«ЕРГА МЕҲР БЕРИБ КАМ БЎЛМАДИМ», – ДЕЙДИ МАМНУНИЯТ БИЛАН ФЕРМЕР ИЛҲОМЖОН ЗИЁВИДДИНОВ
- Пахта терими авж паллага кирган ҳозирги кунларда фермерлар билан хотиржам суҳбатлашиш маҳол. Бултур бир илғор фермер хўжалиги фаолиятидан мақола қилиш учун даласига борган эдик, «Ишлагани қўясизларми-йўқми, эртадан кечгача сизларга мақтаниб ўтираверсам, мани ишларимни ким қилади?!», дея ярим ҳазил-ярим чин оҳангда иддао қилди, фермер.
Суҳбат асносида маълум бўлишича, ўша куни телевидениедан боришибди- узоқдан камерани ишга солиб, радиодан боришибди – чақалоқнинг кафтчасидек диктофонни даҳанига бақамти қилиб, марказий газеталардан бирининг мухбири борибди – блокнотининг «астари»ни ағдариб... Хуллас, кунботар тарафда эрталабда пайдо бўлган қора булутлар кўнглини ғаш қилиб турган фермер тушликкача мухбирлар билан «ўралашиб», эндигина улардан «қутулиб» турган пайтга бориб қолган эканмиз.
Шу «сабоқдан» келиб чиқиб, биз бу сафар «Навбаҳор намунаси» фермер хўжалигига тонг чоғи йўл олдик. Одатда, фермерлар эрта тонгда теримчиларни эгатларга «тараб» ва режа бўйича бошқа кундалик ишларни йўлга қўйиб, кейин нонуштага ўтиришади, ўша пайтда кайфиятлари яхши бўлади – шуни ҳисобга олдик.
Нафақат Наманган тумани, балки вилоятда ҳам йиллар давомида номига муносиб намуна бўлиб келаётган «Навбаҳор намунаси» хўжалигининг раҳбари Илҳомжон Зиёвиддинов икки марта Биринчи Президент Ислом Каримов ва бир марта Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашиш, уларнинг эътироф ва ишончга йўғрилган суҳбатларидан баҳрамандлик шарафига муяссар бўлган.
Эрталабки мусаффо ҳавода пахтазор ва пишган ўт-ўланларнинг ўзига хос ифорли ҳиди атрофни тутган йўлдан хўжаликнинг дала шийпонига кириб борганимизда офтоб эндигина олисдаги тераклар «деворидан» мўралаётган эди. Эътиборимизни тортган ва ишимиз ўнгидан келишидан нишона берган илк манзара дала шийпони бўлди. Маълумки, фермерлик ҳаракатининг дастлабки йилларида аксарият фермерлар турли важ-карсонлар билан шийпонларни бузиб ташлади. Янгисини қурганлар-қурди, қурмаганлар муҳрини чўнтакка солиб юрибди. «Навбаҳор намунаси»нинг эса қарийб ярим асрлик басавлат чинорлар қуршовидаги шийпони эскириб кетган бўлишига қарамай ҳамон деҳқоннинг иккинчи уйи сифатида маконга файз бағишлаб турибди.
Илҳомжон, тахмин қилганимиздек, ишларни тақсимлаб, шийпонда ёлғиз ўзи қолган, бироқ пайдар-пай телефонда гаплашаётганига қараганда нонушта қилишга ҳам вақти йўқ, иши тиғизга ўхшайди. Аммо фермер бизни очиқ юз билан кутиб олди. Вақти озлигини билдириш учун фаросатли киши дарров илғаб оладиган ва ранжимайдиган тарзда чинор остидаги стулга таклиф қилди.
«Навбаҳор намунаси» фермер хўжалигида бу йил 88,6 гектар ерда деҳқончилик қилинди, жумладан, 49,5 гектар майдонда пахта ва 39,1 гектар ерда буғдой етиштирилди. Ҳосилдорлик ҳақида сўз бошлашимиз билан «Тўрт йилдан бери пахтадан 50 центнердан камайтирмай ҳосил олаяпмиз ва ҳар йили шартнома режасини 110 фоиздан ўтказиб бажараяпмиз», – деди Илҳомжон.
