October 5, 2019

«АNAMED»ДАН УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ РАМЗИ

Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ олган сурат.
  • 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Наманган шаҳридаги «АNAMED» хусусий клиникаси раҳбари ва тиббий жамоаси ажойиб байрам совғасини ҳозирлади. Ушбу энг сўнгги замонавий тиббий асбоб ва аппаратуралар билан жиҳозланган клиникада кўп йиллар ёш авлодга сабоқ берган бир гуруҳ устозлар бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Шуниси эътиборга моликки, шу куни клиника байрамона безатилди ва ҳамширалар устозларга қўлларида гулдасталар билан пешвоз чиқишди. Муаллим ва мураббийлар тиббий кўрикдан ўтиш билан бирга клиникада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Уларга улашилган байрам совғалари кўнгилларига янада кўтаринкилик бағишлади.

Дарвоқе, Наманган шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг фидойи ўқитувчиси Гаспарян Альвард Радиковна клиника шифокорлари томонидан кичик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Муваффақиятли амалиёт муаллимани бир неча йиллардан буён қийнаб келган дарддан фориғ қилди.

- Нафақат устозлик касби, балки бу номнинг ўзиёқ қалбимизда чексиз меҳр-муҳаббат ва миннатдорлик ҳиссини уйғотади, - дейди клиника раҳбари Носирбек Абдуллахонов. – Чунки устозларимиз бизга фақатгина фанлар эмас, ҳаёт илмини ҳам ўргатадилар. Бизнинг ҳаётда ва жамиятда ўз ўрнимизни топишимизда уларнинг ҳиссаси ва хизмати беқиёс ва ўлчовсиз.

Айтиб ўтиш жоиз, Н. Абдуллахонов мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига биноан «Дўстлик» ордени билан тақдирланган, «Билимлар куни»да ушбу орден учун ҳукуматимиз томонидан берилган 7 миллион сўм пул мукофотини ўзи таҳсил олган шаҳардаги 4-умумий ўрта таълим мактабига туҳфа қилган эди.

Санжарбек ҲАМИДОВ.