ЭНДИ ТЕХНИКАНГИЗНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШДА МУАММО БЎЛМАЙДИ
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 мартдаги «Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида март ойидан буён 2250 та қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, тиркамалар инспекция органларида рўйхатдан ўтказилиб, 2250 тасига техник паспорт, 2186 та давлат рақам белгиси, 357 тасига қишлоқ хўжалик машинаси гувоҳномаси ҳамда 1816 нафар шахсга тракторчи-машинист гувоҳномаси берилди.
Мазкур қарорнинг 4-бандида техника ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлимига қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник ҳолати, уларнинг эксплуатация қилиниши самарадорлиги, шунингдек, сервис ва таъмирлаш хизматларининг сифати устидан назоратни амалга ошириш вазифаси юклатилган.
Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига давлат рақами белгиларини ва қатъий ҳисобдаги бланкаларни беришда, рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда), техник кўрикдан ўтказишда, шунингдек, тракторчи-машинист им-тиҳонларини олишда белгиланган миқдорда тўлов ставкалари ундирилади.
Шунингдек, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳрида, 2020 йил 1 мартдан бошлаб республика бўйича — тегишли равишда тракторчи-машинист гувоҳномасини расмийлаштиришда — тракторчи-машинист гувоҳномасининг, техникаларни рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) — техник паспорт ва техник гувоҳноманинг янги намуналари берилади. 2020 йил 1 март — 2020 йил 31 декабрь даврида эски намунадаги техник паспорт ва техник гувоҳнома, тракторчи-машинист гувоҳномаси, уларнинг берилган санасидан қатъи назар, эгаларининг аризасига кўра, мажбурий техник кўрикдан ўтказишда, олди-сотди, рўйхатдан ўтказиш ва чиқариш даврида алмаштирилади. Ва 2021 йил 1 январь — 2022 йил 31 декабрь даврида эски намунадаги барча техник паспорт ва техник гувоҳнома, тракторчи-машинист гувоҳномаси, уларнинг берилган санасидан қатъи назар, мажбурий тартибда алмаштирилади.
Эгалик ҳуқуқи берилмаган, яъни оддий халқ тили билан айтганда, ҳужжатсиз техникаларни энди инспекциядан вақтинча рўйхатдан ўтказиш ва уларга техник хужжат, давлат рақам белгиси шунингдек, қишлоқ хўжалик машинаси гувоҳномаси берилиши йўлга қўйилди.
Техникаларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказмаслик – бу техникага нисбатан эгалик ҳуқуқининг йўқлигини билдиради. Рўйхатдан ўтказилмаган техникага давлат рақам белгиси ва техник ҳужжат берилмайди, суғурта қилинмайди ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш учун рухсатнома (лицензия) берилмайди. Лицензиясиз фаолият олиб бориш қонунга зиддир!
Рўйхатдан ўтмаган техника ўғирлатилганда унга нисбатан қидирув ишлари олиб борилмайди, техноген офат натижасида техникага етказилган зарар юзасидан хулоса ва тендер танловларида иштирок этишда, банкдан кредит олишда ёки бошқа ҳолатларда техникани гаровга қўйишда маълумотнома берилмайди. Белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтмаган техникадан фойдаланиш, йўлга чиқариш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Умархон ЮНУСОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бош инспектори.