Хўжалик жорий йилда гектаридан 42 центнердан ҳосил кўтариб, 208 тонна пахта хом ашёси етиштириш бўйича шартнома тузган бўлса, бугунги кунгача 261 тонна пахта териб олиниб, ҳосилдорлик 53 центнер ва режа кўрсаткичи ҳам 125 фоизлик маррага етди. Энг муҳими, бугунгача хўжалик томонидан териб топширилган пахта қабул пунктларида 100 фоиз биринчи навга қабул қилинди. Айни пайтда ҳали далада ҳосил мўл, терим суръати бир маромда давом этаяпти. Фермернинг ишонч билан айтишича, бу йил ҳам ҳосилдорлик 50 центнердан кам бўлмайди.
– Меҳнат ўз вақтида қадрланса, рағбат муносиб бўлса юртдошларимиз меҳнатдан қочмайди, – дейди Илҳомжон. – Биз ҳар йили пахтани четдан ҳашарчи чорламай, доимий аъзоларимиз, маҳалла аҳлининг кучи билан териб оламиз. Ҳар икки-уч кунда, баъзан ҳар куни терилган пахтанинг пули тарози устида ҳисоб-китоб қилинаётгани (кулиб), ўқитувчининг фарзандиман-да, «давомат»нинг 100 фоиз бўлишида муҳим аҳамият касб этаяпти. Масалан, мавсум бошлангандан бери маҳалладан чиққан теримчилардан Ҳадича Шералиева 6 тонна, Кимёхон Шералиева, Маъмура Йўлдошева, Одина Исҳоқова, Малика Усмоновалар 3,5 тоннадан ўтказиб пахта теришди ва шунга яраша даромад олишди.
Дарвоқе, «Навбаҳор намунаси» фермер хўжалигида жорий йилда ғалладан 70 центнердан ҳосил кўтарилиб, эл-юрт дастурхони учун 274 тонна буғдой тўкилди. Шунингдек, 13 қути ипак қурти парваришланиб, ҳар қутидан 55 килограмм ўрнига 68 килограммдан пилла етиштирилиб, бу борадаги 715 килограммлик режа 893 килограммга, яъни 125 фоизга бажарилди.
Пахтани ҳам, ғалла ёки бошқа деҳқончиликларни ҳам йиғиб-териб олиш ўз йўлига. Унгача зироатчиликда экиш-тикиш, парваришлаш деган ҳам меҳнат, ҳам илм ва тажриба талаб этиладиган жараёнлар ҳам борки, ҳосилдорлик ана шундай омилларга ҳам боғлиқ. Фермер Илҳомжон Зиёвиддинов бу борада иш юритувчи Азимжон Зиёвиддинов, механизаторлар Аҳмадали Болтабоев, Абдужаббор Умаров, сувчилар Олимжон Турсунов, Адҳамжон Умаровларнинг ҳалол ва фидойилик билан қилган меҳнатини алоҳида эътироф этди.
Умуман олганда, бугунги кунда фермер хўжалигида пиллакор ва мавсумий ишчилардан ташқари 40 нафардан зиёд киши доимий иш билан таъминланган ва халқимиз ибораси билан айтганда йил-ўн икки ой уларнинг «бош қашигани қўллари тегмайди». Сабаби, тадбиркор фермер, биргина пахта ва ғалланинг ўзи билан чекланиб қолмайди. Масалан, бу йил буғдойдан бўшаган майдоннинг 5 гектарига мош, 2 гектарига қизилча, 12 гектарига сабзавот, 3 гектарига макка ва бошқа озуқа экинлар экилган. Бу экинларнинг ҳаммаси ҳозир пишиб, ўриб йиғиб олишга тайёр бўлиб қолди. Хўжалик аъзолари қиш мавсумига ғамлаш учун бозор-ўчарга бориб юришмайди, ўз меҳнатлари билан етиштирилган сабзавот-у дон-дун аввало ўзларининг рўзғорларига киради. Бу ерда етиштирилган мош эса экспортчи корхоналар орқали дунё бозорига чиқади.
