ЧУСТДА ҲОКИМ ҚАРОРИ БАЖАРИЛМАЙДИМИ?
70 НАФАР ФУҚАРОГА УЙ-ЖОЙ ҚУРИШ УЧУН СОТИЛГАН ЕР МАЙДОНИ ҚАЧОН АЖРАТИБ БЕРИЛАДИ?
- Чуст туманидаги Ахча маҳалласида истиқомат қилувчи аҳолининг кўпчилиги битта хонадонда уч-тўрт оила бўлиб яшайди. Ушбу аҳоли вакиллари 2017 йилдан буён уй-жой қуриш учун ер ололмай ҳалак. Уй-жойга муҳтож оилалар мазкур масалада туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилишса-да, муаммо ечилмасдан қолиб кетмоқда.
Маълум бўлишича, Чуст тумани ҳокимлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси томонидан мазкур масала атрофлича ўрганиб чиқилади. Унга кўра, туманда жойлашган Ахча массиви қишлоқ хўжалиги харитасининг 767-контуридаги ер майдони суғориш тармоғи мавжуд эмаслиги сабабли ўн йилдан бери бўш ётгани, у ерга кўп йилдан бери қишлоқ хўжалиги экинлари экиш режада ҳам йўқлиги маълум бўлади. Шундан сўнг ушбу ер майдони маҳалла фуқароларига эркин савдога чиқариш орқали уй-жой қуриш учун ажратиб бериш бўйича хулосага келишади.
Шундан сўнг Чуст туман ҳокими Баҳодир Охунов уй-жойга муҳтож аҳоли вакиллари дардини тинглаб, аризаларини ўрганиб чиқади. Бу бўйича туман ҳокимининг 2018 йил 18 августдаги 1981-сонли қарорига асосан тумандаги Ахча ШФЙ, Зувутқанд МФЙ, Ахча массиви ҳудудидаги қишлоқ хўжалик харитасининг 767-контуридаги ер майдонидан жами 3,5 гектар ер майдони “FAR-PIRAMIDA INVEST” МЧЖ вилоят филиали томонидан савдога қўйилган эди. Ушбу ер майдони тумандаги 70 нафар фуқарога уй-жой қуриш учун сотилади.
Бироқ, мутасадди ташкилотлар ҳоким қарорини бажармасдан ҳозирги кунга қадар аҳолига ер майдонларини ажратиб бермаяпти. Аҳоли вакиллари туман, вилоят прокуратураларига ҳам мурожаат қилган. Бироқ муаммо ўз ечимини топмаяпти.
Ушбу муаммо юзасидан аҳоли вакиллари ЎзЛиДеП Чуст туман кенгашига мурожаат қилишди. Аҳоли муаммосига ечим топиш мақсадида халқ депутатлари Чуст туман кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзоси Ғаффор Расулов бириктирилди ва депутатлик сўрови чиқаришга келишиб олинди.
Юлдуз ЮЛДАШЕВА,
O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби