November 27, 2019

АҲОЛИНИНГ ИЧИМЛИК СУВИ БИЛАН ТАЪМИНЛАНГАНЛИК ДАРАЖАСИНИ ОШИРИШ ВА УНИНГ СИФАТИНИ ЯХШИЛАШ УЧУН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ СУВ РЕСУРСЛАРИНИ БОШҚАРИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Сўнгги йилларда мамлакатимизда сувдан оқилона фойдаланиш, унинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, сув истеъмолини ҳисобга олишнинг замонавий инновацион тизимларини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилган ҳолда сувдан фойдаланиш, шу жумладан, сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сувдан фойдаланишни самарали тартибга солишни таъминлаш учун сув ресурсларини бошқариш бўйича янги тузилмалар яратилган, сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасига хусусий секторни жалб қилиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.

Бироқ глобал иқлим ўзгариши туфайли республикада қуруқ фаслларнинг давомийлиги ошиб бормоқда, тоғларда қор захиралари майдони камаймоқда, камсувлик такрорланиши тобора кўпаймоқда, бу эса, ўз навбатида, сув танқислиги келиб чиқиш хавфининг ошишига олиб келади.

Шу билан бирга, мамлакат сув балансини бошқаришда ваколатли давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш зарур даражада олиб борилмаяпти, шунингдек, сув ресурслари сифати ва хавфсизлиги мониторингини амалга оширишнинг самарали тизими яратилмаган.

Сувдан оқилона фойдаланишни таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг хавфсиз ва сифатли сув ресурсларига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш, сув балансини бошқаришнинг самарали тизимини яратиш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифаларига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) томонидан етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг сув таъминоти ва сув чиқариш тизимини ривожлантириш стратегияси концепцияси ишлаб чиқилаётгани маълумот учун қабул қилинсин:

республиканинг Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, хавфсизлиги ва сифатини таъминлашнинг ягона марказлаштирилган тизимини яратиш, шунингдек, ягона сув балансини шакллантириш;

республика сув таъминоти корхоналари негизида сув таъминоти ва сув чиқариш тизимлари объектларини эксплуатация қилишда ягона оператор функциясини бажаришни амалга оширадиган алоҳида корпоратив тузилмани ташкил этиш;

республиканинг сув ресурсларини бошқариш тизимини автоматлаштиришни ва ушбу соҳадаги барча бизнес жараёнларини рақамли форматга ўтказишни таъминлайдиган “Рақамли сув таъминоти корхонаси” тизимини жорий этиш;

соҳа корхоналарини модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлашни амалга ошириш мақсадида инвестицияларни, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб этиш;

замонавий талаб ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш.

2. Вазирлик Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, хавфсизлиги ва сифатини таъминлашни мувофиқлаштириш соҳасида, шунингдек, ягона сув балансини шакллантириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгилансин ва унинг зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

сув балансининг ягона ахборот тизимини яратган ҳолда Ягона давлат сув фонди сувларининг миқдорий ва сифат кўрсаткичлари тўғрисида ваколатли органлар ва ташкилотларнинг маълумотларини тўплаш, умумлаштириш ва тизимлаштириш орқали республиканинг ягона сув балансини шакллантиришни ташкил этиш;

сувни ҳисобга олишнинг ҳолати, унинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш тўғрисида ваколатли органлар ва ташкилотлар томонидан
тақдим этилаётган маълумотларнинг ишончлилиги мониторингини ўтказиш, зарур бўлганда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш;

Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш бўйича ваколатли органлар ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

тоза ичимлик сувининг стратегик захираларини яратишни ташкил этиш, шу жумладан, катта ҳажмдаги захира манбаларини барпо этиш;

сувдан фойдаланиш соҳасида замонавий инновацион технологияларни, шу жумладан, сувнинг миқдори ва сифатини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни мувофиқлаштириш, уларнинг республика сув балансининг ягона ахборот тизимига интеграциялашувини таъминлаш.

3. Вазирликнинг марказий аппарати таркибига Ягона давлат сув фонди сувларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш, республиканинг ягона сув балансини шакллантириш, шунингдек, сув таъминоти ва сув чиқариш тизимига замонавий технологияларни жорий этишни ташкил қилиш ва мувофиқлаштиришга масъул бўлган вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими киритилсин.

4. Вазирлик марказий аппарати таркибида:

Ягона сув балансини шакллантириш ва мониторинг қилиш бош бошқармаси;

Ягона давлат сув фонди сувларининг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш бошқармаси;

Сув таъминоти ва сув чиқариш тизимларига замонавий технологияларни жорий этиш бошқармаси тузилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Вазирликда янги ташкил этилаётган бошқармаларнинг штатлари сони Вазирликнинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларининг тегишли штатлар сонини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

5. Вазирлик, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясини Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси сифатида қайта ташкил этиб, амалдаги вазифа ва функцияларини, шунингдек, молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда Вазирлик таркибига ўтказиш;

“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятини ташкил этиш ва унинг устав капиталини мазкур Фармоннинг 1-иловасида кўрсатилган Вазирликнинг давлат унитар корхоналари устав капиталидаги давлат активлари ва улушларини топшириш ҳисобига шакллантириш, шунингдек, ушбу корхоналарни масъулияти чекланган жамиятлар сифатида қайта тузиш;

2020 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг кўрсатилаётган сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш бўйича функцияларини “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларга ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Вазирлик томонидан Ягона давлат сув фондининг барча сувлар турларига нисбатан миқдорий ва сифат кўрсатк��члари тўғрисидаги маълумотларни акс эттирувчи республика сув балансининг ягона ахборот тизими юритилади;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази Ягона давлат сув фондининг барча сувлар турларига нисбатан миқдорий ва сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини тизимли равишда Вазирликка тақдим этиб боради;

Вазирлик сувни ҳисобга олишнинг тўғрилигини, унинг хавфсизлиги ва сифатини тасдиқланган ва янгиланган маълумотларни ягона маълумотлар базасига киритган ҳолда мониторинг қилади, шунингдек, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқади ҳамда уларни сувдан фойдаланишни тартибга солиш соҳасидаги ваколатли органлар ва ташкилотларга жўнатади;

Вазирлик тизимли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига сувни ҳисобга олиш ҳолати, унинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш, шунингдек, республиканинг ягона сув балансини шакллантириш тўғрисидаги ҳисоботни аниқ таклифлар билан тақдим этиб боради.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги низом ва республика аҳолисини сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқласин.

8. Молия вазирлиги Вазирлик билан биргаликда бир ой муддатда сув таъминоти корхоналарининг халқаро молия институтлари олдидаги қарздорлигини хатловдан ўтказсин ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига молиявий юкни камайтирган ҳолда уни қоплаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Вазирлик билан биргаликда бир ой муддатда келгуси йилларда халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган сув таъминоти ва сув чиқариш тизимини яхшилаш бўйича лойиҳалар рўйхатини шакллантириш, шунингдек, паст рентабелли лойиҳалар ва тақдим этилаётган хизматлардан кредит қопланиши 50 фоиздан кам бўлган лойиҳаларнинг амалга оширилишига йўл қўймаган ҳолда улар бўйича техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқишни таъминласин.

10. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда хорижий маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар сув таъминоти ва сув чиқариш тизимларини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш чораларини кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда сувдан фойдаланишнинг стратегик йўналишлари, ягона ёндашув, автоматлаштириш механизмлари ва босқичларини ишлаб чиқиш ва унинг барча жараёнларини рақамли форматга ўтказишни таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.

13. Вазирлик манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг республика сув таъминоти тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарори лойиҳасини;

қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

14. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2019 йил 26 ноябрь