МАРДЛИК ВА ВАТАНПАРВАРЛИК МАКТАБИ
- Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти мамлакатимиз Қуролли Кучларига малакали мутахассислар тайёрлаш баробарида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳам маънавий, ҳам жисмоний, ҳам ақлий тобланишига хизмат қилаётган мардлик ўчоғидир.
Бунга «Ватанпарвар» ташкилотининг Наманган вилояти кенгаши фаолияти самаралари мисолида ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бугунги кунда мазкур ташкилот тасарруфида 12 та ўқув спорт-техника клуби ва вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази ёшларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, спорт-нинг техник ва амалий турларини ривожлантирилиши ва оммалаштириш, спорт ташкилотлари ва жамоалари фаолиятига кўмаклашиш, болалар, ўсмирлар ва чақирувгача бўлган ёшлар ўртасида оммавий спорт ишларини ташкил этиш, мудофаа соҳасидаги бошланғич билим бериш ва уларни ҳарбий хизматга тайёрлашда давлат ҳокимияти органларига кўмаклашиш, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касблар мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўлида самарали фаолият кўрсатмоқда.
Жумладан, жорий йилда янги ташкил этилган Наманган шаҳар ўқув спорт-техника клуби тизимнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш йўлида изчил кўрилаётган чора-тадбирлар самараси сифатида бу борадаги имкониятларни янада кенгайтирди. Бу ерда халқ хўжалигига оммавий касб ходимларини тайёрлаш бўйича инновацион технологиялар, ўқув жараёнига илғор услубларни жорий этиш учун барча шарт-шароитлар яратилди. Ушбу муассасада 17 та назарий ўқув, янги 2 та лаборатория-амалий машғулотлар, маънавият ва маърифат хоналари, автодром, техник назорат маскани ҳамда ишчи ва ходимлар, ўқувчилар учун маданий дам олиш хонаси тегишли Низом талаб-ларига кўра янги инновацион ғоя ва технологиялар асосида жиҳозланди.
Ахборот коммуникация технологиялари, «SMART BOARD M-600» русумли интерактив аннимацион доска, интерактив доска, ҳаракатланувчи «Ласетти» автомобили ва «Отайўл» автобусининг қирқимли макети, светофорлар ва аҳоли яшайдиган ҳудуд макети, замонавий кондиционерлар, юмшоқ ўриндиқли стол-стуллар, аудио-видео кузатув мосламалари, иккита замонавий автотренажёр ўқув жараёнлари самарадорлиги ва якуний имтиҳонлар шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлигига оид йўл белгилари, енгил ва юк автомобилларининг қирқилган қисмлари осилган деворий кўргазма ва паннолар, енгил ва юк автомобилларининг ишчи механизм макетлари, электрон тарзда ишлайдиган светофор макетлари, электрлаштирилган автодром ва шаҳар макетлари бўлажак ҳайдовчиларга назарий билимларни пухта эгаллашда муҳим роль ўйнаяпти.
Шунингдек, ўқув моддий-техника базаларини такомиллаштириш мақсадида жорий йилда Учқўрғон, Янгиқўрғон ва Косонсой туман ўқув спорт-техника клубларида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди, Учқўрғон туманида картадромнинг икки қаватли ўқув биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Тизимдаги ташкилотларнинг автомобиль саройларини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар билан бойитиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўзида сотиб олинган «Нексия», «Матиз», «Дамас», «Спарк», Газ-531201 русумли 26 та автомобилдан ҳозирда ўқув-амалий машғулотларда унумли фойдаланиб келинмоқда.
Маънавий-маърифий, ҳарбий ватанпарварлик тарғиботи, ташкилий оммавий ишлар «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир. Бу борада Наманган автомобиль мактаби, ўқув спорт техника клублари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда 500 дан зиёд тадбирлар ўтказилиб, уларга 37 минг нафардан кўпроқ ёшлар жалб этилди.
Айниқса, умумхалқ байрамлари ва бошқа турли муҳим саналар муносабати билан ўтказилган «Ватан - муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» шиори остидаги «Уч авлод» учрашуви, «Ватан фидойи фарзандларини унутмайди!» шиори остида 78 километр масофага «Ватанпарварлик автоюриши», Тўрақўрғон туманидаги Исхоқхон Тўра Ибрат мемориал мажмуасида ташкил этилган «Ватанпарварлик фестивали», Чуст ва Поп туманларидаги ҳарбий қисмларда спорт техникалари ва моделлари кўргазмаси, ҳаво милтиғидан ўқ отиш бўйича вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ва ўринбосарлари, ташкилот, идора ва муассасалар раҳбарлари ўртасида ўтказилган вилоят биринчилиги каби тадбирларда бир неча минглаб юртдошларимиз, асосан ёшлар қамраб олингани диққатга сазовор.
Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги «Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида белгиланган вазифалар, шунингдек давлатимиз раҳбари томонидан ўртага ташланган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича беш ташаббус ижроси доирасида Наманган тумани марказий ўйингоҳида туман ҳокимлиги, ички ишлар бўлими, ёшлар иттифоқи туман кенгаши билан ҳамкорликда «Биз - ватанпарварлармиз!» шиори остидаги маънавий-маърифий, спорт ва маданий тадбирларида Миллий гвардия, ҳарбий қисм ҳарбий техникалари, қурол- аслаҳалари ва махсус бўлимларининг кўргазмали чиқишлари, ракетамодел ва авиамоделлар учирилиши, пневматик милтиқ, триатлон, мотокросс, багги, картинг спорт техникалари намойиши ва кўргазмали чиқишлари тадбирда жалб этилган 2000 нафардан зиёд ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилган бўлса ажаб эмас.
Албатта, ташкилот тизимида ўқув-амалий машғулотлар, спорт мусобақалари ва маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари изсиз кетмаяпти. Ташкилот фаолияти самараларига унинг жойлардаги ўқув спорт техника клублари секцияларида ўз қобилиятини ривожлантираётган спортчилар эришган ютуқлари мисолида ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Қозоғистоннинг Бойқўнғир шаҳрида ракетамодель спорти бўйича ўтказилган «Байконур-2019» жаҳон кубоги халқаро мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши номидан иштирок этган «Наманган юлдузлари» жамоасининг муваффақияти нафақат вилоят, балки мамлакатимиз шаъни учун оламшумул воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан келган энг сара спортчилар баҳс олиб борган мазкур нуфузли мусобақада «Наманган юлдузлари» жамоаси ўзининг энг сўнгги русумдаги моделлари билан иштирок этди. Халқаро мусобақада Н. Зайлиддинов, С. Соқиев, С. Йўлдошалиев, Ҳ. Қурбоналиев, О. Фазлиддиновлар мамлакатимиз терма жамоаси ҳисобини 6 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медали билан бойитишга муносиб ҳисса қўшиб, ёшлар ўртасида умумжамоа ҳисобида «Наманган юлдузлари» жамоаси 1-ўринни эгаллаб, жаҳон кубогини қўлга киритди.
Шунингдек, якунланаётган йилда республика миқёсидаги мусобақаларда вилоят терма жамоаси 7 марта биринчи, 5 марта иккинчи ва 6 марта учинчи ўринни эгаллаган бўлса, шахсий биринчиликларда эса терма жамоа спортчилари 8 марта биринчи, 6 марта иккинчи ва 7 марта учинчи ўринларни эгаллади. Умумий ҳисобда наманганлик «Ватанпарвар»чилар мамлакатимиз ва МДҲ давлатларида спортнинг техник ва амалий турлари бўйича ўтказилган турли мусобақаларда 24 та олтин, 18 та кумуш, 27 та бронза медални қўлга киритгани ҳам соҳада яратилаётган имкониятлар самарасидир.
Бундан ташқари, ўқ отиш бўйича 9 нафар, радиоспорт бўйича 2 нафар, ракетамодел бўйича 2 нафар ва картинг пойгаси бўйича 7 нафар вилоят спортчиси республика терма жамоаси таркибидан муносиб жой олди.
Айни пайтда ташкилот тасарруфидаги ҳаво милтиғидан ўқ отиш, ёзги биатлон, дуатлон, триатлон, моделсозлик, ракетамодель, авиамодель, эркин учувчи авиамодель, корд авиамодель, радиоспорт, картинг, автоспорт, мотоспорт ва ҳарбий амалий кўпкураш тўгарак ва секцияларида спорт-нинг техник ва амалий турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш, ёшларни ушбу спорт турларига қизиқишларини орттириш, уларни кенг жалб этишга инновацион ёндашувлар асосида иш олиб борилмоқда. Уларда 800 нафарга яқин ёшлар, жумладан, 160 нафар қиз ҳамда 511 нафар вояга етмаган ёшлар спортнинг техник ва амалий турлари билан мунтазам шуғулланмоқда. Ҳисобот даврида вилоят тақвим режасига асосан 26 маротаба клуб, 55 маротаба туман ва шаҳар, 17 маротаба вилоят, 5 маротаба республика мусобақалари ўтказилди. Шундан клуб мусобақаларида 887, туман ва шаҳар мусобақаларида 4015, вилоят мусобақаларида 1279 нафар, республика мусобақаларида 283 спортчи иштирок этди.
Эришилаётган ютуқларда тизимнинг моддий-техника базасини давр талаби даражасида мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этаяпти ва бу борада изланишлар давом эттирилмоқда. Шу йилнинг ўзида ўқув спорт-техника клублари моддий-техника базаси 12 та картинг техникаси, 24 та спорт мотоцикли, 10 велосипед билан тўлдирилди.
Спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантиришга инновацион технологиялар, спортчиларни тайёрлаш ўқув-машқ жараёнига илғор услубларни жорий этишга қаратилган лойиҳалар доирасида Поп тумани ўқув спорт-техника клубида вилоятда ягона бўлган парашют спорт секцияси очилди.
Мухтасар айтганда, бугун «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши томонидан яратилаётган кенг имкониятларга жавобан ташкилот зиммасига юклатилган масъулиятга муносиб бўлиш йўлида изланиш, интилиш ва ташаббускорлик билан иш олиб борилмоқда.
Акрамжон САТТОРОВ.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.