November 22, 2019

БЕЛАРУСЬ – ЎЗБЕКИСТОН ҚЎШМА ТАРМОҚЛАРАРО АМАЛИЙ ТЕХНИК КВАЛИФИКАЦИЯЛАР ИНСТИТУТИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

  • “Тошкент шаҳрида Беларусь – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳрида Беларусь – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти ташкил этилди.

Халқаро таълим стандартларига мувофиқ, республика саноат тармоқларининг энг муҳим илмий-ишлаб чиқариш масалаларини ҳал эта оладиган юқори малакали муҳандис-техник кадрларни тайёрлаш институтнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Институт Ўзбекистон резиденти бўлиб, юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклидаги олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Институтдаги таълим тегишли тартибда тасдиқланган таълим дастурлари бўйича рус тилида амалга оширилади, институтнинг таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.

Шунингдек, қарорга мувофиқ институт битирувчиларига таълим якунлари бўйича Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Беларусь миллий техника университетининг олий таълим тўғрисида белгиланган намунадаги дипломи берилади.

Институтнинг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилари Ўзбекистон таълим муассасалари ва ташкилотларида камида уч йил ишлаб бериш шарти билан ишга тақсимланади.