УММОН КОМПАНИЯСИ НАМАНГАНДА ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАШ ТЕХНОЛОГИК МАРКАЗИ ОЧАДИ
- Уммоннинг «Atyap Investments» компаниялар гуруҳига қарашли «Atyap Foodtech» фирмаси бош директори Моҳиб Аҳмад Наманганда бўлди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг ва Моҳиб Аҳмад билан мулоқотида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизнинг 18 та хорижий давлатдаги элчиларини, инвесторларни жалб қилиш бўйича Наманганга бириктирилгани вилоят ижтимоий-иқтисодий, табиий-географик ресурсларидан унумли фойдаланиш орқали иқтисодий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этаётгани, шунингдек, Уммон султонлиги билан ҳамкорликда ҳам кўплаб лойиҳалар устида иш олиб борилаётгани қайд этилди.
Учрашувда йирик лабораторияга эга бўлган ва халқаро миқёсда тан олинган Уммон компанияси томонидан Наманганда халқаро стандартлаштириш технологик марказини ташкил этиш бўйича таклиф этилаётган лойиҳа муҳокама қилинди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда озиқ-овқат саноати маҳсулотларини жаҳон стандартлари асосида лабораториядан ўтказиш, халқаро стандартларга мослаштириш ва сертификатлашга ихтисослашиши кўзда тутилган бу технологик марказ, вилоят экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди.
– Ушбу технологик марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё давлатлари учун хизмат кўрсатади, – деди Моҳиб Аҳмад. – Бу ерда минтақадаги бош марказни ташкил қиламиз, бошқа ҳудудларда эса ушбу марказнинг филиалларини очамиз. Вилоят қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини жаҳон стандартларига мослаш билан бирга янги лойиҳаларни амалга оширамиз. Жумладан, «Atyap Investments» компаниялар гуруҳи қишлоқ хўжалиги, паррандачилик, озиқ-овқат саноати соҳасида ҳам Наманганга инвестиция киритишга тайёр.
Учрашувда вилоят раҳбари ва хорижлик ишбилармон томонидан соҳа мутахассислари иштирокида лойиҳанинг ҳар икки томон учун манфаатли томонлари ўзаро кенг муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати