МАЪНАВИЯТ – ИШОНЧ, МАЪНАВИЯТ – ТАЯНЧ, МАЪНАВИЯТ – ТАРАҚҚИЁТ!
Ўшанда маҳаллада ўз вазифасига кўра хат, газета ва журналларни тарқатувчи хабарчи билан рўбарў келиб қолдик. Унинг «юки анчагина енгил» эди. Яъни, тарқатилаётган маҳсулотлар орасида газета, журналлар деярли йўқлиги кўриниб турган бўлса-да, уни саволга тутдик:
- Ассалому алайкум, ҳорманг ака! Хўш, одамларга қанақа нашрларни тарқатяпсиз? Мухлислар нималарни мутолаа қилишяпти?
Хабарчи ийманибгина қўлидаги халтасига-ю велосипедидаги саватчасига назар ташлар экан жавоб қилди:
- Газета-журналлар озроқ. Асосан, чақирув қоғозларни тарқатяпмиз.
- Мазмуни қанақа?
- Мана, коммунал тўловдан қарздорларга, алиментчиларга, йўл қоидасига риоя қилмай, назорат камерасига тушганларгаям хатлар бор... Хуллас шунақалар.
Хабарчи билан ха��рлашар эканмиз, бир зиёли инсон – миллий ғоя, маънавият ва ҳуқуқ тарғиботчиси, журналист сифатида ўйга толдик. Наҳотки, китоб, газета ўқилмайдиган жойдаги (онгдаги) бўшлиқ ўрнини барча замону маконларда тараққийпарварлар томонидан қораланган лоқайдлик, бепарволик, моддиятпарастлик, қоидабузарлик, бир сўз билан айтганда, жаҳолатга мойиллик туйғулари эгаллаб олса?!
Бу борада бир томонлама фикрлаб, таъбир жоиз бўлса, бугунги кунимизда китобхон ёки газетхон «бўлолмаётганларга» «танбеҳ» беравериш ҳам жоизмикин? Айтмоқчимизки, одамларни газетхонликка даъват этиш сари, уларнинг тили ва дилидаги, қолаверса, замон талабидаги чиқишларни қила оляптими босма нашрларимиз? Дарвоқе, мажбурий обуна юзасидан, унинг жоиз ёки ножоизлиги борасида айтилмаган мулоҳаза қолмади, десак ўринли бўлар. Бу борада ҳам «маъракага келган ўз дардини айтиб йиғлайди» «қоидаси» устувор. Бироқ тааллуқли ҳолатни - одамларнинг босма нашрга муносабатини холисона таҳлил қилсак, улар газетани ўқияпти!
Республика миқёсида тарқатиладиган бир босма нашрни биламан. Адади юз мингга яқин экан. Ҳайрон бўлдим. Бу мажбурий обуна «мевасимикан?». Кейин уни бир-иккита сонини қўлимга олиб, саҳифаларидаги мақолалар мавзуси, мазмуни билан танишиб, тилимни тишлаб қолдим. Чунки, бу нашрни аввалдан ҳам билардик, билгандаям уни «сариқ газета» сифатида танирдик. Маълум бўлдики, аниқроғи, бугунги кунда ким шу нашрни «сариқ», деб баҳолаётган бўлса, ўша инсоннинг дунёқараши, савияси «сарғайиб» қолган, дейишимиз мумкин бўлади. Ахир унинг саҳифаларида ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий, спорт-маданий, хуллас, битта замон талаби даражасидаги ижтимоий-сиёсий газета бериши мумкин бўлган, бири иккинчисидан долзарб ва албатта, жиддий ҳамда танқидий-таҳлилий мақолаларни ўқидим. Ўша нашрнинг матбуот дўконидаги сотилиши миқдори билан ҳам қизиқдик. Газета сотувчисининг айтишича, бу ҳафталик нашр жудаям серхаридор экан, тезда сотилиб тугаркан. Бунда «мажбурий обуна-ю» босма нашрнинг «инқирози»га дохил ҳар қандай фикрларга мутлақо ўрин йўқ.