Ташкил топгандан буён пахта ва ғалладан мўл ҳосил олаётган, зироатчиликнинг бошқа турларида миришкор бўлган хўжаликнинг даромади ҳам, моддий техника базаси ҳам шунга яраша бўлади. Илҳомжон Зиёвиддинов бугунги кунда ММТПдан комбайндан бошқа техника олиб ишлатмайди: ҳаммаси ўзида бор. РТ-150, ТТЗ-100-LS, МТЗ-80 русумли занжирли, чопиқ, транспорт тракторлари, 2 та прицеп, чигит ва буғдой экиш, ўғитлаш техникалари беминнат хизмат қилиб турибди. Бундан ташқари даромадлар ҳисобидан дала шийпонини таъмирлашга ҳам киришилгани кўриниб турибди.
Шунингдек, Илҳомжон ҳам заминдор, ҳам халқ депутатлари Наманган тумани Кенгашининг депутати сифатида маҳалла-кўйдаги кам таъминланган оилалар, беморлар аҳволидан хабар олишни, эҳтиёжмандларга имкон қадар ёрдам қўлини узатишни ҳам унутмайди. Миннатли бўлиб қолмасин деган ўйда исмларини айтишни лозим кўрмаган икки талабанинг олти ойлик ўқув-контракт пулини тўлаб берганлигини ўзиданмас, бошқалардан эшитдик.
Илҳомжон ўзи асли ўқитувчининг фарзанди. Отаси – раҳматли Салоҳиддин домла бир умр Навбаҳор қишлоғидаги 30-умумтаълим мактабида ижтимоий-сиёсий фанлардан ёшларга сабоқ берган.
– Ўзбек ота-оналари фарзандларига жуда ҳам меҳрибон бўлиб, ўнта бўлса ўрни бошқа дея, бирортасини бағридан узоққа жўнатгиси келмайди, – дейди Илҳомжон. – Етти фарзанд бўлишимизга қарамай мен ҳам ана шундай меҳрибонликнинг соясида узоққа кета олмадим. Икки институтни битирдим, илм йўналишида, давлат бошқаруви йўналишида яхши жойларга ишга таклиф қилиндим. Лекин дадам раҳматли мени ўз бағриларидан қўйиб юбормадилар. «Агар дадам шундай қилмаганларида ҳозир камида фан доктори, профессор даражасига етган бўлармидим», – деган армонли ўйлар ҳам қийнаган пайтлар бўлган. Аммо бугун тушуниб етдимки, дадам жуда тўғри йўл тутган эканлар, менинг тақдирим ер билан, деҳқончилик билан экан. Мана ҳозир, ўзимни ҳеч бир профессордан кам деб ҳисобламайман. Ерга меҳр бериб кам бўлмадим.
Дарҳақиқат, дастлаб Фарғона қишлоқ хўжалиги институти, кейин Тошкент Давлат аграр университетида таҳсил кўриб, агроном-олим бўлган Илҳомжон икки нуфузли олий ўқув юртида олган билимларини бевосита далада амалиётда қўллаш бахтига муяссар бўлган инсон сифатида ўзини жуда бахтли ҳис қилаётганлиги самимий сўзларидан кўриниб турибди. У ўтган давр мобайнида Наманган туманидаги «Навбаҳор» акционерлик жамиятида химизатор, ёшлар ташкилоти етакчиси, агроном, бош агроном, бошқарув раиси, ММТП раҳбари каби тажриба ва раҳбарлик мактаби йўлларини босиб ўтди ва барибир ер меҳри уни ўзига тортаверди.
Шу билан бир қаторда у зиёли оиланинг давомчиси сифатида фарзандлари келажагини ҳам муносиб белгилаб берган: тўнғич ўғли Акмалжон Россиянинг Саранск шаҳрида тиббиёт институтида таҳсил олаётган бўлса, қизи Муқаддас Наманган Давлат университетининг инглиз тили факультетида, яна бир ўғли Анасхон махсус мактаб-интернатда ўқимоқда.
Суҳбатимиз шу ерга етганида Илҳомжоннинг телефони жиринглаб қолди. Четроққа ўтиб икки дақиқача гаплашиб келган фермер, биздан хижолатомуз узр сўради: «Мухбир ака, узр, буғдой экаётган эдик, техникамиз бузилиб қолибди, ҳозир ўзим бориб муаммони тез ҳал қилмасам, иш орқага сурилиб кетади...».
Акрамжон САТТОРОВ.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган сурат.