СЕНАТДА НАМАНГАН ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ ХАЙРУЛЛА БОЗОРОВ ҲИСОБОТИ ЭШИТИЛДИ
- Олий Мажлис Сенати аъзолари Наманган вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
Қайд этилганидек, жорий йил январь-август ойлари якунлари бўйича вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилган. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5 трлн. 137 млрд. сўмни (109,5 %) ташкил этди, 3 трлн. 541 млрд. сўмлик халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарилди.
Президентимизнинг 2017-2019 йиллардаги ташрифлари чоғида вилоятни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинганлиги таъкидланди. Жумладан, бу даврда 14,7 трлн. сўмлик маблағлар ўзлаштирилиши ҳисобига 1252 та лойиҳа амалга оширилди, 26275 та янги иш ўрни ташкил этилди.
Мазкур вилоятда тадбиркорликнинг барча шаклларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, жорий йилда 4 минг 622 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилган бўлиб, бу эса ўтган йилга нисбатан ўсиш икки баравар ташкил этганлигини англатади. Вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирга қадар 235,0 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 3,1 бараварга ўсди.
Сўнгги уч йилда вилоят халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида ва доимий комиссиялар мажлисларида ижро этувчи ҳокимият органларидаги 812 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботлари эшитилди. Бу эса ўз навбатида ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга кўмаклашди.
Парламент аъзолари томонидан Наманган вилоятида ҳудудларни ривожлантиришга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари иши самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатадиган муаммо ва камчиликлар мавжудлигини айтиб ўтилди. Шу муносабат билан маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаоллигини ошириш, уларнинг фаолиятига янги усуллар ва ёндашувларни жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар орасида республика ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларни таъмирлаш, давлат аҳамиятига молик Фарғона ҳалқа йўлини модернизациялаш ва кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Ушбу йўлдан 2018 йилда 25-30 минг киши, бугунги кунгача эса 30-35 минг киши фойдаланди. Аммо амалдаги нормаларга мувофиқ мазкур йўл бор-йўғи 10-15 минг автони ўтказиш имкониятига эга.
Жорий йилнинг ўтган даврида бу йўлда аянчли оқибатларга олиб келган кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилгани, уларнинг кўпчилиги қарама-қарши томонга чиқиб кетиш билан боғлиқ. Шу туфайли хавфсизликни таъминлаш ва ҳайдовчиларга қулайлик яратиб бериш учун йўналишнинг қатнов қисмларини қайта қуриш ва иккитадан тўрттага кенгайтириш ҳамда ҳимоя йўл тўсиқлари ўрнатиш зарурлиги ҳақида сўз борди. Бу вазифани молиялаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш муҳимлигига урғу берилди.
Вилоятда аҳолининг сув таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан, аҳолининг 37,8 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Мавжуд 508 та сув олиш иншооти қувватининг атиги 46 фоизидан фойдаланилмоқда, сув қудуқларининг 13 фоизи таъмирталаб, 8 фоизи яроқсиз ҳолга келган. Маҳаллий ҳокимликларнинг мелиоратив ишлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ ташаббуслари масъул вазирликлар ва идоралар томонидан батафсил ўрганилмаяпти.
Сенаторлар томонидан ҳудудни янада ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ишини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.