БЕЛЬГИЯ ИНВЕСТОРЛАРИ ВИЛОЯТИМИЗДА ЧИҚИНДИЛАРДАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ ЙЎЛГА ҚЎЯДИ
- Вилоятимизда чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш мажмуасини қуришни режалаштираётган Бельгиянинг BRAG (Belgian Renewable Energy Group) компанияси вакиллари 11 октябрь куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан қабул қилинди.
BRAG компанияси президенти Йохан Вос, технологиялар бўйича директори Геерт Тиммерманс ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқалар бўйича маслаҳатчи Жин де Брабанде томонидан тақдим этилган бу йирик лойиҳа Наманган шаҳри ва яқин туманлардаги маиший ҳамда саноат чиқиндиларини қайта ишлаб, электр энергияси олиш ҳамда бу аснода қўшимча қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўзда тутади. Ушбу қурилиши режалаштирилаётган қайта ишлаш корхонаси эски чиқинди полигонларидаги чиқиндилардан ҳам фойдаланиб, полигонларни тоза ҳудудга айлантириши кўзда тутилгани алоҳида таъкидланди.
Испаниянинг Барселона ҳамда Бельгиянинг Антверпен шаҳарларида BRAG компаниясига оид ана шундай мажмуалар фаолият олиб бораётганини маълум қилган меҳмонлар Наманган вилояти вакилларини ана шу корхоналарга ташриф буюриб, иш жараёни билан яқиндан танишишга таклиф қилишди.
Лойиҳани бошлаш учун талаб этиладиган босқичлар ҳақида батафсил маълумот берган бельгиялик ишбилармонлар келгуси ҳафтада келишув имзолашга тайёр эканликларини билдирдилар.
BRAG компанияси вакиллари томонидан ушбу лойиҳани давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилиши борасида ҳам так-лиф билдирилди.
Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Дилёр Ҳакимовнинг Наманган вилоятига европалик ҳамкорларни жалб этишдаги ҳамда вилоят иқтисодий салоҳиятини Бельгия, Нидерландия ва Люксембург инвесторларига танитишдаги роли учрашувда алоҳида қайд этилди.
Учрашувда Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.