САЙЛОВЛАР ХАЛҚАРО ҲАМЖАМИЯТ НИГОҲИДА БЎЛАДИ
- Наманганда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлигида сайловларда халқаро ташкилотлар ва халқаро кузатувчилар билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайловлар олдидан ташкил этилган мазкур тадбирда Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлари ҳоким ўринбосарлари, мазкур вилоятлар давлат ва жамоат ташкилотлари, муассасалари, сиёсий партиялар вакиллари иштирок этди.
Семинар аввалида таъкидландики, демократик ислоҳотлар чуқурлашиб бораётган мамлакатимизда сайлов институтининг ҳуқуқий асослари ҳам тобора такомиллашиб, халқаро меъёрларга мослаштириб борилмоқда ва бу бўлиб ўтган сайловлар якунлари бўйича халқаро эксперт ташкилотларнинг ҳисоботларида ҳам эътироф этилмоқда.
– Халқаро ташкилотлар ва кузатувчилар иштироки сайловларни демократик тамойилларга амал қилган ҳолда ўтказишнинг муҳим шартларидан биридир, – дейди семинарни бошқариб борган Марказий сайлов комиссияси котибияти халқаро бўлими бошлиғи Б. Исмоилов. – Шу нуқтаи назардан, олдимизда турган муҳим сиёсий кампания жараёнларида халқаро ташкилотлар вакиллари ва кузатувчилар билан ўзаро ҳамкорликда ишлашда жараёнга алоқадор барча субъектлардан катта масъулият талаб этилади. Бу йилги сайловларда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган 57 давлатдан 250 нафарга яқин қисқа муддатли, 30 нафар узоқ муддатли, шунингдек, бошқа давлат ва халқаро ташкилотлардан 300 га яқин, жами 600 нафардан зиёд кузатувчи иштирок этиши кутилмоқда.
Семинарда Марказий сайлов комиссияси котибияти халқаро бўлими бошлиғи Б. Исмоиловнинг миллий сайлов қонунчилигининг такомиллашуви самараси – Сайлов кодекси, парламентга сайловларда халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлардан кузатувчиларнинг иштирокини таъминлаш тартиби; Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти экспертлари – Молдова давлат университети профессори Ю. Чокан ва Молдова Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси В. Филиповнинг сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишнинг, сайлов жараёнларида кузатувчилар фаолиятининг халқаро андозалари, сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишда маҳаллий ҳокимиятнинг роли ва ўрни, Ўзбекистонда сайловларда халқаро меъёрларга риоя этилиши юзасидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти миссиясининг хулосалари каби мавзулардаги маърузалари тингланди.
Иштирокчиларнинг сайловнинг халқаро меъёрий-ҳуқуқий асослари, сайловларда халқаро кузатувчиларнинг роли, уларнинг фаолияти қоидалари, сайловларни баҳолаш андозалари юзасидан саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Акрамжон САТТОРОВ.