Ҳозир «Ҳамма жойда, бутун дунёда босма газеталарнинг аҳволи шу...» десак, жўялироқ хулосани айтган бўламизми? Умуман, электрон нашрларнинг ахборот тарқатишдаги тезлиги, айрим муаммоларни омма эътиборига ҳавола қилишда блогернинг ташаббускорлиги ҳақида гапиришдан олдин, «ахборот назарияси», тавсифи, журналист этикаси, шу тарқатилаётган ва ютоқиб ўқилаётган «ахборот»нинг тўғрилиги, мухлисларга бераётган руҳий-маънавий озуқаси ва ахборот тарқатаётган манбанинг аввало, мутахассислиги, ваколати каби жиддий ҳамда долзарб масалаларни эътибордан соқит қилмаслигимиз зарур. Чунки, у босма нашрми ёки электрон нашрми, журналистми ёки блогер бўлишидан қатъий назар саҳифадаги, сайтидаги ҳар бир узатилаётган маълумот эълон қилингач, оммавий тарғибот воситасига айланади. Айтмоқчимизки, интернет орқали кенг оммага, бутун дунёга тарқатилаётган маълумотларнинг қанча фоизи росту қанчаси ёлғон, уйдирма эканлигиниям мухлислар ажрата олишяптими?! Анча-мунча оғриқли муаммолар, долзарб масалалар борасида ижтимоий тармоқларда бонг урилгач, улар юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилаётгани таҳсинга сазовор. Афсуски, айрим ўринларда ғаразли мақсадларга йўғрилган «тарқатмалар»дан ҳам мухлислар беихтиёр «баҳраманд» бўлишмоқда. Кейин эса расмий идораларнинг ушбу ёлғонларга муносабати, раддияси ҳам эълон қилинмоқда. Инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари олий қадрият, деб эълон қилинган мамлакатимизда ҳар қандай ғаламисона уйдирмаларга асло йўл қўйиб бўлмайди. Демак, блогердан блогернинг фарқи борки, булар алоҳида мавзу.
Хўш, бугунги кунимизни бир сўз билан, интернет даври, электрон нашрлар замони, дейдиган бўлсак, ХХI асрда ана шу интернетнинг ватани ҳисобланувчи Америкада босма нашрларнинг аҳволи қандай экан?! Айтиш ўринлики, шу лаҳзаларда ҳам Америкада юз минглаб ва ҳатто, миллион нусхадаги кунлик нашрлар бўёғи қуримай газетхонларга етказилмоқда. Биргина «Нью Йорк таймс» газетаси ҳафтасига етти кун нашр қилинади ва қайси кунда чиққанига қараб, душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба, жума, шанба сонлари - 1 доллардан, якшанба сони эса - 5 долларгача нархда сотилади.
Яқинда танишлардан бири, олий тоифали врач хизмат юзасидан Туркияда сафарда бўлиб қайтди. Биз ундан Туркия-даги босма нашрларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, кунлик, ҳафталик нашрларнинг идораларда, меҳмонхоналарда газетхонлар томонидан қизғин мутолаа қилинаётганига гувоҳ бўлган.
Президентимизнинг 2019 йил 8 апрелда «Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллий ғояни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши ва давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 майда «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ишлари янги босқичга кўтарилиб, соҳага устувор масала сифатида алоҳида эътибор қаратилаётган экан, Ўзбекистонимиз тараққиётининг янги босқичида дунёда жадал кечаётган мафкуравий, геосиёсий жараёнларни теран англаб, ёш авлодни, жамиятимизни турли ёт ғоялар, бузғунчи тарғиботлар хуружидан ҳимоя қилиш борасида биз журналистлар, рисоладаги блогерлар, умуман, ижодкор қалам аҳли ҳамиша илғорликни, ташаббусни намойиш қилиб, ҳамжиҳатликда, якдилликда мамлакатимиз ободлиги, барча соҳаларда янада тараққий этиши, файзга тўлиб фаровон бўлиши йўлида фаолият олиб боришимиз шарт! Бинобарин, маънавият ҳар бир эзгу ният, эзгу сўз ва эзгу ишларда, тараққиётимизда ҳал қилувчи асосий таянч ва мустаҳкам устундир.
Муҳиддин МАҒЗУМОВ,
«Наманган ҳақиқиқати» газетаси махсус мухбири.