February 14, 2020

"Ҳар бир ўқувчи, ходим ўз устида мунтазам ишлаши шарт". Юридик коллеж масъуллари билан учрашув.

Жорий йилнинг 13 февраль куни Наманган вилоят адлия бошқармаси биносида бошқарма бошлиғи ва Юридик коллеж масъуллари иштирокида ўқитиш сифатини ошириш, янги методларни жорий этиш, ўқувчиларга таълим бериш жараёнида хорижий тажрибаларни кенг қўллаш, айниқса юридик коллеж фаолиятида коррупцияга қарши муросасиз курашиш ва олдини олишга бағишланган навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирни Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Хайрулло Сабиров Исмоилович очиб берар экан, ҳар бир ўқувчи, ходим ўз устида мунтазам ишлаши лозимлигини, эскича фикрлаш орқали улкан натижаларга эришиб бўлмаслигини таъкидлади ҳамда ўқувчиларни суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда сифатли малака ошириш, стажировка ўташ масалаларига тўхталиб ўтди ва "Яхши ўқувчи билан натижага эришган ўқитувчи эмас, балки, хулқ борасида наъмунали бўлмаган ўқувчини ўзгартира олган ва у билан яхши натижаларга эришган ўқитувчи ҳақиқий устоздир",-дея қўшимча қилди.

Тадбир давомида масъулларга коррупцияга қарши курашиш, уни олдини олишга қаратилган видеоролик намойиш этилди.

Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи томонидан коллеж масъулларига келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар берилди.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими