November 27, 2019

УЧҚЎРҒОН ТУМАНИДАГИ АБГОР ЙЎЛЛАР ҚАЧОН ТАЪМИРЛАНАДИ?

  • Учқўрғон тумани “Учкўприк” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан халқ депутатлари туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси У.Мажидовга мурожаат келиб тушди.

Унда айтилишича, ушбу маҳаллада кўп йиллар давомида ҳал этилмай келаётган муаммолар мавжуд. Энг катта муаммо – ички йўлларнинг таъмирталаблиги, уларда йилнинг қиш ва баҳор ойларида транспорт қатновининг чекланиши. Чунки икки қишлоқни боғлаб турувчи йўлга илк бор 1975 йилда асфальт ётқизилган. Шундан буён бу йўллар билан ҳеч ким қизиққани йўқ.

“Учкўприк” МФЙда яшовчи З.Қодированинг билдиришича, аҳоли йўлларни таъмирлаб беришни сўраб, маҳаллий ҳокимият ва Учқўрғон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига бир неча марта мурожаат қилган. Шунга қарамай, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган.

“Йўлсозлик – улуғ, шу билан бирга, машаққатли касб. Халқимизнинг “Йўл қуриш — савоб” деган пурмаъно нақли замирида ҳам ана шу ҳаёт ҳақиқати мужассам, десак муболаға бўлмайди. Чунки йўлларнинг ҳолати яхши бўлса, одамларнинг оғири енгиллашади, узоғи яқинлашади, турмуш шароити яхшиланади. Агар ёмон бўлса-чи?  Мана, Учқўрғон йўлсозларига мурожаат қилганимизга ҳам бир йил бўлди. Лекин шу вақтга қадар на тайинли жавоб олдик, на ижобий ўзгаришни кўрдик”,  – дейди  З.Қодирова.

Ушбу ҳолатни ўз назоратига олган халқ вакили У.Мажидов жорий йил 27 февраль куни Учқўрғон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Х.Атахановга депутатлик сўрови юборди. Туман йўлсозларидан келган жавоб хатида шундай дейилади.   

“Аҳоли томонидан билдирилаётган эътирозлар тўғри. Ҳақиқатдан ҳам йўлларимиз анча таъмирталаб, сиз айтаётган уч километрлик йўл анча йиллардан бери таъмирланмаган. Муаммони бош сабаби — маблағ йўқлиги. Чунки ички йўллар маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ ажратилганидан сўнг босқичма-босқич таъмирланади. Шу боис “Учкўприк” МФЙдаги “Х.Темиров” кўчаси ҳам навбатдаги “Манзилли рўйхат” дастур асосида таъмирланади”.

Биз ушбу йўл таъмирланиши масаласида Учқўрғон йўлсозларидан ҳам, қолаверса, Наманган вилояти йўл таъмирлаш бошқармаларидан жавоб кутиб қоламиз.

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати