МИНТАҚАВИЙ ЛОЙИҲА ДОИРАСИДА
- Орадаги анча йиллар давом этган узилишдан сўнг қўшни Тожикистон билан ҳар томонлама дўстона алоқаларнинг тиклангани ва тобора мустаҳкамланаётгани икки қардош халқ юрагидаги айни муддао эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг «Савдо ривожланишига кўмаклашиш» минтақавий лойиҳаси фаолияти доирасида Тожикистон ишбилармон ва тадбиркор хотин-қизларидан иборат делегациянинг вилоятимизга ташрифи ана шу ҳамкорлик ва яқин қўшничиликнинг меваларидан бўлди, десак хато қилмаймиз.
Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад вилоятимизда аёллар тадбиркорлигини ўрганиш бўлиб, дастлаб делегация аъзолари Савдо ва саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида, вилоят «Ҳунармандлар» уюшмасида бўлишди.
«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармасидаги учрашувда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Иродахон Қўчқорова Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар, амалий кўмаклар, банклардан ажратилаётган имтиёзли кредитлар ва бошқалар ҳақида гапириб, мавзуга доир маълумотларни берди. Жумладан, Президент ўртага ташлаган беш ташаббуснинг бешинчиси айнан хотин-қизлар бандлигига бағишлангани, бу борада оламшумул вазифалар қилинаётганини алоҳида таъкидлади.
Вилоят «Тадбиркор аёл» уюшмаси раиси Лола Абдуҳалимова хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар, олдиндаги режалари ҳақида ўртоқлашди.
Делегация раҳбари Гулсара Мамаджонова ва бошқа меҳмонлар ташрифнинг дастлабки учрашувларидан олган таассуротларини баҳам кўришди. Соҳага доир кўплаб саволлар бериб, қониқарли жавоблар олишди.
Меҳмонлар мулоқотлар давомида фақатгина аёллар тадбиркорлигини ўрганиш билангина чекланиб қолишмади. Уларни вилоятимиз хотин-қизларининг ижтимоий фаоллиги, маънавияти, кийиниш маданияти, оилалар мустаҳкамлиги, эр-хотинлар ажрашиши, хотин-қизлар жиноятчилиги каби кўплаб масалалар қизиқтирди.
Шундан сўнг тожикистонлик аёллар делегацияси Чустга йўл олди ва у ерда болалар трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Чуст Ўктамжон сервис» оилавий корхонаси фаолияти билан танишди. «Давронбек Ғайбулло» фермер хўжалигида бугунги кундаги долзарб юмушларни чустликлар нечоғли ғайрат-шижоат билан адо этишаётганини кўришди. Туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўринова меҳмонларни кутиб олди. Туман ҳаётига дахлдор жуда кўп саволларига жавоб берди.
Тожикистонлик аёллар делегацияси бугун ҳам вилоятимиз бўйлаб танишувларини давом эттиради.
Рислиқхон МАЖНУНОВА.
Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.