November 9, 2019

«ШУНЧАКИ ДАВОЛАШГА ЎРГАНМАГАНМАН»

  • Аксарият касалликлар шундоқ кўзга кўриниб туради: белгилари, ўзгаришлари билан. Аммо асаб тизими хасталиклари худди электр токи сингари кўзга ташланмайди. Бироқ оғриқлари, оқибатлари билан беморига қаттиқ азоб беради. Вақтида олдини олмаса, даволамаса тўшакка михлаб қўйиши турган гап. Қирқ йиллик иш тажрибасига эга врач-невропатолог Мастурахон Акбарова Андижон Давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётганда, шифокорлик соҳалари танланаётганда ана шу машаққатларни ўйлаганмикан?

– Албатта билардим, – дейди у. – Лекин даволаш жараёнида бемор врач томонида туриб, кўрсатмаларига қатъий амал қилса – касаллик чекинади, биз ғалаба қозонамиз. Аксинча, инсон қачон ётиб қолмагунча шифокорга учрамаса, ўтказиб юборса – унда қийин бўлади.

Қамбаржон отанинг (охиратлари обод бўлсин) Наманган шаҳрида ўзига яраша обрў-эътибори, салоҳияти бор эди. Касби савдо ходими бўлиб, маърифатга, маънавиятга меҳру муҳаббати баланд эди. Рафиқаси билан саккиз фарзандни олий маълумотли қилиб, элнинг олди бўлишига эришдилар.

Уларнинг еттинчиси Мастурахон опаси Моҳирахондек врачликни танлади. Ўқишни тамомлаб, дипломли шифокор сифатида иш бошлаганига ҳам мана қирқ йил бўляпти. Ўтган давр мобайнида «Электротерм» корхонаси, аврли газламалар комбинати тиббиёт-санитария қисмларида, узоқ йиллар шаҳардаги собиқ 2-шифохонада ҳалол меҳнат қилди. Вилоятга таниқли нев-ропатолог-врач Абдураҳим Содиқовнинг ишонган шогирдларидан бирига айланди. Айни пайтда шаҳардаги «Жавоҳир СС» хусусий шифохонасида ишлайди.

– Устозим менга ҳар бир бемор билан самимий мулоқотда бўлишни, қўл учида, шунчаки ишламасликни ўргатганлар. Тўғри ташхислашни, касалликни охиригача қунт билан даволашни, ўз устимда тинимсиз изланишни уқтирганлар. Ҳали-ҳануз у кишининг маслаҳатлари, сабоқлари қулоқларим остида жаранглаб туради, – дейди шифокор.

Мастурахон опа билан суҳбатлашаётиб, унинг иш столи четидаги қатор китобларга, орасига қоғоз қистириб қўйилган «Фармокопунктура» деган китобга назаримиз тушади. Демак, опа ўқиб-ўрганишдан эринмайди.

Ҳайрон қоласиз, замона фаровонлашиб, шарт-шароитлар яхшиланиб, ҳар томонда тўкин-сочинлик бўлгани билан касаллар, касалликлар камаймаяпти. Қайси даволаш муассасасига борсангиз – навбатга дуч келасиз. Ким билан суҳбатлашсангиз, саломатлигидан шикоят қилади. «Вой тавба, нима бўляпти ўзи? Дўхтирлар, шифохоналар ортгани сайин носоғлар ҳам кўпайиб кетяптими?» – дея хавотирга тушади одам.

– Моддий ҳаёт ривожланса-да фуқароларимизда тиббий маданият, соғлом турмуш тарзига, тўғри овқатланишга риоя қилиш етарли эмас, – дейди Мастурахон опа. – Кимё саноатининг тараққий этиши ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга, турмушимизга ҳукмини ўтказди. Истеъмол қилаётган егуликларимиз таркиби кимёвий моддаларга тўйинган. Биргина газли ичимликларни олайлик. Ҳеч ким ундан ўзини тия олмаяпти. Бу организм учун муҳим бўлган кальций етишмовчилигига сабаб бўлади.

Ташвишланарлиси, аҳоли ўртасида юрак-қон томир касалликларининг асорати бўлмиш инсульт, бел чурраси тобора «ёшармоқда». Камҳаракатлилик, зиёфатхўрлик, асаббузарликлар ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда, – дея куйиб-пишади шифокоримиз.

– Хастанинг кўнгли нозик бўлади. Врач Мастурахон опанинг ширин муомалалари, камтар ва меҳрибонликлари ҳар қандай беморга хуш ёқади, дардини тез аритади, – дейди муолажа олаётган Юлдузхон Қодирова. – Мен неврит ташхиси билан даволанаяпман. Натижалар жуда яхши. Мастурахон опадан ташқари уқаловчи ҳамшира Моҳирахон опадан ҳам миннатдорман.

Наманган шаҳар соғлиқни сақлаш тизимида ўз ўрнига, нуфузига эга меҳнат фахрийси Мастурахон Акбарова врач-невропатолог касбини шарафлашда қанчалик мартабали бўлса, оила, рўзғор, рафиқалик, оналик мақомида ҳам шунчалик ибратлидир. У зиёли турмуш ўртоғи, ўқитувчи Маъруфжон ака билан паҳлавондай, зукко тўрт ўғилни тарбиялаб, вояга етказиб, ўқитиб, элга қўшишди. Ҳозирча уч келиннинг қайнонаси, саккиз набиранинг бувижониси. Кўз тегмасин, Алпомишдай тўрт ўғлоннинг камолига ҳар қандай одамнинг ҳаваси келади. «Бунча мақтадингиз, биз ҳам билайлик, ўғиллари кимлар экан?» – демоқчимисиз. Бош устига. Тўнғич фарзандлари Муроджон – тадбиркор, Мансуржон она изидан бориб, ундан ҳам ўзиб кетди. У – кардиожарроҳ, Москвадаги Лео Бакерия клиникасида ишлайди. Амалиёт билан бирга илмий тадқиқот ишларини олиб боряпти. Худо хоҳласа, яқинда тиббиёт фанлари доктори бўлади. Она-боланинг телефондаги суҳбатлари ҳам асосан тиббиётга дахлдорлигидан соатлаб чўзиладики, бундан икки томон ҳам зерикмайди. Учинчи ўғил Маъмуржон ҳам тадбиркор. Кенжа Мубошер эса Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳридаги университетлардан бирида таҳсил олиб, эндиликда Намангандаги «Ишонч кредит савдо» марказида ишлаяпти.

Ўз соҳасининг устаси, пири бўлиб кетганларни кўрганда уларнинг иқтидорига тан берамиз. Мастурахон опа ҳақида маълумот тўплаш жараёнида бизда ҳам шу каби фикрлар туғилди: Бундай оқ халатли саломатлик посбонлари жисмнинг ҳам, руҳнинг ҳам ҳақиқий шифокорларидир. Шундай малҳами жонлар халқимизнинг бахтига омон бўлишсин, асло чарчашмасин.

Рислиқхон МАЖНУНОВА.

Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган сурат.