May 26, 2020

Наманган шаҳрида “Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари” ташкил этилади.

Бугунги кунда миллий қонунчилик базасининг сифат жиҳатдан юқори даражага кўтариш, қонун устуворлигини таъминлаш ва энг муҳими меҳнат жамоаларида қонунчиликни мунтазам равишда тарғиб қилиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва бу орқали жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш жараёнида давлат органи ва ташкилоти фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида ташкил қилинадиган юридик хизматнинг аҳамияти беқиёсдир.

Кун сайин жамият билан бирга турли кўринишдаги ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарур бўлган ижтимоий муносабатларнинг ривожланиб бориши, давлат ҳокимияти ва бошқарувида юридик хизматнинг ўрни ва аҳамиятини тобора ортишини, бу эса ўз навбатида юридик хизмат соҳасини такомиллаштириш заруратини тақозо этмоқда.

Дарҳақиқат, куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши юридик хизмат соҳасини такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди.

Фармон билан давлат органлари ва ташкилотларига сифатли юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Наманган шаҳри ва Қарши туманида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказларини ташкил этиш белгиланди.

Шунингдек, Фармонга кўра мазкур марказлар бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилиб, тегишли ташкилотда қонун ҳужжатлари билан юридик хизматларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади.

Бунда энг аввало, давлат органи ва ташкилотида ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш, ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бориш, қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлаш масалаларида уларнинг тузилмалари ишини мувофиқлаштириш, ходимларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва аҳамиятини, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали етказишда иштирок этиш, шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, давлат органи ва ташкилотининг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш юридик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланиди.

Шунингдек, Наманган шаҳри ва Қарши туманларида жорий қилинаётган эксперимент натижалари асосида 2021 йил 1 январга қадар ушбу тизимни республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этиш режалаштирилган.

Алоҳида таъкидлаш керакки, жорий этилаётган бундай янги тартиб юридик хизмат ходимларининг ўзи хизмат кўрсатаётган давлат органи ва ташкилотининг раҳбариятига бўйсунув ва қарамликдан холис қилиб, қонун доирасида эркин фаолият юритишига мустаҳкам замин яратиб, қонун бузилишлари, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширувчи мустаҳкам тизимга айланишига хизмат қилади.

Зеро, юридик хизмат ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган ташкилотда, албатта, барча ишлар қонун талаблари асосида олиб борилади ва қонунийлик мустаҳкамланади.

ОРИФЖОН ИБРАҲИМОВ,

Наманган вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси.