ЖОМАШЎЙДА "ОБОД МАРКАЗ" УЧУН НИМА ИШЛАР ҚИЛИНДИ?
- Мингбулоқ тумани маркази Жомашуй шаҳарчаси «Обод марказ» дастури асосида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида том маънодаги замонавий маъмурий марказ қиёфасини касб этди.
Мазкур дастур ижросига киришилгандан сўнг ўтган қисқа вақт ичида Жомашўй шаҳридаги 117 та объектда «Обод марказ» дастури учун ажратилган 28,6 миллиард сўм, шунингдек, вилоят ва туман бюджет маблағлари, банк кредитлари, маҳаллий корхоналар ҳамда тадбиркорларнинг сармоялари ҳисобидан жами 98 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди.
Бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда туман халқ таълими бўлими бинолари, Яшил хиёбон қурилиб, фойдаланишга топширилди. 3 та мактабгача таълим муассасаси, битта умумтаълим мактаби, қишлоқ хўжалик коллежи ҳамда туман мусиқа ва санъат мактаби каби 6 та ижтимоий соҳа объекти янгидан қурилди ёки таъмирланди.
Лойиҳа қиймати 3 миллиард сўм бўлган реконструкциядан сўнг туман маданият саройи энг замонавий меъморий ечимга эга бўлган муҳташам бино сифатида ҳудуд кўркига кўрк қўшди. Шунингдек, 1,64 миллиард сўм маблағ сарфланиб қайта қурилган туман маданият ва истироҳат боғини номига муносиб масканга айлантирилди.
Ўртасида Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилган Хотира хиёбони тимсолида она Ватан ҳимояси, тинчлик йўлида жонини фидо қилган мингбулоқлик мард ўғлонлар номи абадийлаштирилди.
Бундан ташқари, мажбурий ижро бюроси туман бўлими, ички ишлар, мудофаа ишлари бўлимлари, машина-трактор парки бинолари ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари натижасида замонавий қиёфа касб этди.
Туман марказининг инфратузилмавий муаммоларига барҳам бериш мақсадида 16 километр масофада ичимлик сув тармоғи тортилиши натижасида тумандаги 1 минг 780 хонадонда яшовчи 10 мингдан зиёд аҳолининг ичимлик суви таъминоти йўлга қўйилди.
Жомашўй марказий кўчалари кенгайтирилиб, асфальтланди, йўл четидаги бетон ариқлар янгиланиб, пиёдалар йўлакчалари қурилди ва йўл бўйига тунги ёритгичлар ўрнатилди.
Тадбиркорлар томонидан 16 та янги савдо, маиший хизмат ҳамда ишлаб чиқариш объекти қурилиб, ишга туширилди, 27 таси мукаммал ва жорий таъмирланди.
«Обод марказ» дастури асосида барпо этилган ва реконструкция қилинган объектларни фойдаланишга топшириш муносабати билан вилоят, туман ҳокимлиги, бошқармалар, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, фахрийлар ҳамда ёшлар вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тантанали маросимлар катта байрамга айланиб кетди.
Тантаналарда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худайбергенов, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.
Акрамжон САТТОРОВ.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.