ГЎШТ НАРХИ НЕГА ОШИБ КЕТДИ?
- Гўшт ва гўшт маҳсулотлари кундалик ҳаётимиздаги зарурий эҳтиёжлардан бири. Бирор бир беморни кўргани борганда иложи борича гўштли таом тайёрлаймиз. Тўй-маъракаларимиздаги таомлар ҳам, албатта гўштли бўлади.
Кейинги ойларда гўшт нархининг қимматлашгани бизни мулоҳазага чорлади. Шу йилнинг май ойи охирларида бир кило мол гўштининг нархи 38 минг сўм, қўй гўштининг нархи 42 минг сўм эди. Бугунги кунда эса мол гўштининг нархи 48 минг сўмга, қўй гўштини эса килоси 52 минг сўмга етди. Ўз-ўзидан савол туғилади: нима сабабдан гўштнинг нархи ошиб кетди?
Маълумки, ҳар қандай маҳсулот нархи кўтарилишининг объектив ва субъектив сабаблари бўлади. Муаммонинг илдизи қаердалигини ўрганишга ҳаракат қилдик ва аввало, жамоатчилик фикрини ўргандик.
Учқўрғон шаҳрида яшовчи Жамолдин Асланов бир неча йиллардан буён чорвачилик билан шуғулланади. Унинг фикрига қараганда ем-хашак нархининг қимматлиги гўшт нархи ошишига таъсир этаётган асосий омиллардан биридир.
- Авваллари бир бош қорамолни боқиб, семиртириш учун уч ой вақт кетган бўлса, эндиликда бу муддат беш-олти ойга чўзилиб кетмоқда. Сабаби, емнинг қимматлигидан ҳайвонга меъёрдаги маҳсулотни бера олмаяпмиз, - дейди Жамолдин. - Бугун бозорда бир кило кунжара 2200 сўмдан 2800 сўмгача, кепак эса 1200 сўмдан 1500 сўмгача, қозоқ уни кепаги 1600 сўм, макка дони 2200 сўмдан 2500 сўмгача сотилмоқда. Бир той сомон 13-20 минг, похол 20 минг, беда 35 минг сўм. Силоснинг 1 тоннаси 250 минг сўм бўляпти. Ана энди ўзингиз беш-олти ой давомида бир бош қорамолга кетадиган ем-хашакни ҳисоблаб кўринг.
- Ҳар қандай маҳсулот нархи унинг таннархидан келиб чиқади. Бошқа маҳсулотларнинг ҳам нархи ўсиб боряпти. Маҳсулот бир неча қўлга ўтиб кетяпти. Бошқача айтганда, гўшт олибсотарлар қўлида. Демоқчиманки, жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак, - дейди тадбиркор Аброржон Эргашев.
Меҳнат фахрийси Расулжон Зокировнинг фикри эса қуйидагича:
- Не-не қийинчиликлар билан боқиб, семиртирган ҳайвонни бозорга олиб борсангиз, олиб сотар ва даллоллар бемалол сотишингиз учун йўл бермайди. Нима қилиб бўлса ҳам молингизни бозор нархидан анчагина арзон олишга ҳаракат қилади. Қассобга сўйиб сотсангиз, калла-поча-терисидан ташқари ҳар бир килосидан 3-4 минг сўмдан фойда олади. Уларни ким инсофга чақиради?!
- Қуръони карим оятларида, ҳадисларда ўзаро муомалада, айниқса, савдо-сотиқда ҳалол бўлиш, ёлғон гапирмаслик, алдамаслик ҳақида кўп бора таъкидланган. Одам ўзи боқиб, семиртирган молни арзонга сотмайди. Халқимизда «Инсоф сари барака» деган ибора бежизга айтилмаган. Ҳар бир ишда инсоф бўлиши керак. Бирон-бир нарсани олиб сотишда унинг нархига йигирма фоизгача қўйилса жоиз. Бировнинг молини ҳар-хил йўллар билан олиш, айниқса, озиқ-овқатдек зарур маҳсулотга ҳаддан зиёд нарх қўйиш Ислом динида қаттиқ қораланади, - дейди «Нурмуҳаммад бува» жомеъ масжиди имом-хатиби Зуҳриддин Турдиматов.
Хулоса шуки, харидор ўз фойдасига савдо қилса, сотувчи ўз манфаатини ўйлайди. Бироқ шундоқ ҳам аҳолининг харид қобилиятига нисбатан баланд бўлган маҳсулот етиштириш ва сотиш билан боғлиқ муаммолар бўйича назорат кучайтирилиши керак. Муаммолар ҳал этилмаса гўштнинг нархи янада кўтарилиши мумкин.
Адашали БЕКМИРЗАЕВ,
Учқўрғон тумани.