November 16, 2019

УН ВА ҚОЛИПЛИ НОН ХАРИДИ УЧУН КОМПЕНСАЦИЯ МИҚДОРИ ҚАНЧА?

  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун тўланаётган пул компенсацияси қуйидаги миқдорларда белгиланди:

- ёшга доир ва ногиронлиги бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, 16 ёшгача бўлган ногирон болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа, шунингдек, белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг миқдоридан кам пенсия олувчи ҳар бир пенсия олувчига бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси - 50 минг сўм;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан икки ёшгача бўлган болалар парвариши учун тайинланган нафақа ёки моддий ёрдам олувчи оилага бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси - 50 минг сўм.
2019 йил 1 октябрдан бошлаб 14 ёшгача бўлган болалари учун тайинланган нафақани олувчи оилаларга ҳамда белгиланган энг кам ёшга доир пенсия миқдорида пенсия олувчиларга ҳам 50 минг сўм миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси жорий этилиб, бунинг ҳисобига уларнинг ижтимоий ҳимоясига қаратилган маблағлар миқдори 50 минг сўмга кўпайди. Вилоятимиз бўйича октябрь ойи тўлов ведомостларига компенсация пули олувчи 126031 нафар фуқарога 22300 сўмдан чиқарилган бўлиб, қўшимча равишда 27700 сўмдан компенсация пули тўлов ведомостлари орқали фуқароларга етказилди.
Амалдаги тартиб бўйича ёшга доир пенсиянинг тўлиқ миқдори (436150 сўм)дан кам миқдорда ёшга доир ва ногиронлик пенсияси олувчиларга ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун пул компенсацияси тўланар эди. Янги тартиб бўйича эса, 2019 йилнинг 1 октябридан ёшга доир пенсиянинг тўлиқ миқдори (436150 сўм)да ёшга доир ва ногиронлик пенсияси олувчиларга ҳам ушбу компенсация пули тўлаш жорий қилинди. Вилоятимиз бўйича 6 641 нафар ана шундай пенсия олувчиларга қўшимча равишда жорий қилинган компенсация пули жорий йилнинг ноябрь ойи тўлов ведомостларига 100 минг сўм (октябрь ойи учун 50 минг сўм, ноябрь ойи учун 50 минг сўм) миқдорида киритилиб, ўз эгаларига етказиш учун халқ банкига юборилди.
Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан ушбу пул компенсацияларини ўз эгаларига тўлиқ етказилганлиги юзасидан жойларда мониторинг ишлари ўтказиб келинмоқда.
Ҳусниддин ДАДАБОЕВ, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бош мутахассиси.