October 8, 2019

ЧИҚИНДИЛАРНИ ОЛИБ ЧИҚИБ КЕТИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

  • Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича фуқаролар томонидан кўп бериладиган саволлардан бири бу - «Чиқиндиларни олиб чиқиб кетилиши учун пул тўлаймиз, аммо чиқиндилар вақтида олиб кетилмайди. Кимга мурожаат қилишим керак?».

Албатта, бу ўринли савол. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 2 октябрдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 2-боб 6-бандида:

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш кўп квартирали турар жой секторида — чиқинди тўплаш шохобчаларидан, якка тартибдаги турар-жой секторида эса «сигнал» усулида амалга оширилиши, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги чиқинди тўплаш шохобчаларидан бир кунда бир марта, «сигнал» усулида — уч кунда бир мартани ташкил этиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, мазкур қарорнинг 6-боб 24-бандида

Жисмоний шахслар:

кўп квартирали уйларда — қаттиқ маиший чиқиндиларни чиқинди тўплаш шохобчаларига жойлаштиришда контейнерларга ташлайдилар;

якка тартибдаги турар-жой секторида — қаттиқ маиший чиқиндиларни махсус автотранспорт воситаси «сигнал» усулида, жадвал бўйича келгунига қадар ўз ҳудудларида сақлайдилар ва махсус автотранспорт воситасига жойлаштирадилар, деб белгиланган.

Санитар тозалов хизмати кўрсатувчи ташкилот чиқинди машинаси қайси кўчага қачон келиши масаласини ўша ҳудуд маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан келишган ҳолда белгилайди. Шунингдек, чиқинди машинаси жадвал асосида маҳалланинг қайси кўчасига киришини ҳам маҳалла мутасаддиси ҳал қилади ва бажарилган иш тўғрисидаги маълумотномага маҳалла раиси имзо чекиб, муҳр босиб беради. Бордию ушбу қоидалар амалга оширилмаган бўлса фаолият ноқонуний ҳисобланади.

Бундан ташқари умуман санитар тозалов хизматлари кўрсатилмайдиган маҳаллалар ҳудудлари мавжуд бўлиб, бундай ҳолатда маҳалла ва санитар тозалов хизмати кўрсатувчи ташкилот билан бир марталик шартнома имзоланади ҳамда кўрсатиладиган хизмат учун тўлов тўланганидан сўнг белгиланган тартибда чиқинди ташиш машинаси жўнатилади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташламаслик керак . Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91-моддасида саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш —

Фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд табиий муҳитга зарар етказган бўлса, —

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Афсуски, барча огоҳлантириш, тушунтириш-тарғибот ишларига қарамай, айрим фуқаролар белгилаб қўйилган қоидаларга риоя қилишмаяпти.

Наманган шаҳридаги Курашхона маҳалласида яшовчи Т.Қ. уй-рўзғор чиқиндиларини белгиланмаган жойга ташлаётгани профилактик тадбирга асосан ўтказилган рейд мобайнида аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 91-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг уч баравари, яъни 669000 сўм миқдорида жарима қўлланилди.

Наманган шаҳридаги Мирсаидов кўчасида яшовчи фуқаро М.Т. белгиланмаган жойга сўйилган ҳайвон чиқиндисини ташлаётгани аниқланиб, унга нисбатан ҳам МЖтКнинг 91-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг 5 баравари – 1 115 000 сўм жарима жазоси тайинланди. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.

Асосий мақсадимиз атроф-муҳит мусаффолиги, аҳоли саломатлиги ва ҳудудлар ободончилигини таъминлашдан иборат.

М. САТИМХЎЖАЕВ,

вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлими бош мутахассиси.

Б. АҲРОРОВ,

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Наманган шаҳар инспекцияси давлат инспектори.