёрхўрликлар эвазига нега оилавий ажримлар, муросасизликлар илдиз-пилдизи билан йўқолиб кетмаётганига ҳайрон бўласиз! Ва ўйлаб сабабини топасиз! Бойлик, латта-путталарга асир кўнгилларда маънавиятга жой қолмаяпти. Янги оила қурган ёшлар қалбида мақсад йўқ! Ахир улар нимани ҳам орзу қилиши, нимани армон қилиши мумкин? Ишлаб, пул топиб, уйига ниманидир олишга ҳавас, қишлик, ёзлик ташвишлари бўлмаса... Албатта, тўқликка шўхлик қилиб уришиб-талашади-да!

Каминани маъзур тутасизлар-у, айни пайтда ўтказиладиган никоҳ тўйларининг тартиби, қонун-қоидасида ҳам тутуруқ қолмади. Ҳар ким хоҳлаганида хоҳлаган маросимини ўтказадиган бўлиб қолди. Наманган шароитида одатда тўй куни ош тортиларди. Эллик-юз кило гуруч дамлаб. Ош тортилган кун базм, куёв навкарлар келиб, «қиз туширди» бўлар эди. Тўйдан бир кун олдин эса «новвой куни» ҳисобланиб, хатми Қуръон ўқитилиб, катта ошга тайёргарлик кўриларди. Ҳозир эса ғалати: «новвой куни» ош тортилиб, эртасига қизлар базми ва «келин туширди» бўляпти. Ахир катта ош бўлган кун – тўй куни эмасми? Яна кун увол, вақт увол...

Айрим жойларда эса хотинларнинг «рукишон»и аввалроқ ўтказилиб, ҳали куёв остонасига қадам қўймаган, эҳтимол, никоҳи ҳам ўқилмаган келинчак бегона-ю ўзиникиларга «келин салом» қиляпти. Қани бунда мантиқ?

Дарвоқе, шу «келин салом» ҳақида. Яқин-яқингача бу одат бизда умуман йўқ эди. Бу ҳам пойтахтдан кириб келди шекилли, худди мебеллар сингари. Янги келинчак, бизнингча, аввало турмуш ўртоғига, ота-онаси, қайнона-қайнотасига салом беришга бурчли. Тўй ўтгач эса уч-тўрт кун ичида хонадонга кириб келган меҳмонларга эгилиб, ибо билан салом бериши ярашиқли. Умрида кўрмаган юзлаб хотин-халаж олдига бориб эгилиши, қолмишига атрофдаги айримлар келиб уни қучоқлаб, ўпиб, бағриларига босишлари ножоиз кўринади. Ана шу пайтда узатилаётган опамнинг қайнотаси тўйдан уч-тўрт кун аввал никоҳ ўқиб қўйилган келинчакнинг намозшомдан сўнг кўчага чиқмаслиги, учраган аёл уни қутлаш баҳона бағрига босмаслиги шартлигини қаттиқ тайинлагани ёдимга тушади. Бу ҳам бўлажак келинни кўзга кўринмаган турли-туман хавфу хатарлардан асраш, муҳофаза этиш эмасми?

Ҳозирчи, тўйхонанинг тўрида куёви ёнида пари пайкарлардай оппоқ либосда ўтирган келинчакни дугоналари, қариндош-уруғлари бориб ўпиб, қучоқлаб табриклашлари, расмга тушишлари одамнинг ғашларини келтириб юборади! Шунда уларга қарата: «Бирпас тинч қўйинг келин-куёвни!» – деб бақиргингиз келади.

Кези келганда яна бир нарса ҳақида. Кўчадаги тўйхоналарда, ресторанларда никоҳ базмларини, аёллар тадбирларини ўтказиш оммалашиб бўлди. Лекин тўйларга бориб, бундай четдан кузатсангиз, бизнинг аксарият аҳолимиз ҳали бундай урфга тайёр эмаслигини сезасиз. Чунки... Уйда эмас, кўчадаги тўйхонада тўй ўтказишдан муддао – энг аввало тартиб-интизом, тўй эгаларининг уриниқдан холи этиб, меҳмонлардек ясаниб, ташрифчиларни тавозе билан кутиб олишларига имкон яратиш. Маросимни чиройли тилаклар, куй-қўшиқлар, рақслар билан маданиятли ўтказиш. Аммо яхшироқ разм солсангиз, бу ерда ёш болаларнинг кўплиги, мусиқага тўпалончиларнинг шовқини аралашиб кетганини кўрасиз. Келинларнинг қўлидаги чақалоғи йиғлаб, ғашлик қилиб ўтирғизмайди. Болаларини кўтариб, ялтир-юлтир, ерни ўпадиган «вечерний» кўйлаклари этагини судраб, катта залнинг у ёғидан бу ёғига юраверадилар. Ўтирганлар на сўзга чиққаннинг сўзини англайдилар, на қўшиқнинг мазмунини. Илгарилари ёш оналар болалари кичкиналигида на тўй-тўноққа борарди, на етаклаб турли маросимларга. Энди эса ясан-тусан қилиб, қўша-қўша гўдакларини етаклаб бориш айрим жувонларга маҳоват бўлиб қолди.

Яқинда Наманган шаҳридаги «Диёр» тўйхонаси олдидан ўтишга тўғри келди. Бу ерда «чиллади-рукишон» маросими ўтказилаётган экан. Ичкари айтилган вақтда тайёр бўлмабди шекилли ташқарида тумонат хотин-халаж тўпланган. Шу пайт ичкаридан тўйхонанинг дарвозаси очилди чамаси кекса-ю ёш ўзини эшикка урди. Буни қарангки, меҳмонлар ур-тўплигидан дарвозани тўла очишга имкон беришмасди. Бир четда кузатиб, ҳайрон бўлдик. Қимматбаҳо либослардаги аёллар шунчалик қорни ва... кўзлари очмидики, бири бирига йўл бергиси келмас, бошқадан бурун ичкарига кириб, яхшироқ жойни эгаллаб олгиси келар эди. Эҳ, одам устини ялтир-юлтир билан қоплагани билан қалбида, тарбиясида маънавият, маданият, уят, андиша бўлмаса қийин экан-да, дегимиз келди. Ва бу тўс-тўпалоннинг яна бир боиси битта таклифнома эгаси ўзи билан бир неча шеригини етаклаб келишидир. Айрим замондошларимиз бу қилиқлари билан «Чақирилмаган жойнинг тузи ҳаром» деган таъкидни унутиб қўйганлари кўриниб турибди.

Тўй-ҳашам ва маъракаларни исрофгарчиликсиз, намунали ўтказишни йўлга қўйиш ҳукумат даражасидаги масала бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлиси ўтказилди. Унда «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тўғрисида»ги Низом ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат билан бундай тадбирларни ўтказиш тартибига умумий талаблар қўйилди. Унга кўра, тўйларни фақат бир кунда соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказиш, 200-250 нафардан ортиқ меҳмон чақирмаслик белгилаб қўйилди. Никоҳ тўйи давомидаги жуда кўплаб ортиқча расм-русумлар ўтказиш таъқиқланди.

ЎзА сайтида берилган ушбу маълумотлардан сўнг хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фаоллари, мутахассислари зиммасида бу борада улкан вазифалар турганини ҳис этамиз. Ушбу Низом талабларини бажариш ҳар бир фуқаро – келин олаётган, қиз узатаётган инсоннинг «тўй харитаси» бўлмоғи шарт. Зеро, «харита»га амал қилиб иш юритган одам адашмайди.

Рислиқхон МАЖНУНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.